The Telegraph: 'Марҳум туркманбошининг машҳур ҳайкали қайта тикланиш арафасида'

Image caption Марҳум Туркманбошининг ҳайкали янада баландроқ бўлиб қад ростлайдиган кўринади

Британияда чоп этилувчи "Телеграф" газетининг хабар беришича, марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг қуёш ҳаракатига мос айланувчи машҳур зарҳал ҳайкали қайта тикланиш арафасида.

Туркманистон жаноб Ниёзовнинг довруғи анча-мунча ерга кетган ҳайкалини яна 6 метрча баландроқ қилиб кўтариш учунгина уни олиб ташлаган кўринади, деб ёзади газета.

Тепасида марҳум президентнинг 12 метрлик ҳайкали ўрнатилган 70 метрлик "Нейтралитет арки" 1998 йилда қад ростлаганди.

Собиқ туркманбошининг юзига доимо қуёш тегиб туриши учун эса, ҳайкал кун давомида айланиб турадиган қилиб қурилганди.

Ўтган йил август ойида Туркманистон ҳайкални бузишга киришганида, бу - Сапармурот Ниёзов даврида Туркманистонда авжига чиққан шахсга сиғинишнинг барҳам топгани нишонаси сифатида кўрилганди, деб давом этади газета.

Аммо мақоладан аён бўлишича, ўтган ҳафта янги ҳайкалнинг бетондан қилинган улкан асоси қуриб битказилган ва кранларнинг фақат зарҳал ҳайкални қайтиб ўрнатишлари қолган, холос.

"Телеграф"нинг ҳайкал қад ростлаётган сатҳ қўриқчисидан иқтибос келтиришича, арк остида фавворалар отилиб туради, тепасида эса, ресторан фаолият юритади.

2006 йилда Туркманбошининг кутилмаган ўлими ортидан қудратга келган Гурбангули Бердимуҳаммедов унинг шахсига сиғиниш ҳолларига жуда секинлик билан барҳам бермоқда. Фақат ўтган ойга келибгина жаноб Ниёзов қаламига мансуб ва "муқаддас" деб саналган "Руҳнома" китоби бўйича жорий этилган мажбурий имтиҳонларни бекор қилди, холос, деб ёзади газета.

Ашхободда бўлиб қайтган "Телеграф" мухбирининг ўз йўлбошловчисидан иқтибос келтиришича, "туркман ҳукумати вазирликлар, музейлар ва осмонўпар меҳмонхоналар жойлашган Берзенги туманини пойтахтнинг янги замонавий марказига айлантирмоқчи".

"Берзенги шаҳар марказининг бошқа ҳудудлари билан солиштирганда, бироз юқорида жойлашган. Шу сабабдан ҳам, "Нейтралитет арки" ҳамма томондан кўриниб туради," деб сўзларига якун ясаган йўлбошловчи мақолада келтирилган иқтибосида.

Аммо "Телеграф" мухбирига кўра, ҳайкалнинг президентлик саройи жойлашган ҳудуддан бошқа ерга кўчирилиши президент Бердимуҳаммедовни марҳум туркманбошининг рамзий ҳозирлигидан ҳам халос этади.

Мақоладан аён бўлишича, "Нейтралитет арки"ни қайта тиклаш ишлари ўтган йил охирларида бошланган ва шу йил якунида ниҳоя топади.