Июн низоларидан жабр кўрган Ўшда ҳам руҳий ёрдам маркази очилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ўтган июн ойидаги қонли миллий низолардан энг кўп жабр кўрган Қирғизистоннинг жанубий Ўш шаҳрида жабрдийдаларга руҳий ёрдам кўрсатувчи марказ очилди.

Руҳий муолажага муҳтож маҳаллий аҳолига Қирғизистон Соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари тиббий кўмак кўрсатишлари айтилмоқда.

Ўш шаҳар касалхонасида жойлашган марказ Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Россия Федерациясининг кўмаги билан иш бошлаган.

Маҳаллий масъулларга кўра, реабилитация маркази лозим бўлган барча тиббий ускуналар билан таъминланган. Марказ ихтиёрига иккита автомашина ҳам берилган.

Тиббиёт ходимлари эса, махсус тайёргарлик курсларидан ўтишган ва ҳозирнинг ўзидаёқ малакали ёрдам кўрсатишга тайёрлар.

Масъулларга кўра, руҳий мададга муҳтож, аммо ишонч марказига келишга имкони бўлмаганлар учун махсус кўчма гуруҳ ҳам тузилган.

Гуруҳ вилоят шаҳар ва қишлоқларига бориб, руҳий саломатлиги зиён чеккан инсонларга ўша ернинг ўзида ёрдам беради.

Ўтган ҳафта Қирғизистоннинг жанубий Жалол-Обод шаҳрида ҳам миллий низо жабрдийдалари учун шундай марказ очилганди.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу каби инсонларнинг ҳануз тиббий ва руҳий муолажага муҳтож эканликларини айтишади.

Мутахассислар лозим шарт-шароитлар бўлмагани боис, жабрдийдаларга ўз вақтида руҳий ёрдам кўрсатилмагани боис уларнинг аҳволлари анча ёмонлашганини ҳам тан олишади.

Шифокорлар ўз ҳузурларига руҳий ёрдам истаб келаётган инсонларнинг ҳалиям бўлиб ўтган ҳодисалардан ваҳимада эканликларини таъкидлашади.

Зўравонликлар чоғида мол-мулкларидан айрилиб, уйлари ёқиб юборилган одамларнинг ҳам озмунча эмасликлари айтилади.

Яқинда июн воқеалари юзасидан ўз текширувлари натижасини эълон қилган халқаро мустақил тергов ҳайъати эса, низолар чоғида хотин-қизларнинг жинсий зўрланганликлари, одамларнинг тириклайин ёқиб юборилганликлари ҳоллари ҳақида сўз юритганди.

Қирғизистон жанубида ўтган июн ойида юз берган қонли миллий низоларда расман 470 кишининг қурбон бўлгани, икки мингдан ортиқроғининг яралангани, минглаб уй-жой ва бинолар вайрон этилгани айтилади.

Халқаро ҳисоботларда зўравонликлардан жабр кўрганларнинг аксарияти маҳаллий ўзбеклар экани алоҳида урғуланади.

Биз Ўшдаги июн низолари жабрдийдаларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш пункти раҳбари Иззатулла Раҳматуллаевдан бу каби марказларга қанчалик эҳтиёж бор деб сўрадик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди