Тожикистонда соқоллилар ва ҳижоблилар нега камаймоқда?

Тожикистон Бош қонунига кўра, мамлакатда яшаётган ҳар бир киши ўз истагига кўра кийина олади.

Аслида амалда ҳам Тожикистонда кийиниш ва қандай қиёфада юриш бирмунча эркин.

Лекин кейинги йилларда бу борада чекловлар ҳам кўзга ташланмоқда.

Масалан, Тожикистон Маориф вазирлиги қарорига кўра, умумтаълим мактаблари ва олий ўқув юртларида ўқиётган қизлар ўқишга ҳижобда ё исломий рўмол ўраб келишлари мумкин эмас.

Энди эса, талаба йигитларнинг соқоли озгина ўсган бўлса-да, дарсдан чиқариб юбориш ҳоллари юз бераётир.

Айни пайтда кўча ва бозорларда соқол қўйган ёш йигитларни милиция бўлимларига олиб бориб, сўроққа тутиш ҳоллари кўпайган.

Кузатувчилар фикрича, исломий либосларда юриш ва соқол қўйишга тазйиқлар ўтган йил сентябрида Хўжандда худкуш ҳужумчи содир этган портлаш ва Раштда ҳарбийлар тушган машиналарга қуролли ҳужумдан сўнг кучайган.

Бунга эса, исломий фарз ва суннатларини адо этаётган кишиларга ноқонуний ҳизб ва гуруҳлар аъзолари ёки экстремист ҳамда террорчилар сифатида қараш кучайганлиги сабаб бўлаётир, дейишади тожикистонлик кузатувчилар.

"Мен ўзимга ярашадиганини кияман"

Мен ҳозир Хўжанднинг марказий кўчаларидан бирида турибман. Ёнимдан у тараф- бу тарафга ўтаётган кишиларнинг кийинишлари, кўринишлари турлича. Этаги узун кўйлак кийган аёллар ортидан тиззага етар-етмас юбка кийган қизлар ўтишади. Ёзда ҳам галстук таққан кишилар ортидан кетиб бораётган соқолли йигит кўзга ташланади. Бир чеккада бири ҳижобда, иккинчисининг сочи калта қирқилган икки ёш аёл суҳбатлашиб турибди.

Йўлдан ўтиб бораётган йигирма ёшлардаги қиз ўзини Зебо деб таништирар экан, Хўжанддаги олий ўқув юртларидан бирида ўқишини айтди:

"Аслида менга қандай кийиниш, оврўпочами ё миллий кийинишнинг унча фарқи йўқ. Агар кийган кийими инсонга ярашиб турса, унинг қандай усулда тикилгани аҳамиятли эмас. Айрим кишилар фақат миллий кийинишимиз, ўзлигимиздан узоққа кетмаслигимиз зарур дейишади. Лекин масалан қиш фаслида фақат миллий кийим билан юриш қийин. Мен кўпроқ оврўпоча кийимлар кияман , лекин калта, одамни ярим яланғоч қилиб кўрсатадиган кийимларни эмас. Мен Шарқ одобига мос, ярашиқли кийимлар кияман," дейди Зебо.

Мен эса, соқоли бироз ўсган, эгнида енги калта оқ кўйлак, бўйнида галстук боғлаган йигит билан гаплашаман.

Унинг айтишича, ташқи кўриниши ё кийган кийими учун ҳеч ким бирон ерда тўхтатмаган, қизиқмаган. Лекин соқол қўйган йигитларни ушлаб олиб кетиб, сўроққа тутишларини эшитган.

"Кийиниш ўзига хос маданият. Шундай экан, маданият зўрлаб ўтказилмайди. Соқол қўйганлик, соч ўстирганлик, бошқалардан фарқ қиладиган даражада кийинганлиги учун жавобгарликка тортилмайди, деб ўйлайман," дейди олий ўқув юртларидан бирида ишлашини айтган галстукли бу йигит.

"Гап соқолдами ё билимда?"

"Менга ҳеч ким соқол қўй демаган, мен ўзим соқол ўстирганман," дейди йигирма беш ёшлардаги йигит ёнидан ўтаётган кишиларнинг ўзига бироз ғалати қарашганини сезиб:

"Соқол эркак кишининг кўрки. Мен вояга етган йигит соқол қўйиши зарур, деб ўйлайман. Менга соқол қўйиш ёқади. Шу пайтгача соқол қўйганим учун кўча-кўйда ҳеч ким менга қаттиқ гапирган эмас. Нега соқол қўйгансан деб сўрашмаган. Лекин маориф вазирлиги қарорига кўра, соқол қўйиб ўқишга боришим мумкин эмас. Бу қарорга кўра талаба ўқишга соқолини қириб ва галстук тақиб бориши керак," дейди у сўзларида давом этаркан.

Ўзини Абдуқодир Исмоил деб таништирган бу йигитнинг айтишича, вазирлик қарори унга маъқул эмас:

"Чунки, менимча, талаба яхши билим олиши ва ўзи танлаган ихтисосини яхши эгаллаши зарур. Мен маориф вазирлиги ва олий ўқув юртлари раҳбарлари талабанинг ташқи кўринишига эътибор бермасдан, уларнинг ички дунёсига аҳамият беришлари керак, деб ўйлайман. Мен олий ўқув юртларида талабанинг ташқи кўриниши биринчи даражали саналишига ҳеч ҳам рози бўлмайман. Чунки кўпчилик талабалар устозлар дарсдан ҳайдаб юборишларидан чўчиб, галстук тақиб боришади, кийинишади," дейди у яна.

"Рўмолингни ечасан, кейин синфга кирасан!"

Тожикистон Ислом Уйғониш фирқаси Суғд вилояти бўлими раҳбарларининг айтишларича, айниқса, янги ўқув йили бошланган пайтлар ота-оналар қизларини исломий рўмол ўрагани учун мактабга қўйишмаётганидан шикоят қилишади. Муаллимлар, мактаб директорлари эса, ўзларининг Тожикистон Маориф вазирлиги тасдиқлаган мактаб кийими ҳақидаги қарор асосида амал қилишларини айтишади.

"Мен ҳамма нарса инсоннинг кўнгли пок, беғубор бўлишида деб биламан," дейди этаги узун, лекин енги калта кўйлак кийган, бош яланг қиз:

"Мен ҳар бир кишининг кўнглида бўлиши керак, деб ўйлайман. Номига соқол қўйиб ё ҳижобга кириб, Ислом динини ниқоб қилиб иш кўрадиган одамлар йўқ, дейсиз-ми!" дея сўзларида давом этади у.

Қирқ ёшни қоралаб қолган Мақсуда бундан ўн беш йилча олдин ҳижобга кирган экан.

"Баъзан шундай ёнгинамда ё орқадан, "Ана, монашка кетяпти, монашканинг ўралиб олганини қаранглар"га ўхшаган учирма, қочиримларни эшитаман. "Монашка" деганлари бу насронийлар орасида мавжуд бўлган роҳибалар. Биз - ҳижобли аёлларни роҳибаларга тенглаштирганлари аввалига бироз алам қиларди. Лекин бора-бора бунга парво қилмай кетдим. Ярим яланғоч юрган бу аёлларнинг гуноҳлари ўзларига, дедим," дея билдирмайгина хўрсинади Мақсуда ердан кўз узмасдан.

"Ҳижоб билан юришда бизда, Худога шукр, менинг ўзим учун ҳеч қандай қийинчилик йўқ. Лекин бошқаларга тазйиқ қилганликларини кўрганман. Ёз кунларида баъзилар бундай ҳолатда исиб кетмаяпсизми, дейишади. Ҳозирги иссиқдан кўра бизга жаҳаннам оташи неча миллион марта даҳшатлироқ," дейди Мақсуда.

"Инсон жамиятдан ташқарида яшай олмайди"

"Ҳеч бир инсон жамиятдан ташқарида яшай олмайди. Шундай экан, инсон аввало ўзини, сўнгра атрофидаги одамларни ҳурмат қилишни ўргана олиши зарур," дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Низомиддин Бегматов:

"Бош қонунга асосан ҳар бир фуқаро кийиниш тарзида эркинликка эга. Ҳуқуқ меъёрларида оддий фуқаролар учун чекланган ҳолатлар йўқ. Масалан, сен костюм кийиб юргин, сен дўппи кийиб юргин ё сен соқол қўйиб юр ё олиб юр, деган ҳуқуқий меъёрлар йўқ. Фақат ахлоқ меъёрларига тўғри келмайдиган жиҳатлар бор. Яна давлат томонидан фақат давлат хизматчиларига, мактаблар учун тасдиқланган тарзда кийиниш тавсия этилади. Ахлоқ жиҳатидан соқол қўйиш, соч ўстириш маданияти бор. Бунинг акси бўлса,. оддий бир инсоннинг жиғига тегиш, ҳиссиётига тегиш ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин. Масалан, сиз озода кийиниб, галстук тақиб, жамоатчилик жойларига чиқсангизу лекин у ерда ифлос, кир-чир, соқоли ўсиқ, сочи тўзиган одам кўринса, бу сизнинг дам олиш нафсониятингизга тегади," дея сўзларида давом этади у.

Низомиддин Бегматовнинг айтишича кейинги пайтларда унга соқол қўйгани учун тазйиққа олинаётгани борасида мурожаат этаётган йигитлар сони кўпайган:

"Масжидга борган ёш йигитлар ҳуқуқ-тартибот мақомоти ходимлари томонидан қўлга олиниб, уларга соқолларингни олиб ташланглар, дея психологик тазйиқ ўтказилган. Мен у йигитларга ҳеч кимнинг бундай қилишга ҳаққи йўқлигини тушунтирганман," дейди у яна.

Тожикистоннинг турли шаҳар-қишлоқларига борсангиз, тожикистонликларнинг бир-биридан ўта фарқли ҳолда кийинишини кўрасиз.

Агар Исфара туманида паранжи-чачвонли аёлларни, Мастчоҳ туманида узун соқолли йигитларни тез-тез учратсангиз, фақат Душанбе ёки Хўжандда эмас, балки мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам калта шим, калта юбка кийган йигит-қизларни кўрасиз.

Лекин кузатувчилар фикрича, атиги бир йил олдингига қараганда, соқол қўйган ёш йигитлар сони анчагина камайган. Бунга эса, ўтган йил кузида Хўжанддаги милиция бўлими ҳовлисида худкуш ҳужумчи содир этган портлаш, Раштдаги қуролли тўқнашувлардан сўнг бу воқеаларда исломий жангарилар қўли бор, деб кўрилганлиги сабаб бўлган.

Бу воқеалардан сўнг ҳукумат хорижда Ислом динидан таълим олаётган болалар ва ёшларни қайтариб кела бошлади.

Айни бир пайтда Абу Ҳанафия мазҳабидан ўзгача ибодат қилаётган, соқол қўйган йигитларни ҳам баъзан орқаворотдан, кўпинча ҳуқуқ-тартибот идораларига олиб бориб текширишлар кўпайди, дейишади кузатувчилар.