Амнести Интернейшнл: Қирғизистонда адолат қарор топмаса, янги зўравонликлар бошланиб кетиши мумкин

Зўравонликлардан сўнг Ўш Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption 4 кун давом этган зўравонликларда минглаб уй-жойлар ёндирилган ва вайрон этилган

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Халқаро Амнести ташкилоти ўтган йил Қирғизистон жанубида юз берган қонли воқеалар бўйича адолат қарор топмаса, янги зўравонликлар бошланиб кетиши эҳтимолидан огоҳлантирган.

Қирғизистон жанубида қонли миллий низолар юз берганига бир йил тўлиши муносабати билан чиқарган ҳисоботида халқаро ташкилот қирғиз ҳукуматини қотилликлар, жинсий зўрлаш ва қийноқлар бўйича кенг кўламли текширувлар олиб боришга ва жавобгарларни жазога тортишга ундайди.

Ўтган йилнинг июн ойида асосан Ўш ва Жалол-Обод шаҳарларида этник ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида кечган тўрт кунлик қонли тўқнашувларда 470 га яқин киши қурбон бўлган, юзлаб инсонлар тан жароҳати олган ҳамда минглаб уйлар вайрон этилган.

'Ҳамон адолатни кутмоқда'

Халқаро Амнести ташкилотининг "Ҳамон адолатни кутмоқда" деб номланган ҳисоботида Қирғизистон ҳукуматидан бир йил олдин айнан нималар содир бўлгани борасида "ҳақиқатни тиклаш ва минглаб жабрдийлар ҳамда уларнинг оиласи учун адолатни қарор топтириш" сўралади.

"Зўравонликлар ортида турганлар жавобгарликка тортилмаслиги келажакдаги бўҳронлар ва инсон ҳуқуқлари поймол этилиш ҳоллари учун уруғ қадайди", дейди ташкилотнинг Оврўпо ва Марказий Осиё дастури бўйича директори Никола Дакворс.

Халқаро Амнести ташкилоти чиқарган ҳисоботда ҳар икки томон ҳам жиддий жабр кўргани, аммо жабрдийдаларнинг 75 фоизини ўзбеклар ташкил этиши айтилади. Ташкилотга кўра, ёндирилган ва вайрон этилган уйларнинг 90 фоизи ўзбекларга тегишли бўлган.

"Ҳукумат жабрланганга тавон тўлаш ва қийноқлар бўйича айбловларни қайта кўриб чиқишга ваъда бериб, баъзи ижобий қадамларни қўйган эса-да, улар зўравонликлар чоғи ва ундан кейин юз берган инсон ҳуқуқлари топталиши билан боғлиқ узундан-узун рўйхат устида ишлашлари керак", дея қўшимча қилади Никола Дакворс.

Унга кўра, бу Қирғизистондаги барча этник гуруҳлар ишончини қайта тиклаш учун ўта муҳимдир.

Шу билан бирга ташкилотга кўра, жинсий зўрлаш ҳоллари аввал ҳисобланганидан кўра кўпроқ бўлиши мумкин ва жабрланганларнинг аксари ўзбек аёллари ва қизларидир. Халқаро Амнести ҳисоботида Қирғизистон хавфсизлик кучлари ҳодисалар кейинги қидирув амалиётларида ҳаддан зиёд куч қўллашгани ва маҳбусларни қийноққа солишгани ё-да, уларга нисбатан номақбул муносабатда бўлганлари қайд этилади.

Айни пайтда ташкилот хулосаларига кўра, ҳодисалар ортидан ҳукумат бошлаган текширувлар жараёнида ҳам асосан этник ўзбеклар нишонга олинган.

Қирғиз ҳакамлари бир умрлик қамоқ жазоси берган 27 кишининг барчаси ўзбеклар жамоаси аъзоларидир.

Ўтган ой Қирғизистон жанубида юз берган қонли воқеаларни ўрганган халқаро ҳайъат ўз хулосаларини эълон қилган ва 11-13 июн кунлари Ўш шаҳрининг айрим маҳаллаларида уюштирилган муайян ҳужумларни инсониятга қарши жиноят сирасига киритиш мумкинлигини айтганди.

Халқаро Амнести ташкилоти қирғиз ҳукуматини халқаро ҳайъат тавсияларини бажаришга чақиради.

Аммо, Қирғизистон расмийлари халқаро комиссия ҳисоботини нохолис дея рад этишган. Қирғиз парламенти аъзолари бунинг ортидан халқаро комиссия раиси Киммо Килюненни мамлакатга киришини тақиқлаш юзасидан овоз берган.