Қирғизистон ўз фуқаролари Ўзбекистондан депортация қилингани борасида тушунтириш сўрамоқда

Хабарларга кўра, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Тошкентга нота йўллаб, 30 нафар фуқаросининг Ўзбекистондан чиқариб юборилиши юзасидан тушунтириш беришни сўраган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги консуллик хизматидан Алмаз Имангазиевнинг матбуотга айтишича, қирғиз тарафи бу одамлар ўз оилаларидан ажратилганлиги учун депортация сабабларини билишни истайди.

Унинг сўзларига кўра, 30 нафар Қирғизистон фуқароси 10-20 йилдан бери ўзбекистонликлар билан турмуш қуриб, икки мамлакат ўртасидаги чегара ҳудудида яшаб келишаётган бўлган.

Қирғизистондаги мухбиримизга кўра, улар Ўзбекистонда яшаш учун зарур рухсатномалари бўлмаганлиги учун бундан бир ой олдин мамлакатдан чиқариб юборилган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги консуллик хизматидан Алмаз Имангазиевнинг айтишича, ҳозир ушбу аёллар Қирғизистон жанубида яшаб туришибди.

Айни пайтда Имангазиев жаноблари ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати олган қарор ортидаги сабаблар қоронғу қолаётганини билдирган.

"Ўзбекистон ички қонунларини мустаҳкамлаган ва шу боис, хориж фуқароларини депортация қилиш юзасидан қарор олган бўлиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, биз оилаларни қайта бирлаштириш учун барча имкониятларни ишга соламиз", деб айтган "КирТАГ" агентлигига гапирган Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги консуллик хизмати раҳбари.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотаси 12 май куни йўлланган ва ушбу саволни ечишга ёрдам бериш сўралган.