Роберт Блэйк: "Қирғизистон ҳукумати зўравонликлар олдини олиши зарур"

Роберт Блэйк ўзбек қочқинлари даврасида
Image caption Роберт Блэйк хақларо комиссия хулосаларини қўллаб-қувватлашини айтади

Қирғизистон жанубида юз берган этник зўравонликларга роппа-роса бир йил тўлмоқда.

Тўрт кеча-кундуз давом этган қон тўкишлар, талон-тарож ва ўт қўйишлар натижасида 400 дан ортиқ инсон ҳалок бўлди, минглаб одам жароҳат олди, кўплаб маҳаллалар вайрон этилди ва юз минглаб инсонлар ўз уй-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишди.

Ташқи дунё инқироз миқёси ва суръатидан ларзага келганди.

Минтақага биринчилардан бўлиб сафар қилганлардан бири Америка Давлат котибининг ёрдамчиси Роберт Блэйк эди.

Жаноб Блэйк Ўзбекистон чегара ҳудудларида қирғизистонлик қочқинлар учун шошилинч тарзда барпо этилган жамлоқларга сафар қилди.

Қирғизистон Қўшма Штатлар учун унинг Афғонистондаги амалиётарида стратегик аҳаммиятга эга.

Би-би-си Роберт Блэйк билан суҳбатлашиб, аввалига ундан бир йил муқаддам Фарғона водийсига қилган сафаридан нималар ёдида қолганини сўради?

Блэйк: Ўтган июн тўқнашувларидан кейин мен дарҳол Ўзбекистон ва Қирғизистонга сафар қилдим. Бир ой ўтиб мен яна Қирғизистоннинг Бишкек ва кўплаб зўравонликлар юз берган Ўш шаҳарларига бордим. Биринчи сафарим чоғида ўша пайтда Ўзбекистонга ўтган кўплаб қочқинлар билан учрашганим эсимда бор. Уларнинг деярли ҳаммаси аёллар эди. Чунки эркакларнинг кўпи ўз мол-мулкларини ҳимоя қилиш учун орқада қолишганди. Бу аёллар ўзлари ва яқинлари бошидан кечган юракни эзувчи зўравонликларни сўзлаб беришди. Орадан бир ой ўтиб Ўшга борганимда ўша зўравонликлар оқибатларини ўз кўзим билан кўриш имконига эга бўлдим. Менимча, 400 дан ортиқ одам ўлдирилган ва яна кўплар жароҳат олган, 400 минг одам ўз уй-жойларини ташлаб чиқишган, Ўш ва Жалолободда кўплаб уйлар ва дўконлар ё бузилган ёда қаттик шикаст еганди. Орадан бир йил ўтиб ортга қарар эканман мен Қирғизистон халқи ва ҳукуматининг мамлакатни қайта қуриш ва қайта бирлаштириш сари ташлаган қадамларидан руҳланганимни айтиб ўтишим керак. Ўтган йил биз Қирғизистоннинг конституциявий референдум ўтказгани, тинч ва рақобатли парламент сайловлари ташкил этганини кўрдик. Биз учун энг муҳими уларнинг ҳаммаси зўравонликлар юзасидан бошлатилган халқаро текширувларда ҳамкорлик қилишгани ва халқаро ҳисоботни Қирғизистон ичкарисида нашр этишга изн беришгани бўлди.

Би-би-си: Келинг, сиз айтган халқаро ҳисоботга тўхталсак. Сиз, илк навбатда, Қирғизистон ҳукуматидан халқаро ҳисобот тавсияларини эътироф этишни сўрадингиз. Аммо, мазкур ҳисобот Қирғизистонда кўплаб сиёсатчилар томонидан кескин қораланди. Қўшма Штатлар ҳисоботда билдирилган аниқ хулоса ва тавсияларни дастаклайдими? Чунки, уларнинг баъзилари ниҳоятда зиддиятли. Мисол учун, ўзбек тили мақомини кучайтириш, миллий озчиликлар вакилларига ҳукумат ва полицияда кўпроқ жой ажратиш ва ҳоказолар.

Блэйк: Умуман олганда биз ҳисоботни қўллаб-қувватлаймиз. Муайян тавсияларга изоҳ бермоқчи эмасман, аммо, менинг ўйлашимча, халқаро текширув баъзи муҳим муаммоларга чин кўнгил билан эътибор қаратишга ҳаракат қилган. Мен, шунингдек, қирғиз ҳукумати ҳам - илк навбатда мазкур текширувда ҳамкорлик қилгани ва, аввалроқ айтганимдай, текширув натижаларини Қирғизистон ичкарисида чоп этишга рухсат бергани учун - таҳсинга лойиқ, деб ўйлайман. Бундай ҳамкорлик ўхшаш шароитлар учун анча ноодатийдир. Мен, шунингдек, қирғиз ҳукумати мисол учун, адлия тизими, ҳакамларни танлаб олиш жараёнини яхшилаш каби мазкур ҳисоботда кўтарилган кўплаб масалаларга эътибор қаратиш зарурлигини тушунади, деб ўйлайман. Аммо, айтиб ўтишим шарт, айни дамда биз баъзи маҳбусларга бўлган муносабатдан чуқур хавотирдамиз ва буни қирғиз ҳукуматидаги дўстларимиз билан бўлган кўплаб учрашувларимиз пайтида кўтарганмиз. Биз инсон ҳақларининг ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бузилиши ҳоллари тўхтатилиши ва изчил текширилиши жуда муҳимлигини таъкидлаганмиз. Бу масала учрашувларимизнинг муҳим мавзуси бўлиб қолмоқда. Шу ҳафта охирида мен Қирғизистон Ташқи ишлар вазири билан юқори даражада музокара ўтказаман. Унда ҳам инсон ҳақлари масаласига катта жой ажратилади.

Би-би-си: Яна ҳисоботга қайтсак. Халқаро ҳисоботи чиқишидан кўп ўтмай Қирғизистон парламенти ҳисобот муаллифи финландиялик дипломатни мамлакатда персона нон грата, яъни кириши таъқиқланган шахс, дея эълон қилди. Сиз, баъзи кузатувчилар айтмоқчи, Қирғизистондаги бундан миллатчиликдан хавотирдамизсиз?

Блэйк: Биз хавотирдамиз, албатта. Менимча, профессор Килюнен барча муаммоларга жиддийроқ қараш ва қўрқувни имкон қадар аритиш учун чин кўнгилдан ҳаракат қилди. У ва ҳисоботни тайёрлашда иштирок этган одамлар айни масалалар бўйича ҳақиқий мутахассислардир. Мен қирғиз ҳукумати учун ушбу ҳисоботга жиддий қараш, масъулиятли бўлиш ва адолатни қарор топтиришда қўшимча одимларни ташлаш жуда муҳим, деб ўйлайман. Аммо, энг муҳими қирғиз ҳукумати мусолаҳани ташвиқ этиши ва зўравонликларнинг такрорланишини бартараф этиши зарур. Чунки, биз ўтган июнда юз берган энг ёмон зўравонликларнинг бир йиллиги арафасида турибмиз.