Қирғизистон жанубида қонли миллий низоларнинг бир йиллиги хотирланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Июн воқеаларининг бир йиллиги муносабати билан Қирғизистоннинг жанубий Ўш шаҳрида бўлиб ўтган маросимда сўзларкан, Қирғизистон президенти юз берган ҳодисалардан сабоқ чиқарилиши лозимлигини айтган.

Ўтинбоева хоним Ўш шаҳрида "Оналар кўз ёши" ёдгорлигининг очилиш тантаналарида ҳам иштирок этган.

"Биз келажакда ўтган йилги воқеаларнинг такрорланмаслигига умид қилиб қоламиз," деган қирғиз раҳбари.

Ўтинбоева хоним одамларни бир-бирларини айблашдан тийилишга чақириб, уларни бирдамликка ундаган.

Аммо маросим ортидан, ўнлаб норози кайфиятдаги қирғизлар шаҳар майдонига йиғилишган.

Улар орадан бир йил ўтса-да, бедарак кетган яқинларининг ҳануз топилмаганидан шикоят этишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Июн воқеалари юзасидан чиқарилган айрим маҳкама ҳукмларидан ўз норозиликларини изҳор этишган.

Ўш шаҳрида бўлган мухбиримизга кўра, майдонда бирор бир зўравон хатти-ҳаракатлар кузатилмаган.

Ўтган йилнинг 10 июн куни келиб чиққан ва тўрт кун давом этган миллий низоларга саҳна бўлган Қирғизистон жанубида бугун расман мотам куни деб эълон қилинган.

Айни муносабат билан турли йиғинлар, таъзия маросимлари ва қурбонлар хотирасини ёд этишга қаратилган ҳар хил тадбирлар уюштириш режаланган.

Давлат байроқлари пастга туширилган, барча кўнгилочар тадбирлар ман қилинган. Спиртли ичимликлар ичиш тақиқланган.

Президент Ўтинбоевадан ташқари, Қирғизистон Бош вазири, парламент Олий кенгаши спикери, бошқа юқори мартабали мулозимлар ва дипломатик идоралар вакиллари ҳам Қирғизистон жанубига ташриф буюришган.

Минтақадаги вазият

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўшда бўлган мухбиримизга кўра, сўнгги кунларда хавфсизлик чоралари янада кучайтирилган, шаҳарда катта сондаги милиция ва хавфсизлик кучларининг ҳозирликлари кўзга ташланади. Шаҳар ичкариси ва ташқарисида кўплаб назорат нуқталари ташкил этилган.

Қирғизистон Мудофаа вазирлиги эса, кеча Қирғизистон жанубида оммавий ғалаёнлар ва тўқнашувлар келиб чиққан тақдирда, хавфсизлик кучларининг ўточар қуроллардан фойдаланишларига изн берилганини маълум қилганди.

Мухбиримизга кўра, бугун Ўшда бозору дўконлар, идоралар ва ўқув юртлари очиқ. Транспорт воситалари ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Аммо кўчаларда одамлар сийрак, ўзим суҳбатлашган инсонлар эса, ўтган йилги ҳодисаларнинг такрорланишидан хавотирда эдилар, дейди Ўшдаги мухбиримиз Тўлқинбек Турдибоев.

Қирғизистон Чегара қўшинлари қўмондонлиги эса, Ўзбекистон, Хитой ва Тожикистон билан жанубий чегараларида чегарачилар сони оширилганини билдирган.

Ўтган йилги қонли миллий низолар юзлаб инсонларнинг умрларига зомин бўлган, минглаб кишилар тан жароҳати олишган ва кўплаб уй-жойу бинолар вайрон бўлганди.