Қозоғистон Исломий озиқ-овқат ҳавзасини тузиш ташаббуси билан чиқди

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Ислом дунёсида озиқ-овқат таъминотини кафолатлаш ва тақчиллигининг олдини олиш учун мусулмон давлатлари орасида махсус ҳавза тузишни таклиф қилди.

Жаноб Назарбоевга кўра, янги ҳавза Бирлашган Миллатларнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотига ўхшаш бўлади.

Қозоғистон раҳбари, ҳатто, бу ҳавзага ўзлари мезбонлик қилишлари мумкинлигини ҳам баён қилди.

Унга кўра, мамлакатининг озиқ-овқат экспорт қилиш салоҳияти йил сайин кучайиб бормоқда.

Дунёдаги энг йирик ғалла экспортерларидан бири бўлган Қозоғистон бу йил 57 давлат аъзо Исломий Конференция ташкилотига раисликни қабул қилиб олади.

Президент Назарбоевнинг таклиф этишича, озиқ-овқат таъминотини яхшилашга қаратилган тизим айнан ана шу ташкилот чаҳорчўбида ишлаб чиқилиши лозим.

Қозоғистон президенти бунга қўшимча ўлароқ Саудия Арабистонида жойлашган Исломий Тараққиёт Банкини ўз ичига олувчи минтақавий жамғарма тузиш ғоясини ҳам ўртага ташлади.

Ўтган йили табиий офатлар сабаб Россия ва бошқа ғалла экспорт қилувчи давлатларда буғдой ҳосилининг яхши бўлмагани дунё бўйлаб озиқ-овқат нархларига таъсир этмай қўймаганди.

Бу каби ҳолат қатор араб давлатларида кузатилаётган норозилик чиқишларига ундаган омиллардан бири бўлди.

Халқ ғалаёнлари Миср ва Тунисда президентларнинг қудратдан кетишлари билан якунланди.

Қозоғистон бу йил ҳам четга олти миллион тонна ва ҳатто, ундан ҳам ортиқроқ ғалла сотишни кўзлаяпти.

Бундан ташқари, ўзининг гўшт саноатига ётирим киритишни кучайтириб, 2016 йилгача мол гўшти экспортини 60.000 тоннага етказмоқчи.

Кетма-кет таклифларининг сўнггисида эса, жаноб Назарбоев сармоя имкониятларини кучайтириш учун мусулмон давлатларининг ривожланган ўнлигини ташкил этиш ғоясини ҳам илгари сурди.

Қозоғистон президентининг урғулашича, мусулмон давлатлари орасида илмий ва технологик инновациялар соҳасида чуқур ҳамкорликка эҳтиёж бордир.

Ушбу гуруҳга кирувчи давлатларнинг имкониятлари қудратли молиявий ҳавза яратишга бемалол имкон беради, деб айтди жаноб Назарбоев.

Сўнгги йилларда дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотлари қийматининг изчил равишда ошиб бораётгани кузатилади.

Жаҳоннинг бир қатор йирик халқаро молиявий ташкилотлари эса, бу каби ҳолат Марказий Осиё давлатларида ҳам миллионлаб кишиларни ночорлик гирдобига ташлаши мумкинлиги билан огоҳлантиришганди.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, президент Назарбоев ҳар хил иттифоқлар тузиш таклифи билан биринчи бор чиқаётгани йўқ.

Қозоғистон раҳбари бундан бир неча йил бурун Марказий Осиё Иттифоқи тузиш ғояси билан чиққанди.

Аммо унинг бу ташаббуси барча минтақа давлатлари томонидан бирдек маъқулланмаганди.

Биз Ўзбекистондан Машварат, маслаҳат консалтинг компаниясининг таъсисчиси Анвар Ҳусаинов билан боғланиб, Қозоғистон президентининг таклифлари қанчалик реал, деб сўрадик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди