Муҳожират ҳаёти: Ўшлик қочқинларнинг бугунги кунига бир назар

Муҳожирлик қирғизистонликларга шундоқ ҳам ёт эмасди.

Йилларки, юз минглаб қирғизистонликлар бугун яқин ва узоқ хорижда, асосан, Россияда меҳнат муҳожирлигида бандлар.

Аммо 2010 йилги миллий низоларга қадар одамлар ночорлик сабаб муҳожирликка отланишарди.

Чунки Қирғизистон Марказий Осиёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири саналади.

Миллий тўқнашувлар ортидан эса, тазйиқ ва таъқиблардан қочиб, минглаб кишилар Қирғизистон жанубини тарк этишмоқда.

Улардан аксарияти ўзбеклардир. Борар манзиллари эса, асосан Россия ва Туркия.

35 ёшли Фарида ана шундай қочқинлардан бири. Қирғин пайтида уйи ёниб, кул бўлган. Ўзи эса, 6 ёшли қизалоғи билан амал-тақал қилиб Россияга қочган. Йўл-йўлакай қизалоғининг қўлоғидаги зирагигача сотишга мажбур бўлган. Ҳозир Москвада яшайди.

Фарида бир йиллик муҳожирлик ҳаёти ортидан ҳам, берган қароридан афсусда эмаслигини айтади:

“Ўшда ҳозир ҳам ҳаёт яхши эмас. Болаларимизнинг келажаги бўлмаган жойда яшашнинг ҳам ҳожати йўқ-да!” – дейди у.

Фариданинг айтишича, бир йил ичида ҳаёти оз бўлса-да, ўнгланган. Бир рус хонадонига уй хизматчиси бўлиб ишга кирган.

У уй соҳиблари ўзларидан ёрдамларини ҳеч ҳам дариғ тутмасликларини алоҳида урғулайди:

“Ўриснинг иймони йўқ, инсофи бор, деб айтишгани рост экан. Инсофи бор одамлар экан, мана, қўллаб-қувватлашди. Қизимни уч ойга санаторийга ётқизишга ёрдам беришди. Оилам билан яшашим учун тўрт хонали уйларини бериб қўйишган. Фақат уй юмушларини қиламан. Хизмат ҳақига кунига 1.000 рублдан беришади. Кийим-кечакларимизни ҳам ўзлари олиб беришади. Кўпроқ “продукта” олишса, бизга ҳам илинишади,” дейди у.

Фарида ишлаб топган пулини яккаю ёлғиз қизининг ўқишига сарфлаётганини айтади:

“Одамнинг маълумоти бўлмаса, бу дунёда ҳеч ким эмас экан. Қизим ўқиб, Худо хоҳласа, нонини бутун қилиб олса, бўлди, марра меники. Агар, ишонсангиз, ҳозир уй-жой қилишни ҳам ўйлаётганим йўқ,” дея ўз ниятларини изҳор этади Фарида.

Қонли июн низолари ортидан қанча одам Қирғизистон жанубини тарк этгани борасида аниқ рақамлар йўқ.

Масъулларнинг маълумотларга қаралса, ўтган йилнинг биргина июн ва сентябр ойлари оралиғида Ўшни 40 минг киши тарк этган.

Аммо маҳаллий кузатувчилар, журналистлар ва халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилотлари ҳақиқий рақамлар бундан анча кўплигини таъкидлашади.

Суҳбатдошим Фарида эса, июн воқеалари ортидан оиласидагиларнинг ҳаммаси ҳар ёққа сочилиб кетгани, Ўшда фақат 82 ёшли кекса онаси қолганини айтади.

“Онам билан телефон орқали хабарлашиб тураман. Озроқ пул орттирсам, кунига ярар, деб Ўшга юбораман. Онам ҳаёт кечириш қийинлашиб кетганидан нолийдилар. Ўзбекистондан ҳеч нарса чиқмай қўйгани, нарх-наволар ошиб кетганидан шикоят этадилар,” дейди Фарида менга.

Фариданинг айтишича, ён-атрофларида ҳам июн низоларидан кейин қочиб келган қирғизистонликлар озмунча эмас.

“Уларнинг сони росаям кўп. Свердловск, Самара,..Ноябрский томонларга кетганлар ҳам бор,” дейди у.

Ўшда қолган саноқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса, бугунга келиб Ўзбеклар яшайдиган бутунбошли кўчалар ҳувиллаб қолганини айтишади.

Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар эса, асосан тижорат билан шуғулланиб келишган.

Дўкон, нонвойхона, турли кичик корхоналарини юритиб, шунинг орқасидан даромад қилишган.

Ўтган июн ойидаги қонли тўқнашувлар чоғида уларнинг аксариятига ўт қўйилган ва вайрон этилган.

Қирғизистонлик масъулларга кўра, миллий низолар оқибатида мамлакат жанубида 20.000 дан ортиқ иш ўринлари йўқотилган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари таъқибларнинг устига устак тижоратларининг ҳам издан чиққан ўзбеклар учун яшашни деярли имконсиз қилиб қўйганини таъкидлашади.

Суҳбатимиз давом этаркан, орада Фарида менга Россия паспортини олишга ҳам муваффақ бўлганини айтади.

Мен эса, ундан қачондир Қирғизистонга қайтиш ниятингиз борми, деб сўрайман.

Фарида Қирғизистонга қайтиб бормаслигини, ҳатто, бу ҳақда ўйлаб кўрмаганлигини ҳам айтади.

У, “Отасининг киндик қони Андижоннинг Асакасида тўкилгани, вақти келиб, ўзи ҳам ўша ерда кичкинагина бўлса ҳам, бир уй тиклаб олиш ниятида” эканини таъкидлайди.

Фариданинг айтишича, ака-укалари ҳам шунга қарор қилишган.

“Ака-укаларим Подмосковьедан бўлса ҳам, шу ерлардан эплаб уй оламиз, дейишади. Аммо иложи бўлса кейинроқ менга ўхшаб Ўзбекистондан ҳовли оламиз, деган ниятлари ҳам йўқ эмас,” дейди Фарида.

Суҳбатдошимнинг энг сўнггида айтишича, буёғини энди Худо кўрсатади...