Остонада Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг юбилей саммити бўлиб ўтди

Қозоғистон пойтахти Остонада Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити бўлиб ўтди.

Ташкилотга аъзо 6 давлат раҳбарлари ёпиқ эшиклар ортида Қозоғистон раислик қилган бир йил давомида қилинган ишларни сарҳисоб қилишди.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити ҳақида фотолавҳа

Саммитдаги чиқишида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов замонавий дунёдаги нотинчликлар манзарасида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг аҳамияти ошиб боришини таъкидлади.

Аммо араб давлатларидаги қўзғолонлар ва давлат тўнтаришлари ҳақида тўғридан-тўғри бирор гап айтмади.

Аммо халқ норозилигига бевосита таъсир қилган халқнинг ижтимоий шароити ҳақида гапирди.

“Аминманки, ШҲТнинг кейинги мувафаққиятли ривожланиши биринчи навбатда, минтақа аҳолиси фаровонлигининг барқарор ўсишини таъминлаш борасида реал, аниқ ва амалий натижаларга эришишга қаратилган мақсадимизга боғлиқ. Минтақадаги халқлар бизнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларимиз меваларини татиб кўрган тақдирларидагина, ШҲТ ташкилот сифатида янада жозибадор бўлади”, деб айтди президент Каримов.

Одатда, халқаро миқёсдаги чиқишларида жаноб Каримов терроризм ва экстремизмга қарши курашишини урғулаб келарди.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти учун инсон ҳуқуқлари устувор масала эмас

Остонадаги саммитда эса, Ўзбекистон раҳбари халқнинг фаровонлиги каби масалани ҳам кўтарди.

Бошқа чиқишлар

Россия президенти ўз чиқишида ШҲТ халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида давлатларнинг ҳолати тўғрисидаги лойиҳани БМТ муҳокамасига тақдим этажагини маълум қилган.

Медведов жанобларига кўра, ушбу ташаббус ўта муҳим ва қийин муаммони ечишда ташкилотнинг умумий кайфиятини акс эттира олади.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев россиялик ва хитойлик ҳамкасбларининг бу борадаги таклифларини қўллаб, электрон чегара, электрон суверенитет атамалари киритилишини таъкидлади.

“Халқаро ҳуқуққа электрон чегара, электрон суверенитет каби янги атамаларни киритиш вақти келди. Биз россиялик ва хитойлик дўстларимизнинг муҳим ишларини қўллаб-қувватлашимиз ва ШҲТнинг ушбу йўналиш бўйича ягона позициясини ишлаб чиқишимиз керак”, деб айтди Нурсултон Назарбоев.

Кузатувчиларга кўра, мана шу каби баёнотлар Яқин Шарқда рўй берган оммавий намойишларда катализатор вазифасини бажарган интернетдан хавфсирашни англатади ва ташкилотга аъзо давлатлар уни назорат қилишда якдиллигини билдиради.

Миллий низолар масаласи

Президент Назарбоев томонидан саммит давомида бир неча ташаббуслар билдирилди.

Шулардан бири - миллий низоларни ҳал этишда ҳамжиҳатликда ва уюшган ҳолда ҳаракат қилиш таклифи Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева томонидан маъқуллаш оҳангида қабул қилинди.

Роза Ўтинбоева ўтган йили Қирғизистон жанубида юз берган этник низоларда ШҲТнинг жуда суст ўрин тутганини таъкидлаб ўтди.

Бундан ташқари, Назарбоев жаноблари минтақада ўта долзарб бўлган сув масаласини ечишда фаол ҳаракат қилишга чақирган.

Миллий низоларни бартараф этишда муҳим роль ўйнаш каби гаплар ҳозирча фақатгина таклиф бўлиб турибди.

Бу борада ҳали бирор режа ёки йўналиш ишлаб чиқилгани йўқ.

Кузатувчилар ШҲТ минтақадаги асосий ўйинчилардан бўлмиш Хитой томонидан минтақага таъсир доирасини ўтказиш учун тузилган ташкилот эканлигини таъкидлашади.

Яна бир катта ўйинчи Россияда ШҲТдан ташқари Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти, МДҲ, Божхона Иттифоқи каби минтақа давлатларига таъсир ўтказа оладиган воситалар борлигини айтишади.

ШҲТ эса, айнан Хитой ташаббуси билан ва бевосита унинг фаоллиги остида мавжуд бўлиб турибди.

Кузатувчиларга кўра, Хитой ташқи сиёсати узоқ йилларни қамраб олишга қаратилган ва шунинг учун миллий низолар ёки халқ намойишларида мамлакатнинг ички ишига аралашишда Хитой томони шошма-шошарликни эп кўрмаслиги айтилади.

Афғонистон

Афғонистон масаласи кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлди, дейиш мумкин.

Ташкилотга аъзо давлат раҳбарлари ўз нутқларида Афғонистонга доир қарашларини билдириб ўтишди.

Жумладан, Афғонистон билан чегарадош Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Афғонистондаги низолар фақатгина ноҳарбий йўллар билан ечим топиши мумкинлигини урғулади.

“Бизнинг қатъий қарашларимизга кўра, мамлакатидаги муаммони афғон халқининг ўзи ҳал қилиши керак. Қарши томонлар ўртасида фақатгина муроса йўлини танлаш, ушбу жараёнга афғон халқини жалб қилиш ва Афғонистонда жаҳон ҳамжамияти ёрдамида ижтимоий, иқтисодий тикланишни йўлга қўйиш орқалигина Афғонистон кириб қолган боши берк кўчадан чиқиш мумкин”, деб айтди Каримов жаноблари.

Қирғизистон президенти Роза Ўтинбоева, ўз навбатида, Марказий Осиё давлатларига Афғонистондан жангариларнинг кириб келиш эҳтимоли сақланиб қолаётгани ва уни бартараф этиш учун Афғонистон билан чегаралар бўйлаб хавфсизлик белбоғини ташкил қилишни таклиф қилган. Ва бундай белбоғни яратишда Хитойнинг кўмаги асқотишини таъкидлаган.

Сафарбарлик

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай Ғарб кучларининг 2014 йилги сафарбарлиги ортидан ШҲТ га аъзо давлатлар мамлакатидаги хавфсизлик билан боғлиқ масалаларда етакчи ўрин тутишларига умид билдирди.

Ташкилотга аъзо ҳар бир давлат Афғонистонда хавфсизлик таъминланиши кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Аммо ШҲТ томонидан бу борада ҳунуз бирор режа ва йўл ишлаб чиқилмаган.

Ташкилотга аъзо давлатлар ичида фақатгина Қозоғистон Афғонистонга ўзининг ҳарбий мутахассисларини юбориш режасини маълум қилганди.

Бироқ Қозоғистон парламентининг юқори палатаси ушбу қарорни рад этди.

Афғонистон Остонадаги саммитда ташкилотда кузатувчи мақомида бўлиш истагини билдирди.

Ушбу таклифини қўллаб-қувватлагани учун Россия раҳбарига миннатдорчилик изҳор этди.

Иқтисодий ёрдам

ШҲТ доирасида Афғонистонга тўғридан-тўғри сармоя киритилмаган.

Аммо ташкилотга аъзо давлатлар алоҳида, алоҳида бу борада бирмунча ишларни амалга ошира бошлаганлар.

Хитой Афғонистоннинг мис қазиб чиқариш саноатига, Ўзбекистон йўл қурилиши ва робита алоқаларини тиклаш соҳасига сармоя киритган.

Лекин ШҲТ доирасида бирор йирик лойиҳа ҳақида қандайдир режа ишлаб чиқилмаган.

Бугун Остонада ташкилотнинг келаси 10 йиллик режалари қабул қилинган бўлса-да, унда Афғонистонга сармоя киритиш ҳақида бирор гап айтилмайди.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти

Ташкилот 2001 йили Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ҳамкорлигида тузилган.

Ушбу ташкилотга кирган давлатларнинг умумий ер ҳудуди 30 млн км. кв.ни ташкил қилади ва ОврўОсиёнинг 60 % ини эгаллайди.

ШҲТнинг ўзига хослиги шундаки, у НАТО сингари ҳарбий блок хисобланмаса-да, унинг асосий мақсади барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашдир.

Ташкилот Хитой томонидан уч ёвузлик деб юритиладиган терроризм, сепаратизм, экстремизмга қарши туришни ўз олдига мақсад қилиб олган.

Кузатувчилар ШҲТнинг барқарорликни таъминлаш борасида етарли мувафаққиятларга эришмаганини урғулашади.

Ушбу давлатлар ўртасидаги қўлга киритилган иқтисодий ютуқлар икки томонлама ҳамкорлик натижаси эканлигини ва ШҲТ доирасида иқтисодий ҳамкорлик борасида самарадорлик кузатилмаслиги айтилади.

Аммо терроризм, экстремизм ва бўлгинчиликка қарши курашиш борасида ушбу ташкилотга аъзо давлатлар бир-бирини хафа қилмасликка ҳаракат қилиши кузатилган.

Ўтган йил Тошкент саммити арафасида Қозоғистон Ўзбекистон диний экстремизмда айблаган 29 бошпана изловчини ҳибсга олганди.

Бу йил Остона саммити арафасида эса, ушбу бошпана изловчилар Тошкентга топширилди. Хитойга ҳам Қозоғистондан яна бир бошпана изловчи Аршиддин Исроил экстрадиция этилди.

Қозоғистоннинг Қочқинлар тўғрисидаги конвенцияларга амал қилмасдан, бошпана изловчиларни ушбу давлатларга топширилиши ШҲТ доирасида яхши муносабатларни бузмасликка ҳаракат, дея баҳоланмоқда.