Би-би-си ўз мухбирининг зудлик билан озод этилишини талаб қилди

Image caption Ўринбой Усмон ўн йилдан бери Би-би-си мухбири бўлиб ишлаб келади

Мухбири Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олинишига доир Би-би-си баёноти:

Би-би-си ўзининг Тожикистондаги мухбири Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олингани юзасидан чуқур хавотир изҳор этади.

Ўринбой Усмонов Би-би-си Марказий Осиё Хизматида ўн йилдан бери ишлайди. Унинг оиласи Ўринбой Усмонов 13 июн куни ишга кетгани билан уйга қайтмагани ҳақида хабар қилган эди.

14 июн куни унинг оила аъзолари ва ҳамкасбларининг қидирувларидан кейин Ўринбой Усмонов Тожикистон хавфсизлик хизматининг бир неча ходими билан ўз уйида пайдо бўлади. Ўринбой Усмоновнинг оиласига кўра, афтидан, у калтакланган.

Унинг уйи хавфсизлик хизмати зобитлари томонидан тинтув қилинган ва уни яна хавфсизлик ходимлари олиб кетишган.

Шундан бери Ўринбой Усмоновнинг оиласига у билан кўришиш учун рухсат берилмаган.

Би-би-сига маълум бўлишича, Усмонов жаноблари Тожикистонда тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига алоқадорликда айбланмоқда. Ўринбой Усмонов касбий фаолияти давомида Би-би-си учун мамлакатдаги суд жараёнлари ва “Ҳизбут-Таҳрир”нинг фаолиятига доир хабарлар тайёрлаб келган.

Би-би-сида Ўринбой Усмоновнинг “Ҳизбут-Таҳрир”га алоқадор деган даъволарга ишониш учун ҳеч бир асос йўқ.

Би-би-си Усмонов жанобларига нисбатан номақбул муносабат, жумладан, унинг ҳибсдалиги пайти ҳимоячи олиш ҳуқуқи рад этилганини қаттиқ қоралайди.

Би-би-си ўз мухбири Ўринбой Усмонов зудлик билан озод этилишини талаб қилади.

Буюк Британиянинг Тожикистондаги элчихонаси баёноти

Image caption Британия элчихонаси Ўринбой Усмон тақдиридан хавотирда

Биз Би-би-сининг Шимолий Тожикистондаги мухбири Ўринбой Усмоновнинг 14 июн куни “Ҳизбут Таҳрир”га аъзолик гумонлари билан ҳибсга олингани ва унга нисбатан номақбул муносабатда бўлинганига оид хабарлардан хавотирдамиз.

Биз Тожикистон мулозимларидан айни масалага имкон қадар зудлик билан ойдинлик киритишга чақирамиз.

Буюк Британия Оврўпо Иттифоқидаги ҳамкорлари билан бирга Тожикистон мулозимларига мамлакатда матбуот эркинлиги масаласи муҳим эканини урғулайди.

Биз Тожикистон ҳукуматининг мамлакатда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида ҳаракатларини эътироф этамиз ва қўллаб-қувватлаймиз, аммо Тожикистон мулозимлари ўз фаолиятларини халқаро мажбуриятларига мувофиқ равишда олиб бориши лозимлигини таъкидлаймиз.