НАТОнинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси Бишкекка кўчади

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

НАТОнинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик масалалари бўйича вакили энди Бишкекда туриб фаолият олиб боради.

Қирғизистон парламенти ҳукуматнинг бу хусусдаги қарорини расман маъқуллаган.

Аён бўлишича, ваколатхонанинг Остонадаги фаолият муддати ўз ниҳоясига етган.

Шу сабаб, НАТОнинг халқаро котибияти Қирғизистонга вакиллик идорасини Бишкекка кўчириш сўрови билан чиққан.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги иттифоқ таклифини қўллаб-қувватлаган.

Вазирликка кўра, НАТО идорасининг Бишкекка кўчирилиши иттифоққа аъзо давлатлар билан муносабатларига яхши таъсир қилади.

Ҳарбий-техникавий соҳада ҳамкорликни кучайтиришга имкон беради.

Грантлар олиш, турли қўшма лойиҳалар ва дастурлар ишлаб чиқишга замин яратади.

Ҳамма ҳам мамнун эмас

НАТО билан ҳамкорликдан Қирғизистонда барчани ҳам мамнун, деб бўлмайди.

Яқинда Қирғизистондаги қатор ёшлар ташкилотлари бундан ўз норозиликларини изҳор этишганди.

Уларга кўра, бу - Қирғизистоннинг Россия билан муносабатларига салбий таъсир қилиши мумкин.

"Россия - Қирғизистоннинг стратегик ҳамкори саналади. Қирғизистон НАТОга киргудек бўлса, бундан барча қирғизистонликлар, айниқса, Россияда меҳнат қилаётган меҳнат муҳожирлари зиён кўришади," дейишади ёшлар ташкилотлари.

Улар яна Қирғизистон ёқилғи маҳсулотларининг 90 фоизини Россиядан олиши, ўртада қарама-қаршилик вужудга келса, расмий Москва ўзларига қарши иқтисодий чоралар қўллаши мумкинлигига эътибор қаратишади.

Бошқа бирлари эса, Қирғизистоннинг НАТО билан иттифоқчилиги Россия билан яқиндан ҳамкорлик қилувчи Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг ўз чегараларини ёпиб қўйишига олиб келишидан чўчийдилар.

Ёшлар ташкилотларига кўра, Қирғизистон сиёсатчилари халқаро саҳнада хавфли ўйин бошлашган.

Улар ҳукумат оддий халқнинг истагига қулоқ тутиб, НАТО билан муносабатларини кучайтирмаслиги керак, дейишади.

Ёрдам беринг...

Ўтган ой Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева НАТОдан заиф чегаралари ва Афғонистонга яқин ҳудудларидаги қурол-яроғ омборларини ҳимоя этишда ёрдам беришини сўраганди.

Ўтинбоева хоним чегара постларининг техник аҳволига тўхталиб, НАТОдан айни масалада ўз дастакларини аямасликларини илтимос қилганди.

НАТО ҳам Қирғизистоннинг жанубий минтақаларига алоҳида эътибор қаратиб, Қирғизистон Мудофаа вазирлигига қарашли ракета ва замбараклар сақланувчи омборхоналарни жиддий текширувдан ўтказиш ишларида кўмак беришга ҳозир эканлигини билдирганди.

Афғонистондан бошланувчи йирик наркотранзит йўлида жойлашган Қирғизистонда ҳам АҚШ ва ҳам Россиянинг ҳарбий базаси фаолият юритади.

Расмий Москва шу йилнинг март ойида гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши курашга қаратилган уч йиллик дастур доирасида Қирғизистонга бир неча миллион долларга тенг техник ва молиявий ёрдам кўрсатишга ваъда берганди.

Иқтисоди асосан ягона олтин кони ва хориждаги меҳнат муҳожирлари юбораётган маблаққа таяниб қолган Қирғизистонни яқинда бўлиб ўтган сайловлар ортидан Марказий Осиёда илк парламент бошқарувини қарор топтиришга уринаётган омонат коалицион ҳукумат бошқармоқда.