17 июн: Ўринбой Усмоновнинг яқинлари унинг тақдиридан жиддий хавотирдалар

Image caption Ўринбой Усмонов 5 кундан буён Тожикистон шимолидаги қаттиқ тартибли ҳибсхонада сақланмоқда

Беш кундирки ҳибсда қолаётган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновнинг яқинлари унинг тақдиридан жиддий хавотир билдиришмоқда.

Яқинларига кўра, ҳалиям уни кўришга муваффақ бўлишмаган.

Журналистнинг ҳимоячиси бугун ҳам ўзининг ичкарига киришига изн берилмаганини айтган.

Ўринбой Усмонов шу душанба куни Сўғдда ҳибсга олинганди.

Уни "Ҳизбут-Таҳрир" диний ташкилотига алоқадорликда гумон этмоқдалар.

Журналистнинг ҳибсга олинганидан буён Тожикистон шимолидаги қаттиқ тартибли ҳибсхонада сақланаётгани айтилади.

Бехабарлик

Ўринбой Усмоновнинг рафиқасига кўра, фақат олиб бораётган озиқ-овқатларини олиб қолишмоқда.

Аммо турмуш ўртоғининг тақдиридан буткул бехабарлар.

"Қачон бормайлик, турли хил баҳоналар билан масъуллар бизга ҳеч тутқич беришмайди. Ҳар сафар борсак, терговчи қаёққадир кетган дейишади. Нега учрашишга изн берилмаётгани сабабини айтишмайди," дейди Малоҳат Абдуазимова биз билан суҳбатда.

Бугун Ўринбой Усмоновга янги кийим ва озиқ-овқат бергани хавфсизлик қўмитаси идорасига боришганида тасодифан терговчи Саймуддин Саидов билан учрашиб қолишганини айтади журналистнинг турмуш ўртоғи.

"Мен терговчидан эрим билан кўришгани рухсат берасизми деб сўрадим, ялиндим. У эса "мани вақтим йўқ сизларга! Ман ҳеч нарсани ҳал қилмайман. Манда ҳам бошлиқ бор!" деб жеркиб берди. Мен эримнинг саломат эканлигини билишга ҳаққим бор, уни кўрсатинг дедим. У эса сансираган ҳолда " Сан КГБга дўқ қиладиган бўлдингми, ҳали?!" деди. Кейин адвокатга телефон қилиб, "буларни йиғиштир, бошимни оғритмасин, бўлмаса протокол қилиб уларни ҳам қамаб қўяман" , дебди".

Яқинлари бир неча ой бурун қанд касаллигига чалингани аниқланган 60 ёшли Ўринбой Усмоновнинг соғлиғидан ҳам ташвишдалар.

"Шундоқ ҳам икки ойдан бери касал эдилар. Бир ой шифохонада ҳам ётиб чиққандилар. Зўрға юрардилар. Бошларидан анча аввал олган жароҳатлари ҳам безовта қилаётганди," дейди унинг аёли.

Малоҳат опанинг айтишича, сўнгги бор эрини уйлари тинтув қилинган сешанба куни кўрган. Турмуш ўртоғи ўзини руҳан ва жисмонан анча олдириб қўйгандек туюлган.

"Ўша кеч туз ҳам татимаганликлари, қуруқ туҳматга қолганликларини айтдилар. Буёғига одам бўлмасам керак, деб, рози-ризолик тиладилар," дейди унинг турмуш ўртоғи.

"Кеча ич кийимларини алмаштириш учун беришганди. Уйга олиб келиб қарасам, афтидан уларни чала ювишган ва шунда ҳам қон излари билиниб қолгандай... Ўринбой акани қийнашаётган бўлса керак. Ўтган душанба куни қаттиқ калтаклаб қийнашгани аниқ сезилиб турар эди".

Ҳайронлик

Малоҳат опа тинтув чоғида уйларидан фақат "Тарихи Муҳаммадия", Маҳмуд Юсуфнинг муқовасида номи араб имлосида битилган шеърий китобчаси ва "Ҳизбут-Таҳрир"га қарши чоп этилган бир китобча чиққанлигини таъкидлайди.

Унинг айтишича, масъуллар томонидан таклиф этилган гувоҳлар ҳам бунга шоҳид бўлишган.

"Аммо негадир кейин Ўринбой Усмоновнинг уйидан варақа чиқибди, китоб чиқибди, деган гап тарқатишибди," дея ўз ҳайронлигини изҳор этади у.

"Бир кун эшигимизнинг тагига кимдир варақа ташлаб кетган экан, мени ўқишга ҳам қўймай, бор, ёқиб ташла, деб уришиб бердилар. Қандай қилиб шундай қилган одам "Ҳизбут-Таҳрир"нинг аъзоси бўлади," дейди Малоҳат опа.

Би-би-си ҳам ўзининг махсус баёнотида Ўринбой Усмоновнинг “Ҳизбут-Таҳрир”га алоқадор деган даъволарга ишониш учун ҳеч бир асос йўқлигини урғулаган.

Ўринбой Усмонов ўз касбий фаолияти давомида Би-би-си учун мамлакатдаги суд жараёнлари ва “Ҳизбут-Таҳрир”нинг фаолиятига доир хабарлар тайёрлаб келган.

Ҳимоячи

Аён бўлишича, бугун журналист билан учрашишга уринган ҳимоячиси Файзинисо Воҳидова ҳам уч ярим соат кутиб, яна терговчи билан кўришолмаган.

Воҳидова хонимга терговчининг Мастчоҳ туманига кетганини айтиб, ичкарига киришига изн беришмаган.

Бугун "Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилоти Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олиниши юзасидан ўз хавотирларини билдирган.

16 июн куни АҚШда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси юз берган ҳодисани қоралаб, журналистни зудлик билан қўйиб юборишни талаб қилганди.

Халқаро қўмитанинг баён қилишича, Ўринбой Усмоновга қарши айбловлар сиёсий ва диний мавзуларни цензура қилишга уринишдан бошқа нарса эмас.

Аввалроқ АҚШ ва Оврўпо ҳам Би-би-си мухбирининг ҳибсга олинишидан ташвишда эканликларини айтишганди. Улар ҳам журналистни озод этишга чақиришган.

Бугун журналист Ўринбой Усмоновнинг озод этилиши йўлида интернет орқали имзо тўплаш жараёни ҳам бошланган.