Ўринбой Усмон оиласи Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга мурожаат қилди

Ўринбой Усмон оилавий архивидан олинган сурат

13 июн кундан буён Тожикистон Хавфсизлик қўмитасининг Хўжанд шаҳридани ҳибсхонасида сақланиб, қонуний ҳимоячиси ва яқинлари билан учрашишига изн берилмаётган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоннинг оиласи аъзолари Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга мурожаатнома ёзганлар.

60 ёшли журналист Ўринбой Усмонни Тожикистонда тақиқланган "Ҳизбут-таҳрир" фирқасига аъзолик гумони билан ушлаб туриптилар, ҳатто унинг ҳимоячиси Би-би-си мухбирига қўйилаётган бандлар тафсилотларини шу кунгача билмайди.

Халқаро ташкилотлар журналистнинг ҳибсга олиниши ва тутқунликда ушлаб турилишида Тожикистон қонунчилигига нақадар риоя этилаётганини савол остига олдилар.

"Дадамиз бугун қамоқхонада. Биз ҳозиргача уни нима учун ҳибсга олишганини билмаймиз. Уйимизни нима учун тинтишганини тушунмаймиз. Нима учун дадам билан бизга ҳам адвокатга ҳам кўришиш учун рухсат берилмаётганига ақлимиз етмайди", дейилади Ўринбой Усмон оиласи аъзоларининг Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга мурожаатида.

"Дадамиз олтмиш ёшли Ўринбой Усмон бутун умрини ватанимиз Тожикистон равнақи учун бахшида этган зиёлидир. У ҳеч қачон ўз миллати ва мамлакатига ёмонликни соғинмаган. Буни нафақат бизнинг районимиз, балки вилоятдаги юзлаб зиёлилар ҳам яхши билишади. У ўзининг қарийб қирқ йиллик журналистик фаолияти давомида Тожикистон халқининг дарду азобларини, қувончу-байрамларини бирдай ёритиб келди", дейилади мурожаатда.

"Сиз қуришни истаётган ва биз ёшларни даъват қилиб руҳлантираётган жамиятда ҳеч бир гуноҳсиз инсон, таниқли, кекса ёзувчи ва журналистни қамаб қўйишлари, калтаклашлари ва оиласига кўрсатишмаслигидан таассуфдамиз. Бизнинг оиламиз ҳеч қачон ҳеч қандай диний гуруҳларга хайрихоҳ бўлмаган. Буни бугун дадамизни ва бизни таниган барча зиёлилар, қўни қўшнилар айтишмоқда", деб ёзадилар Ўринбой Усмон фарзандлари.

"Дадамизни эсон-омон бағримизга қайтаришда ёрдам беришингизга умид қиламиз. Дадамиз Ўринбой Усмон, ёзувчи, журналист, меҳрибон ота, меҳрибон бобо, ўз ватанини севувчи тожикистонлик, асло миллатчи ва ё диний ақидапараст эмас", дейилади мурожаатда.

Ўринбой Усмон оиласи аъзоларининг Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга мурожаати:

Ҳурматли жаноб Президент,

Бизнинг дадамиз олтмиш ёшли Ўринбой Усмон бутун умрини Ватанимиз Тожикистон равнақи учун бахшида этган зиёлидир.

У ҳеч қачон ўз миллати ва мамлакатига ёмонликни соғинмаган. Буни нафақат бизнинг районимиз, балки вилоятдаги юзлаб зиёлилар ҳам яхши билишади.

У ўзининг қарийб қирқ йиллик журналистик фаолияти давомида Тожикистон халқининг дарду-азобларини, қувончу-байрамларини бирдай ёритиб келди.

Сизнинг бу мамлакат равнақи учун қилаётган саъй-ҳаракатларингиз, хусусан, тинчлик ва барқарорлик йўлидаги қадамларингизни ҳам бир эмас, бир неча марта қаламга олди.

Мисол учун, тинчлик битимининг ўн йиллиги ҳақида Би-би-си учун ахборотларидан бирида дадамимиз Ўринбой Усмон Сизнинг сўзларингиздан шундай иқтибос келтиради.

"Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон мазкур келишувнинг 10 йиллиги муносабати билан ўтказилган йиғилишда сўзлар экан, қарама-қарши кучлар томонидан мазкур ҳужжатни имзолаш билан биринчи навбатда давлат ва миллат қутқариб қолинганини таъкидлади. Ички можаролар ва бирор бир ҳукмдор оиласини йўқ қилмоқдан сўнг бу давлат, халқ ва миллат бутунлай йўқолган ёки бўлиб ташланган юрт бошқа қудратли давлатларга тобе бўлиб қолганига тарих гувоҳдир, деди Тожикистон президенти".

Дадамиз бугун қамоқхонада. Биз ҳозиргача уни нима учун ҳибсга олишганини билмаймиз.

Уйимизни нима учун тинтишганини тушунмаймиз.

Нима учун дадам билан бизга ҳам, адвокатга ҳам кўришиш учун рухсат берилмаётганига ақлимиз етмайди...

Сиз қуришни истаётган ва биз ёшларни даъват қилиб руҳлантираётган жамиятда ҳеч бир гуноҳсиз инсон, таниқли, кекса ёзувчи ва журналистни қамаб қўйишлари, калтаклашлари ва оиласига кўрсатишмаслигидан таассуфдамиз.

Бизнинг оиламиз ҳеч қачон ҳеч қандай диний гуруҳларга хайрихоҳ бўлмаган. Буни бугун Дадамизни ва бизни таниган барча зиёлилар, қўни-қўшнилар айтишмоқда.

Ҳурматли жаноб Президент!

Дадамизни эсон-омон бағримизга қайтаришда ёрдам беришингизга умид қиламиз. Дадамиз Ўринбой Усмон, ёзувчи, журналист, меҳрибон ота, меҳрибон бобо, ўз ватанини севувчи Тожикистонлик, асло миллатчи ва ё диний ақидапараст эмас.

Сизга умид ва қаттиқ ишонч билан,

Ўринбой Усмонов оиласи:

Усмонов Ойбек,

Абдуазимова Малоҳат,

Усмонова Диёра,

Раҳимова Ирода,

Мирзоева Ойдин,

Усмонова Муножат.