Би-би-си: 'Ўринбой Усмоновга қарши барча даъволар асоссиздир'

Ҳамкасбимиз Ўринбой Усмоновнинг Тожикистон хавфсизлик хизматлари томонидан ҳибсга олинганига бир ҳафта бўлди.

Би-би-си ўз мухбирининг қўлга олинишини қоралаб ва унинг зудлик билан озод этилишини талаб қилиб, 14 июн куни ҳам ўз баёнотини чиқарганди.

Британия, АҚШ элчиликлари ва бошқа кўплаб нуфузли халқаро ташкилотларнинг худди шундай мазмундаги чиқишларига қарамай, тожикистонлик мулозимлар бирор бир муносабат билдиришмади.

Аммо ўтган бир ҳафта давомида Би-би-си мухбирининг ўз ҳимоячиси билан мунтазам равишда ва яккама-якка кўришишига изн берилмади. Яқинлари ва ҳамкасбларининг ҳам у билан учрашишларига рухсат бўлмади.

Бу эса, халқаро ва маҳаллий қонуний меъёрларга зиддир, дейилади Би-би-си баёнотида.

Тожикистон Хавфсизлик хизматлари томонидан уюштирилиб, 18 июн куни Pressa.tj нашрида чоп этилган ва Би-би-си мухбири "Ҳизбут-таҳрир"га аъзоликда айбланган мақола қонуний жараёнларга зид ва айбсизлик презумпциясининг қўпол равишда бузилишидир.

Биз яна бир бор шу нарсани қатъий таъкидлаймизки, барча даъволар асоссиздир. Би-би-си уларни профессионал журнализм ва Тожикистондаги сўз эркинлигига таҳдид деб билади, дейилади баёнотда.

Ўринбой Усмонов Би-би-си журналисти сифатида ҳар қандай хабарни ҳар томонлама ёритиши лозим бўлган. Шу боис, ўз иш фаолияти давомида турли қарашдаги фикрларни намоён этган одамлар билан учрашиши ва суҳбатлашиши табиий ҳолдир.

Би-би-си ўз баёнотида, "Барча журналистларнинг ҳеч бир тазйиқ ва таҳдидларсиз ҳар қандай ташкилот ҳақида эркин хабар беришлари ўта муҳим"лигини таъкидлайди.

Ташкилот ўз мухбири Ўринбой Усмоновнинг хавфсизлигидан ниҳоятда хавотирда эканини ҳам билдиради.

У жиддий юрак хасталигидан азоб чекади ва ўзи ҳам тиббий муолажага муҳтожлиги борлигини айтган.

Ўринбой Усмоновнинг оиласи ҳам унинг соғлиғидан ва ҳибсхонада номақбул муносабатда бўлингани эҳтимолидан ташвишдалар.

Биз Ўринбой Усмонов ва унинг оиласига ҳамдардмиз. Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновнинг зудлик билан озод этилишига эришиш учун бирор бир таъсирга эга бўлган инсонлардан ўз саъй-ҳаракатларини янада кучайтиришларини илтимос қилиб қоламиз, дея якунланади баёнот.

Оврўпо Иттифоқи

Оврўпо Иттифоқи Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновнинг 13 июн куни ҳибсга олиниши ва хавфсизлик кучлари томонидан унга кўрсатилган номақбул муносабатдан жиддий хавотирда эканини баён қилган.

Халқаро ташкилот тожикистонлик масъулларни журналистга нисбатан номақбул муносабатда бўлинганига оид даъволарни батафсил текширишга чақирган.

Иттифоқ Ўринбой Усмонов ҳибсга олинган пайтда барча қонуний жараёнларга тўлиқ риоя этилмаганидан ташвишда эканлигини билдирган.

Халқаро ташкилот Тожикистонда матбуот эркинлигининг муҳимлигини урғулашда давом этажагини баён қилган.

Тожик ҳукуматининг мамлакатда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини тан олган ҳолда, уларни шаффоф халқаро ҳуқуқий меъзонларга амал қилишга ундашини ҳам айтган.

27 давлатдан ташкил топган Оврўпо Иттифоқи дунёдаги энг йирик донор ташкилоти ҳисобланади.

Иттифоқ 1992 йилдан буён Тожикистонга кўрсатган ёрдам миқдори 500 миллион еврони ташкил этади.

Аввалроқ АҚШ ва Оврўпо ҳам Би-би-си мухбирининг ҳибсга олинишидан ташвишда эканликларини айтишган ва уни озод этишга чақиришганди.

Айни вақтда "Амнести Интернейшэнл" халқаро ташкилоти ҳам баёнот чиқариб, Ўринбой Усмоновга нисбатан айбловлар сохталаштирилганига оид тахминлардан хавотирда эканлигини билдирган.

Ташкилотга кўра, агарда Ўринбой Усмоновга нисбатан айбловлар тўқима экани исботланса, у виждон тутқуни сифатида кўрилади.