Ҳимоячи Файзинисо Воҳидова: 'Ўринбой Усмонов соғлиғидан шикоят қилмоқда'

Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олинишидан бир ҳафта ўтиб, бугун душанба куни ҳимоячиси Файзинисо Воҳидова илк бор у билан кўришишга муваффақ бўлган. Яқинлари ва ҳамкасблари эса, ҳануз Ўринбой Усмонов билан учраша олишмаётир. Улар ҳибсга олинишидан буён Ўринбой Усмоновнинг саломатлиги ва унга номақбул муносабатда бўлинганидан хавотирдалар. Биз илк учрашуви ортидан ҳимоячи Файзинисо Воҳидова билан боғланиб, энг аввало Ўринбой Усмоновнинг аҳволи ҳақида сўрадик:

Файзинисо Воҳидова: Ўринбой Усмонов соғлиғидан шикоят қилмоқда. Юрак хасталиги ва қандли диабет билан оғригани учун уйидан келтириб беришган дори-дармонларни олиб турганига қарамай, алоҳида тиббий муолажага муҳтож. Унинг биздан ягона сўраган нарсаси - тергов мобайнида ушлаб туриш шароитини ўзгартириш ҳақида бўлди. Мен эртадан бошлаб бу сўров асосида унга яхшироқ шароитда тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида вилоят прокурорига мурожаат қилиб, уни бирон бошқа жойга кўчириш уринишларини бошлайман.

Би-би-си: Учрашув мобайнида яна нималар ҳақида гапирилди?

Файзинисо Воҳидова: Бу учрашув Ўринбой Усмоновга нисбатан расман айблов қўйиш жараёни эди. Унга Тожикистон Жиноят Кодексининг 307-моддаси иккинчи қисми бўйича экстремистик фаолияти асосида қонунан тақиқланган сиёсий партия, жамоат ё-да диний ташкилот ишида иштирок этиш айби қўйилди.

Би-би-си: Ўринбой Усмоновнинг ўзи бу айбловларни қандай қабул қилди?

Файзинисо Воҳидова: Ўринбой Усмонов айбловларни мутлақо рад этди. У фақатгина "Ҳизбут-Таҳрир" ҳақида материаллар тайёрлаётган пайтда улар билан бир неча бор, хусусан, икки аъзоси билан учрашиб, суҳбатларини ёзиб олганлигини тан олди. Лекин учрашув мобайнида улар ўзларини "Ҳизбут-Таҳрир" аъзолари, дея таништирмаган эканлар. Лекин бу суҳбатларнинг ҳаммаси унинг профессионал фаолияти билан боғлиқ бўлган, холос. Лекин Ўринбой Усмонов учрашган шахсларнинг бу партия аъзолари бўлганлари ва ҳозирда ҳибсга олинганлари ҳақида эндигина хабар топган. У, агарда, уларнинг ушбу партияга аъзо эканликларини билганимда, ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берган бўлардим, деб айтди. Лекин мен шуни айтиб ўтмоқчиманки, Тожикистоннинг оммавий-ахборот воситалари ҳақидаги қонунлари журналистнинг ўзи маълумот олган манбаларни ошкор этмаслик ҳуқуқини кафолатлайди. Буни Ўринбой Усмоновнинг ўзи ҳам таъкидлаб ўтди.

Би-би-си: Демак, қўйилаётган айбловлар асоссиз бўлиб чиқмоқда, шундайми?

Файзинисо Воҳидова: Энди буни тергов жараёни аниқлаши керак. Тергов томонида бунинг учун икки ой муҳлат бор. Агарда тергов томони ушбу икки ой ичида айбни исботловчи етарли далил топа олса, иш маҳкамага оширилади, акс ҳолда, тергов иши тўхтатилади. Ҳозирги босқичда мен айблар исботини топади ё топмайди, деб айта олмайман. Биринчидан, тергов хулосалари ва топилган далиллар билан мен фақатгина тергов жараёни ниҳоясида таниша оламан. Иккинчидан, Тожикистон Жиноий-Процессуал Кодексига мувофиқ, тергов остидаги шахс ўзининг айбсизлигини исбот қилиши керак эмас. Унинг айбдорлигини ҳам, айбсизлигини ҳам тергов томони исботлаши керак.

Би-би-си: Тергов остидаги шахснинг айбсизлик презумпциясига ҳозирга қадар риоя қилиняпти, деб ўйлайсизми?

Файзинисо Воҳидова: Бизда бу нарсага умуман риоя қилинмайди. Мана, қаранг, шанба куни интернетда Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олиниши ҳақида материаллар пайдо бўлди. Виждонсиз баъзи журналистлар уни "террорчи", деб айта бошлаганлар. Ўринбой Усмонов билан тергов изоляторида учрашган икки журналистнинг сўзларини айтганимда, у даҳшатга тушди. "Мен бундай сўзларни умуман айтмагандим", деди. Журналистлар ўзларини шундай тутаётган вақтда ҳуқуқ-тартибот ё-да расмий органлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Мен бугунги учрашувдан шундай хулосага келдимки, у кенгроқ маълумот олиш ва ўрганиш учун кимлар биландир учрашгандир. Лекин бу унинг профессионал фаолияти билан боғлиқ эди, холос. Мана, масалан, мен мусулмонман, лекин бугун маълумотимни кенгайтириш учун "Инжил"ни ўқиб чиқсам, бу менинг эътиқодимни ўзгартирганимни англатмайди-ку. Шунинг учун журналистик фаолияти мобайнида тақиқланган бирон ташкилот адабиётига йўлиққан бўлса, бу унинг экстремистик руҳдаги ташвиқот ишини олиб борганлигини англатмайди.

Би-би-си: Ўринбой Усмоновнинг бир ҳафтадан бери ҳимоячисиз ҳибсда ушлаб турилган пайтда унга нисбатан бирон ноқонуний амаллар қўлланган, деб ўйлайсизми?

Файзинисо Воҳидова: Ўринбой Усмонов билан учрашув мобайнида терговчининг бўлгани, унинг хавфсизлик хизмати биносида ушлаб турилгани назарда тутилса бу ҳақда очиқ гаплашишга имконият бўлмаганлигини тушуниш мумкин. Мен бу ҳақда албатта сўрадим, лекин у рад жавобини берди. Мен фақатгина у билан юзма-юз танҳо учрашган вақтимдагина, уни хавфсизлик хизмати биносидан бошқа жойга кўчиришганидан сўнггина, учрашув вақти чекланмаган шароитдагина бу ҳақда аниқроқ маълумотга эга бўла оламан, деб ўйлайман. Мен ҳозир бу каби учрашувни талаб қилаётганим ҳам йўқ. Чунки ҳар бир қадам назорат остида бўлган хавфсизлик хизмати биносида бундай учрашувдан наф бўлмайди. Мен аввало унинг хавфсизлиги ва соғлиғи ҳақида ўйлашим керак. У менга ўзига нисбатан аслида қандай муносабат қилингани ҳақида айтган тақдирда ҳам, хавфсизлик хизмати назорати остида қолар экан, мен кетгандан сўнг, худди шу нарсалар қайтарилмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.