АҚШ Хелсинки комиссияси муҳокамасида Қирғизистондаги зўравонлик

АҚШдаги Хелсинки комиссияси номи билан танилган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик комиссиясида Қирғизистонда 2010 йил июнида юз берган қонли ҳодисалар ва ундан кейинги мамлакатдаги вазият муҳокамасига бағишланган тинглов режалаштирилган.

Америка Сенати ва Конгресси аъзолари Қирғизистондаги хунрезликлар бўйича халқаро текширув ўтказган комиссия раҳбари Киммо Киллюнен, Қирғизистоннинг АҚШдаги элчиси Мухтор Жумалиев, америкалик сиёсий тадқиқотчи Марта Брилл Олкот ва АҚШдаги Жон Хопкинс университети тадқиқотчиси Алишер Ҳамидов маърузаларини тинглайдилар.

Хелсинки комиссияси ушбу тингловдан кўзланган мақсад, бир йил илгари Қирғизистонда қандай ҳодисалар юз берганини, ҳамон давом этаётган инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши ва ярашиш жараёни билан боғлиқ вазиятни муҳокама этиш экани ҳақида маълум қилган.

"Қирғизистондаги этник тангликни ечиш йўллари" деб номланган тинглов маърузачиларидан бири Алишер Ҳамидов ўзининг чиқишида қонли ҳодисаларга олиб келган омилларга тўхталиш ниятида эканини айтди.

"Бунинг сабаблари, фақатгина Қирғизистоннинг ҳукумати эмас, қатор омилларга боғлиқ эканини Конгресс аъзоларига тушунтирмоқчиман. Қирғизистоннинг аввалги президенти Асқар Акаев ва ундан кейинги президент Қурманбек Бакиев сиёсатларида, давлатни бошқаришда бўлган кўплаб камчиликлар ўтагн йилги апрел тўнтаришига ва ундан кейин Ўшдаги ҳодисаларга олиб келганини кўрсатмоқчиман", дейди Алишер Ҳамидов.

Хелсинки комиссияси ўтган йилги қонли ҳодисалар бўйича Киммо Киллюнен раҳбарлигидаги халқаро комиссияси ҳисоботи ва унинг тавсияларини Қирғизистон расмийлари турлича қабул қилганларини, расмий Бишкек бу ҳисоботни қабул қилиш-қилмаслиги ноаён эканини қайд этади.

"Ушбу мураккаб вазиятда Қирғизистон президентлик сайлови билан юзма-юз келиб турипти", дейилади Хелинки комиссияси тинглов олдидан тарқатган эълонида.