Қирғизистон: Олий Суд Сузоқдаги зўравонликлар бўйича ҳукмни ўзгартирмади

Жалол-Обод Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Қирғизистон Олий Суди мамлакат жанубидаги Сузоқ тумани ҳудудида юз берган зўравонликларда айбланган фуқароларнинг шикоят аризаларини қараб чиқишни якунлади.

Ҳакам Жакип Абдираҳманов раислигида қабул килинган қарорга мувофиқ, шу йил 9-март куни Жалол-Обод вилояти суди томонидан чиқарилган ҳукм ўз кучида қолди.

Олий Суд матбуот хизматига биноан, судланган 19 фуқародан 18 нафари бир умрлик қамоқ жазосига ва фақат бир нафари – 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган

Қиргизистон қонунларига кўра, Олий Суд қарори якуний ҳисобланади.

Жалолобод вилоят маҳкамаси 2010 йил июнида Сузоқ туманида рўй берган ҳодисаларда айбдор деб топиб, 18 ўзбек миллатига мансуб шахсни умрбод қамоқ жазоларига ҳукм этганди.

Жалолобод вилоят маҳкамаси 64 ёшли Усмонали Аблязовнинг кекса ёши инобатга олиниб, умброд қамоқ жазоси 25 йиллик қамоқ муддатига алмаштирилганини маълум қилганди.

Маҳкамага кўра, Сузоқ туманида юз берган зўравонликларда саккиз киши қурбон бўлган.

18 киши оммавий қотиллик, ўзгалар мулкига зарар етказиш, миллатлараро низо қўзғаш бандлари бўйича айбдор, деб топилганди

Қирғизистон расмий матбуоти хабарларига кўра, ўтган йил 12-13 июн кунлари Жалолобод вилоятининг Сузоқ тумани яшовчилари Ўш шаҳри билан Бишкекни боғлайдиган йўлнинг "Санпа" пахта заводининг Тупроқ-Бел деб аталадиган жойга яқин қисмини тўсиб олганлар.

Бу одамлар йўлга ёқилғи қуйиб, автомобилларни тўхташга мажбур қилганлар.

Ўша кунлари 6 киши отиб ўлдирилган, тўққиз автомобил ёқиб юборилган.

Шу пайтгача икки киши бедарак йўқолган, деб ёзади Қирғиз матбуоти.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар Қирғизистондаги хунрезликлар юзасидан ўтган маҳкамаларнинг аксарини танқид қилган, бу маҳкамаларда асосан ўзбек миллатига мансуб инсонлар қонли ҳодисаларнинг асосий айбдорларига айланган.

Қирғиз маҳкамалари гумондор шахсларнинг қўйилган айбларга иқрор бўлмаганлари ёки ҳуқуқ-тартибот органларининг шафқатсиз муомалалари ҳақидаги кўрсатмаларини инобатга олмаган.