Ҳимоячи Файзинисо Воҳидова: 'Ўринбой Усмон қўрқитилган'

13 кундан буён Хўжанддаги ҳибсхонада сақланаётган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоннинг адвокати Файзинисо Воҳидованинг ишонишича, журналист қўрқитилган ва шунинг учун унинг дўппослангани факти борасида суд-тиббий экспертиза текшируви ўтказишнинг имкони йўқ.

Адвокатнинг Би-би-си мухбири билан учрашишига у ҳибсга олинганидан бир ҳафта ўтиб рухсат берилган ва Ўринбой Усмонни ҳибсга олишга сабаб бўлган "Ҳизбут-таҳрир" фирқасига аъзоликда гумон этиб қўлга олинган шахслар унинг ушбу тақиқланган диний фирқа аъзоси эканини рад этганлар.

Ўринбой Усмоннинг уйида Тожикистон хавфсизлик хизмати ходимлари 14 июн куни тинтув ўтказган пайтларида унинг ўзи иштирок этган ва бир кеча-кундуз қаерда эканини билолмаган оиласи аъзолари унинг аҳволи жуда аянчли бўлганини айтишган.

"Оёғида зўрға турарди, кийимларига қараб бўлмас эди", дейишган унинг оиласи аъзолари.

Ўринбой Усмон "агар бугун ҳам кечагидек нарсалар такрорланса, мен чидай олмайман. Мендан рози бўлинглар", деб ҳам айтган.

Бу - Би-би-сининг, халқаро ташкилотларнинг Ўринбой Усмон саломатлиги, унинг дўппослангани борасидаги хавотирларга сабаб бўлди, баёнотларда бу фактга ойдинлик киритиш талаб қилинди.

Шу ҳафта давомида Би-би-си мухбири билан кўришган ҳимоячиси Файзинисо Воҳидова, бугунга келиб Ўринбой аканинг дўппослангани борасида суд-тиббий экспертизасини ўтказишнинг имкони йўқ, дейди.

"Амалда мени Ўринбой Усмоновни ҳибсга олишганидан бир ҳафта ўтганидан кейин унинг билан кўришишимга рухсат беришди. Бу пайтда ҳеч қандай қийноқ излари қолмаган эди. Бизда кўпинча қонун бузилиши бўлган ҳолларда биринчи кунлари адвокатни ҳибсга олинган шахс билан кўришишларига изн беришмайди. Кўришганимизда ҳам Ўринбой Усмондан мен унинг аҳволи ҳақида сўрадим. У афтидан қўрққанидан "йўқ мени калтаклашгани йўқ", деб айтди", деди Файзинисо Воҳидова.

Ҳимоячининг билдиришича, ВВС мухбирининг 13 июн тунда уйга қайтмаган куни қаерда бўлганини ҳатто адвокатга айтмаётгани унинг қаттиқ қўрқитилганидан далолатдир.

Расман Ўринбой Усмонга нисбатан очилган иш 14 июн куни билан қайд этилган ва у 14 июн куни эрталаб Хавфсизлик қўмитаси ходимлари ихтиёрига топширилган.

Ҳимоячи Файзинисо Воҳидова шу ҳафта давомида Би-би-си мухбирининг ҳибсга олинишига сабаб бўлган асосий кўрсатмаларни берган деб айтилаётган ҳибсдаги шахслар билан юзма-юз кўришган.

Бу шахслар адвокат билан юзма-юз учрашувда Ўринбой Усмоннинг "Ҳизбут-таҳрир" тақиқланган фирқаси аъзоси ёки бу фирқага алоқадорлигини рад этганлар.

Маълумки Ўринбой Усмон ҳибсга олинганидан бир неча кун ўтиб, Pressa.tj веб-сайтида мақола эълон қилинган, бу мақолада веб-саҳифа журналисти ҳибсда сақланаётган "Ҳизбут-таҳрир"нинг икки аъзоси билан Ўринбой Усмондан олдин суҳбатлашганини ва улар Би-би-си мухбирининг бу фирқа аъзоси бўлганини айтганлари ҳақида ёзган.

Адвокат Файзинисо Воҳидова учрашув чоғида бу гумондорларга ўша мақола матнини кўрсатганини айтди.

Бу икки шахс эса мақолани ўқиб ҳайрон бўлишган ва Ўринбой Усмоннинг "Ҳизбут-таҳрир" аъзоси эканини буткул рад этганлар.

Фарзандлари ва ҳимоячи Файзинисо Воҳидованинг айтишича, Ўринбой Усмон ҳозир Адлия вазирлигининг Хўжанддаги тергов изоляторида сақланаяпти ва ўша бинонинг ўзида тиббий хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд.

Тергов изолятори масъуллари аввалдан уч кун давомида муваққат ҳибсхонада сақланаётганларга озиқ-овқат ва кийим-кечак берилмаслигини маълум қилишган.

Чунки 25-26 июн кунлари шанба-якшанбага тўғри келган, 27 июн эса Тожикистонда байрам - 1997 йилда миллий ярашув битими имзоланган кун ва бу кун ҳордиқ куни деб эълон қилинган.

Яқинлари шанба куни Ўринбой Усмонга зарур нарсаларни етказиб беришганини айтишди.