"Усмонов иши Тожикистон учун қалтис бир паллага тўғри келмоқда"

Ўринбой Усмон

"Усмонов иши Тожикистон учун қалтис бир паллага тўғри келмоқда," деб ёзади халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти - Amnesty International - блоггери.

Би-би-сининг Хўжанддаги мухбири Ўринбой Усмон бундан икки ҳафта муқаддам Ҳизб ут-Таҳрир фирқасига аъзоликда гумон қилиниб, Тожикистон Хавфсизлик Қўмитаси томонидан ҳибсга олинган эдил.

59 ёшли Ўринбой Усмон юрак ва қанд касалликлари билан оғриб келади.

Бир ҳафта муқаддам Ўринбой Усмоннинг ҳимоячиси Файзинисо Вохидова ўз мижозига қарши "Тожикистон конституцион тизимини куч билан ўзгартиришга оммавий чақириқлар" қилиш айби илгари сурилганини билдирганди.

Би-би-си ва Ўринбой Усмон бу айбловларни рад этади.

Кўплаб халқаро ташкилотлар, жумладан Хюман Райтс Вотч, Халқаро Амнести, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, ҳамда Британия ва АҚШ элчихоналари Ўринбой Усмоннинг айбсиз эканини айтиб, унинг зудлик билан озод этилишини талаб қилганлар.

Ушбу чақириқларга Тожикистон ҳукумати ҳозирга қадар расмий баёнот билан жавоб бергани йўқ.

Ҳибснинг илк кунларида Ўринбой Усмон хавфсизлик кучлари томонидан дўппослангани ишонилади.

Қуйида Amnesty International саҳифасида нашр этилган мақола таржимаси келтирилади.

Меҳмон Блоги: мақола шу кунларда Тожикистондан қайтган журналист томонидан ёзилган.

Билдирилган фикрлар Amnesty International қарашларига тўғри келмаслиги мумкин.

13-июн, душанба куни Би-би-си мухбири, Ўринбой Усмонов, Хўжанд шаҳридаги идорасини одатдагидай тарк этди. Аммо Ўринбой уйига қайтмади. Бундан оиласи хавотирга тушганди. Ўз режаларини ўзгартириш Ўринбой Усмон характерига умуман мос эмасди. Сокин ва ўта нозиктаъб инсон Ўринбой Усмоннинг ёши олтмишни қоралаб қолган. У - ўзи яшовчи кичик қишлоқнинг устуни. Орадан бир кун ўтиб, хавфсизлик ходимлари ҳолдан тойган ва афтидан калтакланган Ўринбой Усмонни уйига олиб келишди.

Улар уйни ағдар-тўнтар қилишди; оғизларидан боди кириб, шоди чиқди; улар нимани излашаётганини ҳеч ким билмасди. Ўринбой Усмон уни олиб кетишларидан олдин, "бу менинг ишим туфайли," дейишга улгурди, холос. Эртаси куни унга Марказий Осиёда кенг тарқалган ноқонуний гуруҳ - Ҳизб ут-Таҳрирга аъзолик айблови қўйилди.

Буни Ўринбой Усмоннинг дўсти, у билан кўп йиллар бирга ишлаган ҳамкасби сўзлаб берди.

Ўринбой Усмонни охирги марта кўрганимда, ҳаммаси одатдагидай эди: у "Тўртинчи Ҳокимият" номини олган идорада ишлаётганди; икки хонадан идора ичида икки-учта компютер ва кичик ошхона бор. Пастда эса нонвойхона жойлашган. Ўринбой Усмон ҳар доимгидай "меҳмон келди," деб иссиқ нон олиб келиш учун пастга ошиққанди ўшанда. Идорада Демократик Партия фаоли ва ўзларининг илк мақолаларини ёзаётган ёш журналистлар ўтиришарди. "Тўртинчи Ҳокимият"да ҳамма ўзини ўз уйидагидек ҳис қиларди.

Биз Тожикистонда юз бераётган ўзгаришлар ҳақида гаплашдик: ёшларнинг оммавий равишда қурилиш иншоотларида ишлаш учун узоқ Россияга кетаётганлари ҳақида; чироқнинг тез-тез ўчиши ҳаётни орқага тортаётгани, телефон батареяларини тўлдириш қийинлашаётгани ҳақида; бунинг тижорат ва ўқишга таъсири ҳақида. Ўринбой давлат билан ижтимоий алоқада бўлмаганини ҳис қилган болалар нафақат чегараларни, балки давлатчилик ғояларини ҳам инкор этувчи Ҳизб ут-Таҳрир каби гуруҳларга оғиб кетаётганидан хавотирда эди.

Биз ёшлар орасида динга қизиқиш кучайиб бораётгани ҳақида гаплашдик.

"Олдинлари намоз ўқишга фақат қариялар чиқишарди," - деди идорага кириб келган университет талабаларидан бири. - "Энди эса масжидларда фақат ёшларни кўрасиз."

Бошқалар эса ёш қизларнинг ҳижобга кириб кетишаётгани ҳақида, ҳижобнинг дўкон расталарида қолмаётгани ҳақида гапиришди.

Ўттиз йилдан ортиқроқ вақт давомида журналистлик фаолият билан шуғулланиб келган Ўринбой бундай ижтимоий ўзгаришларга тушуниш билан ёндашиш кераклигини айтди.

Ўринбой ўз касбий фаолиятининг охирги ўн йилини Би-би-си билан ўтказди.

У иш бошлаганда Тожикистон Совет Иттифоқи таркибида эди, Леонид Брежнев Кремлда ўтирарди. Ўша пайтларда Ўринбой Тожикистон шимолидаги "Ленинабадская Правда" газетасида ишларди. У демократия ғояларини тарғиб этган илк журналистлардан бири эди.

Бир пайтлар у билан ҳамкорлик қилган журналистлардан бири Ўринбойни ўта қаттиққўл муҳаррир сифатида эслашини айтади.

"Ўринбой ака мен ёзган ҳикояни қоғоз қутисига улоқтириб, "қўлингга қалам олишдан олдин, Достоевскийнинг, ҳеч бўлмаса, учта романини ўқиган бўлишинг кера," деб айтганди," - дейди бу журналист.

Ўринбой Усмон ёзган инсонийликнинг барча қирраларини қамраб олган эди. Унинг сўнгги "Анқонинг уруғи" сабр-матонат ва ўз она қишлоғи "Исписор" ҳақида ҳикоя қилади.

Ўринбойга нисбатан Ҳизб ут-Таҳрирга аъзолик каби айбловнинг қўйилиши жуда ҳайратланарлидир. Тўғри, у ҳам, кўплаб ўзбек ва тожиклар сингари, беш вақт намоз ўқийди. Аммо унинг ҳаётга Ҳизб ут-Таҳрир каби фирқа ғоялари орқали боқиши имконсиз.

Бўлмаса, нега бу ҳодиса юз берди?

Бу ерда Тожикистонни Ўзбекистон ва Туркманистон сингари бошқа Марказий Осиё давлатларига таққослаш ва авторитар режим сўз эркинлигини бўғаяпти, деб баҳо бериш, нотўғри.

Тожикистонни қандайдир бир моделга солиб, тасвирлаб бўлмайди. Унда баъзида қатағонлар, зўравонлик ва коррупция кучаяди - баъзида эса бунинг акси кузатилади.

Ўринбой Усмоннинг ҳибсга олиниши милициянинг оддий ҳатоси ҳам ёки матбуотга қарши қаратилган кескин ҳаракат ҳам бўлиши мумкин.

Тожикистонда кучли либерал сентиментлар ҳам бор. Ўринбойнинг ҳибсга олиниши тожик матбуотининг бош хабарига айланди – ушбу ҳодиса баъзида соатма-соат янгиланиб турди.

Уни энг машҳур адвокатлардан бири ҳимоя қилмоқда; тарафдорлари эса ўз фикрларини дадил айтишмоқда.

Репрессия ва либерализм Тожикистоннинг халқаро саҳнада тутган мавқеъсида ҳам ўз аксини топган.

Тожикистоннинг янги шериги - Хитой. Пекин Душанбега юзлаб миллион кредит ажратган, пойтахтда янгидан янги бино ва қасрлар барпо этмоқда.

Айни дамда, БМТ ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси каби либерал институтлар фаолиятини ҳам суст деб бўлмайди.

Мамлакат 90-йилларда фуқаролар урушини бошдан кечирди. Жаноб Раҳмон айнан ўша йилларда қудратга келганди.

Тожикисонда Қўшма Штатлар ҳам анча фаол.

Ўринбой Усмонов иши Тожикистон учун ўта қалтис паллага тўғри келди. Унинг маҳкамаси Тожикистон қайси йўлни танлаши ва бошқа журналистлар келажаги қандай бўлиши мумкинлигини белгилаб беради. Агар Ўринбой айбдор деб топилса, "Тўртинчи Ҳокимият" идораси ва унданда каттароқ идораларда мудҳиш дарича очилади. Ўринбой иши бизга ҳукуматнинг матбуотга қилич кўтарганини ва бу қиличнинг келажакда бошқаларга қарши ишлатилиши мумкинлигини ҳам кўрсатади.

Агар Ўринбой Усмон айбсиз деб топилса, ёда ҳакам унга нисбатан шартли жазо тайинласа, бу мамлакат бўйлаб адлия тизими ва сўз эркинлигини руҳлантириб юбориши мумкин.

Ўринбой Усмон уйига, ўз оиласи бағрига қайтади. Аммо, энди унинг ўз идорасига айни йўл билан қайтишини тасаввур қилиш қийин.