БМТ Тараққиёт Дастури: Марказий Осиёга қурғоқчилик қайтмоқда

Чорвоқ сув омбори
Image caption Чорвоқда ҳам сув сатҳи кескин тушиб кетган...

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури Марказий Осиёга қурғоқчилик яна қайтаётганидан огоҳлантирган.

"Марказий Осиёдаги энг йирик сув омборлари сатҳи бўйича сўнгги кўрсаткичлар юзасидан ўтказган таҳлилларимиз қурғоқчилик минтақага яна қайтаётганига ишора қилади," дейилади БМТ Тараққиёт Дастури веб саҳифасида чоп этилган таҳлилий мақолада.

БМТ Тараққиёт Дастурига кўра, Орол Денгизи ҳавзасида жойлашган мамлакатларда вақти-вақти билан юз бериб туради.

Марказий Осиёда қурғоқчилик охирги марта 2008-2009 йилларда кузатилган.

"Охирги кўрсаткичларга кўра, 2011 йил май ойидан бошлаб Ўзбекистоннинг Чорвоқ ва Туямўйин ва Тожикистоннинг Қайроққум сув омборларида сув сатҳи мавсумий кўрсаткичдан анча паст бўлган," - дейди БМТ Тараққиёт Дастури. - "...Қурғоқчилик шунингдек, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг жанубий минтақаларини Афғонистон билан боғлаб турувчи Амударё бўйлаб ҳам кузатилмоқда."

Бу, БМТ Тараққиёт Дастуринининг огоҳлантиришича, нафақат Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Мухтор Республикаси шоли ва пахта далаларига, балки Туркманистоннинг Дашовуз вилояти ва Орол денгизи бўйидаги минтақалар учун ёмон хабардир.

"Қайроққум сув омбори сатҳининг пасайиб кетиши ҳам (Тожикистоннинг иккинчи йирик шаҳри) Хўжанд атрофидаги пахта далаларига салбий таъсир кўрсатди," - дейилади БМТ таҳлилий мақоласида.

БМТ Тараққиёт Дастурига кўра, қурғоқчилик туфайли Қирғизистон ва Тожикистонда озиқ-овқатлар нархи 20 фоиздан кўпроққа қимматлаган; нарх-навонинг кўтарилиши Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳам хавотирларни кучайтирган.

"Яхшиямки, Марказий Осиёдаги энг йирик - Қирғизистоннинг Токтоғул сув омборида сув сатҳи меъёридан анча баланд. Тохтоғулдан шу йил ёз мавсумида сувнинг қўйиб юборилиши Қайроқум ва Сирдарёнинг қуйи оқимида жойлашган бошқа сув омборларида сув сатҳини кўтарилишига ёрдам бериши мумкин," - дейди БМТ Тараққиёт Дастури.

Аммо, Марказий Осиёда бу йил ёз узун ва қуруқ бўлиши мумкин, дея огоҳлантиради халқаро ташкилот.