Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ҳамид Исмоилов: 'Мен Ўринбойнинг жисмоний ва руҳий вазиятидан хавотирдаман'

Сўғд вилоятида ҳибсда сақланаётган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон Тожикистонга сафар қилган Би-би-си Марказий Осиё Хизмати раҳбари Ҳамид Исмоил билан учраштирилган.

Ҳамид Исмоил ўз ҳамкасбининг жисмоний ва руҳий вазиятдан хавотирда эканини айтар экан, Миллий Хавфсизлик Қўмитаси идорасида кечган айни учрашувда қўмита ходимлари, Ўринбой Усмоннинг ҳимоячиси ва терговчи ҳам ҳозир бўлганини маълум қилган.

Тожикистон расмийлари кеча Би-би-сининг ҳибсда ушлаб турилган мухбири Ўринбой Усмондан Ҳизб ут-Таҳрирга аъзолик айбини олиб ташлашган эди.

Аммо, Ўринбой Усмон Ҳизб ут-Таҳрир фаолияти ҳақида расмий идораларни огоҳ этмаганлик айби билан ҳануз ҳибсда ушлаб турилибди.

'Ўринбой Усмон жисмонан жуда заифлашган'

Ҳамид Исмоил Ўринбой Усмон "кўриниши анча заифлашган"и, аммо унда "кўзга ташланадиган қийноқ излари"ни кўрмаганини айтади.

"Мени хавотирга солган нарса-унинг руҳий кайфияти. Буни бир маънода тушкунлик дейиш мумкин, лекин тушкунлик ҳам эмас. Бу кўпроқ саросимага ўхшаган ҳолат. Кўзлари жовдираган, 5-10 минут гаплашиб ўтирган бўлсак, ҳар бир айтган гапини терговчиларнинг ёки ўша ходимларнинг кўзларига қараб, жавоб берди...Руҳий ҳолати менга ёққани йўқ", дейди Ҳамид Исмоил.

Ҳамид Исмоилнинг айтишича, у ўз хавотирларини Тожикистон учрашувдан сўнг, Тожикистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимларига "очиқ-ойдин" билдирган.

"Ундан ташқари унинг жисмоний ҳолати ҳам мени ташвишга соляпти. Чунки, унинг юрак хасталиги бор, қандли диабет хасталиги бор. Буларнинг бари таъсирсиз ўтаётгани йўқ. Ва нуқтаи назардан у қанчалик тез озод бўлса, шунчалик яхши", дейди Би-би-си Марказий Осиё Хизмати раҳбари Ҳамид Исмоил Ўринбой Усмон билан учрашувдан сўнг.

Айни пайтда Ҳамид Исмоил Тожикистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимларига Би-би-сининг бўлаётган ҳодисага муносабатини билдиришга уринган. Унга кўра, Ўринбой Усмон Тожикистонда хорижий ахборот воситаси ходими сифатида аккредитациядан ўтган ва шу боис у биринчи навбатда мамлакат фуқароси эмас, балки "хорижий ахборот воситаси ходими" сифатида кўрилиши керак.

Яна бир халқаро ташкилот Ўринбой Усмон ҳибс қилинишига норозилик билдирди

АҚШдаги Телерадио дастурлар Бошқарув Кенгаши Тожикистонда Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоннинг Ҳизб ут-Таҳрир ташкилотига алоқадорлик айбловлари билан ҳибсга олинганидан норозилик билдираётган ташкилотлар сафига қўшилган.

"Халқаро журналистлар жуда кўп ҳолларда бу каби ғайриоддий репрессиядан азият чекишади. Бизнинг Озод Оврўпо/Озодлик радиосидаги ҳамкасбларимиз Ўринбойни бу каби нозик мавзуларни маҳорат ва ўзи хослик билан ёритишини кутиш мумкин бўлган мустақил фикрли журналист сифатида билишади", дейди Телерадио дастурлар Бошқарув Кенгаши раҳбари Волтер Исаксон.

"Унинг бошқа мавзулар қаторида Ҳизб ут-Таҳрир ҳақида хабар бериши журналистик фаолият, жиноят эмас", дея қўшимча қилган Волтер Исаксон.

Кенгаш Ўринбой Усмоннинг ҳибсга олинишини бир йил асносида Тожикистонда мустақил матбуотга қарши кузатилган ҳужумлар охирги сифатида таърифлаган.