Кобулдаги меҳмонхона отишмасида ўн киши нобуд бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Кобулнинг Интерконтинентал меҳмонхонаси Афғонистондаги энг қаттиқ қўриқланадиган иншоотлардан бири эди

Афғонистон хавфсизлик кучлари туни билан исёнчилар ҳужумига тутилган Кобулдаги йирик меҳмонхонани қайта қўлга киритишганини айтишмоқда.

Кобул Интерконтинентал меҳмонхонаси томига чиқиб олган жангарилар билан қарийб беш соат отишма кечган. Ниҳоят НАТО тикучарлари кўмаккка келиб, исёнкорларни ўққа тутган.

Ҳужумда камида 10 нафар тинч фуқаро нобуд бўлгани айтилмоқда. Шоҳидларга кўра, меҳмонхона ҳамон олов ва тутун ичида қолмоқда.

Ҳарбий амалиёт тугаганидан кейин меҳмонхонада яширинган бир исёнчи саҳар соат еттиларда портловчи моддани ишга солган. Кобул полициясига кўра, меҳмонхонага кирмаслик тавсияларига қарамай, ўз хонасига қайтган бир испаниялик меҳмон бу портлашда ҳалок бўлган.

Ҳозиргача исёнкорларнинг барчаси яксон этилган. Икки нафар полиция зобити ҳам қурбон бўлган.

Ҳужум бошланган тунги соат иккиларда меҳмонхонада тўй тугаётган бўлган.

Ана шу вақт аввалига меҳмонхона кираверишида худкушлик амали уюштирилган, ортидан эса камида олти нафар жангари ҳамла қилган. Баъзи иснёчилар томга чиқишган. Шу асно бир неча соатлик тўхтовсиз отишма бошланиб кетган.

Толибон аллақачон масъулиятни ўз бўйнига олди. Бу ҳодиса - Толибон исёнкорлари кучайтираётган ҳужумларнинг энг сўнггисидир. Кузатувчиларга кўра, айни ҳужум орқали Толибон ўзининг нимага қодир эканлигини, истаса, Кобулнинг қоқ марказидаги энг қаттиқ қўриқланадиган иншоотларни ҳам нишонга ола билишини намойиш этмоқчи.

Назоратни афғонларга топширишган бағишланган Чоршанба кунги анжуман олдидан мазкур меҳмонхонага қатор мулозимлар ва вилоят расмийлари келишаётганди. Айни дамда, ушбу меҳмонхона кўплаб хорижликлар тўхтайдиган манзил ҳамдир.

Би-би-си мухбирига кўра, қаттиқ қўриқланадиган меҳмонхонага исёнкорлар қилган ҳужум Афғонистон хавфсизлик кучлари назоратни ўз қўлларига олишга неқадар қодирлиги борасида турли саволларни ўртага чиқаради. Негаки, меҳмонхонадаги ҳужумни тўхтатиш учун НАТО кучлари ёрдами зарур бўлди.

Ҳозирда халқаро кучлар босқичма-босқич хавфсизлик назоратини афғонларнинг ўзларига топширишни бошлашаяпти. Лекин Иттифоқ кучлари вакиллари бутун жараён Афғонистондаги вазиятга ҳам боғлиқ бўлишини урғулаб келишади.