Қозоғистон ғарбида рўй бераётган ҳодисалар нималардан далолат бериши мумкин?

Image caption Актобе шаҳридаги амалиёт натижасида 8 жангари ва беш нафар Хавсизлик Хизмати аскари ҳалок бўлгани хабар берилмоқда.

Қозоғистондан келаётган хабарларга кўра, мамлакат ғарбидаги Актобе шаҳрида хавфсизлик кучлари томонидан ўтказилган рейд оқибатида саккиз нафар жангари ўлдирилган.

Қозоғистон матбуоти хабарларига кўра, шаҳардаги бир уйда беркиниб олган, дея айтилган жангариларни йўқ қилиш амалиёти мобайнида хавфсизлик кучлари аскарларидан ҳам беш нафари ҳалок бўлган.

Айтилишича амалиёт 1 июл куни икки милиция ходимининг ўлдирилишига жавобан ўтказилган.

Охирги бир неча ой мобайнида Қозоғистонда худкушлик ҳужумлари дохил қатор ҳужумлар рўй берганди.

Расмийлар ҳужумлар ортида турли жиноий унсурлар турганлиги айтиш билан чекланганлар. Аслида Қозоғистонlда нималар рўй бераяпти? Суҳбатдошимиз Халқаро Инқироз гуруҳининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Пол Куин Жаж:

Пол Куин Жаж: Нималар рўй бераётганлигини аниқлик билан айтиш учун маълумот жуда кам. Бир нарсани аниқ айтиш мумкин Қозоғистон ғарбида жуда дастлабки босқичда қандайдир бир жиҳодий ёда исёнчи ҳаракатлар рўй бермоқда. Уларнинг ташқи дунё билан алоқалари қандай, ҳукуматга қанчалик хавф солмоқда буниси ноаниқ. Лекин ҳукумат бу ҳаракатларни огоҳ сифатида қабул қилиши керак, мамлакатнинг бошқа қисмларида рўй бераётган ривожланишлардан четда қолиб кетаётган ғарбий ҳудуларга эътибор қаратиш кераклигига ишора сифатида кўриши керак.

Би-би-си: Қандайдир жиҳодий ёда исёнчи ҳаракат рўй бермоқда дедингиз, улар ҳақида нималар маълум, келиб чиқиши қаердан, қаердан асос топган, булар ҳақида бирон нарса маълумми?

Пол Куин Жаж: ЙЎқ, ҳозирги босқичда биз фақатгина маълумотлар асосида тахминлар қуришимиз мумкин. Ҳукумат ўз йўриғи билан, яъни бу ҳодисалар ҳақида яъни муфассал маълумот бермай буни янада қийинлаштирмоқда. Бошқа томондан бу уларнинг вазиятни не қадар назорат қила олиш қобилияти ҳақида шубҳа-гумонларни туғдирмоқда. Биз гувоҳ бўлаётган нарса ҳукумат бу амаллар ортида турганларни кўпда ваҳобийлар, дея атамоқда. Бу тасниф ўта умумий ва бирон алоҳида аниқ ташкилот ҳақида тасаввур бермайди. Лекин охирги ойларда ҳалок этилган ё қўлга олинганларнинг аксари Актобе шаҳридан эканлигини кўрдик. Тахминимизни қуриш мумкин бўлган бир жиҳат, бу охирги икки йил мобайнида Марказий Осиёдаги қуролланган исломий жангариларнинг Шимолий Қавқоздаги жангарилар билан алоқалари кузатилганидир. Масалан, Доғистонда Қозоғистонлик кўнгилли жангариларнинг ўлдирилгани ёда ушлангани ҳақида хабарлар берилган. Бундан ташқари жиҳодий ғояларнинг жуда таниқли ва катта таъсирга эга тарғиботчиси Сайид Бурятский номи остида танилган шахс Қозоғистонга бир неча маротаба келиб ўқув машқлари ўтказгани ва ваъзхонлик қилгани айтилган. Сайид Бурятский ўтган йили Ингушетияда амалиёт чоғида ўлдирилган. Унинг ваъзлари ёзилган дисклар Марказий Осиёда, жумладан ғарбий Қозоғистонда қўлдан-қўлга ўтиб юриши маълум. Ана шулар аслида нималар рўй бераётганлигига ишора этувчи кичик далиллар бўлиши мумкин. Лекин айтиб ўтганимдек бу амаллар ҳануз кичик миқёсда, аммо мутассиллик касб этиб бормоқда. Ҳукумат бу каби аммалларга қўл урганларни шунчаки отиб ўлдириш билан шуғулланмай, норози кайфиятларни келтириб чиқараётган омилларга, айниқса ёшларга эътибор қаратса самаралироқ бўларди.

Би-би-си: Ҳукумат жуда кам маълумот бермоқда дедингиз, бунинг сабаби нима? Ҳукуматнинг ўзи аниқ билмайдими нималар рўй бераётганлигини ёда маълумотни яширмоқчими?

Пол Куин Жаж: Менимча иккала тахмин ҳам ўринли. Балким расмийлар ҳақиқатан ҳам кўп нарса билмаслар. Хавфсизлик хизмати учун бу ҳодисалар бир маънода кутилмаган ҳол бўлган бўлиши мумкин. Хавф миқёсини камайтириб кўрсатишга уринаётган бўлишлари мумкин. Бу эса ўз ўрнида одамларни кўпроқ хавотирга солиб, шубҳа-гумонларнинг кўпайишига олиб келмоқда.