Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Туркман президенти ўз туғилган кунида поп қўшиғини ижро этди

Туркманистон Давлат телевидениеси шанба куни, 2 июлда, мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов туғилган кунига бағишланган концертни намойиш қилган.

Концерт пойтахт Ашхободдаги ҳашаматли Руҳият саройида 29 июнда бўлиб ўтган.

Концертда чет эллик ва маҳаллий поп юлдузлари билан бир қаторда 54 ёшга кирган Президент Бердимуҳаммедов ҳам қўшиқ ижро этган.

У оч яшил ранг жемпер ва оқ рангли шим кийган ҳолда гитара ва аккардион чалиб, туркман тилида "Менинг оқ гулларим сен учун" деган ашулани айтган.

Image caption Президентнинг қўшиқ куйлашидан баъзи томошабинлар кўзларига ёш олдилар

"Ҳурматли томошабинлар, "Менинг оқ гулларим сен учун" номли кейинги қўшиқни Гурбангули Бердимуҳамедов басталаган, сўзларини Гурбангули Бердимуҳаммедов ёзган ва уни Гурбангули Бердимуҳамедов ижро этади" деди тадбир бошловчиси.

Бердимуҳаммедовнинг катта экранда пайдо бўлиши билан залдагилар оёққа туриб, қарсак чалишган, баъзилар эса кўзларига ёш олганлар.

Гурбангули Бердимуҳаммедов 2006 йил декабрида собиқ Туркманбоши, Президент Сапармурот Ниёзов ўлими ортидан президент этиб сайланган.

Унинг келиши билан Ғарб матбуоти ва ҳукуматлари орасида ёш ва навқирон президентнинг ислоҳотларга бел боғлагани кенг башорат қилинган.

Бироқ, кўп таҳлилчиларга кўра, Туркманистон сиёсий мухолифатни тоқат қилмайдиган репрессив тизимлигича қолмоқда.

У собиқ президент Ниёзов атрофида ўрнатилган шахсга сиғиниш маданиятини бора-бора йўқ қилган эсада, энди ўзи атрофида шунга ўхшаш тизимни шакллантирмоқда, дейишади кузатувчилар.