Ўринбой Усмон тергови "музлатилган", аммо Би-би-си унинг озодлиги учун курашни давом эттирмоқда

Image caption Би-би-си раҳбарияти Ўринбой Усмоннинг озод этилишини талаб қилиб келмоқда

Уч ҳафтадирки Тожикистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси томонидан ҳибсга олиниб, Сўғд вилоятидаги тергов изоляторида сақланаётган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоннинг тергови тўхтатиб қўйилган.

Унинг ҳимоячиси Файзинисо Воҳидованинг билдиришича, Тожикистонда терговчиларнинг олти ойлик ҳисобот бериш муддати келгани боис Ўринбой Усмоннинг иши "музлатилган".

Ўн йилдан бери Хўжанддан Би-би-сига хабарлар узатиб келган мухбирнинг ишига масъул терговчи пойтахт Душанбега сафар қилгани туфайли айбланувчига ўз оиласи ва ҳимоячиси билан кўришишга рухсат берилмаяпти.

Хавфсизлик Қўмитаси журналистни Тожикистонда фаолияти таъқиқланган "Ҳизб ут-Таҳрир" фирқаси ҳақида расмий идораларига хабар бермаганликда айбланмоқда.

Айни дамда Ўринбой Усмонни озод этишни талаб қилиб, баёнотлар тарқатаётган халқаро ташкилотлар сони тобора ортиб бормоқда.

Би-би-си Жаҳон Хизматининг Марказий Осиё ва Қофқоз хизматлари раҳбари Ҳамид Исмоилга кўра Би-би-си ўз мухбирининг озод этилиши йўлидаги курашини давом эттирмоқда.

"Бу дегани, биз ўз ҳаракатларимизни тўхтатаётганимиз йўқ. Биз ҳаракатларни ҳар томонлама, ҳар жабҳада олиб бораяпмиз. Бир томондан, дипломатик каналлар орқали, масалан Британия элчиси орқали олиб бораяпмиз. Иккинчидан, бизнинг Би-би-си номидан ҳамкасбимиз Алан Куортли ҳозир Тожикистонда", дейди Ҳамид Исмоил.

Би-би-си вакили Алан Куортли Душанбеда Тожикистон ҳукумати вакиллари билан учрашмоқда. У, шунингдек, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон девонидаги мулозимлар билан учрашиши кутилади.

Би-би-сининг Лондондаги раҳбарияти яқин орада Тожикистон Ташқи Ишлар Вазирлиги билан телефон орқали суҳбат қуриши мўлжалланган.