Қозоғистон расмийлари полициячилар қотилларини топишга ваъда бермоқдалар

Ақтўба шаҳри

Қозоғистоннинг Ақтўба вилоятидаги сўнгги ҳодисалар туфайли Марказий Осиёнинг қўшниларига нисбатан барқарор мамлакати деб кўрилган Қозоғистонда ҳам исломий жангарилик бош кўтараяптими, деган саволлар пайдо бўлган, расмийлар уч полиция ходимини ўлдирган қотилларни тутишга ваъда бермоқдалар.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигига кўра, 30 июн куни Шубарши посёлкасида ўз хизмат вазифасини ўтаётган икки полициячини олти ҳужумчи ўқотар қуролдан отиб ўлдирганлар.

2 июл куни полициячилар қотилларини қидириш мақсадида ўтказилган амалиётда отишма келиб чиққан, полиция махсус кучларининг бир ходими ҳалок бўлган, уч нафари жароҳатланган.

Шу муносабат билан пойтахт Остонада Қозоғистон Ички ишлар вазири Калмуханбет Қасимов 5 июл куни матбуот анжумани уюштирган.

"Мен сизни ишонтириб айтаманки, уларни қўлга олиш учун ҳамма чоралар кўрилаяпти", деб айтган Ички ишлар вазири.

Қозоғистон расмийларига кўра, улар қуролли ҳужумчилар ким эканлигини биладилар.

Матбуотда олти гумондор исм-шарифлари эълон қилинган.

Мухбирларнинг ёзишларича, бу каби ҳужумлар Россиянинг Шимолий Қофқози, қўшни Ўзбекистон ёки Тожикистонда юз берган пайтда расмийлар исломий жангариларни айблашади.

Бироқ Қозоғистон Ички ишлар вазири ҳужум сабаби ҳали ноаёнлигини айтган.

Журналистларнинг "қидирув эълон қилинган шахслар радикал исломий ҳаракатлар аъзолари бўлиши мумкинми", деган саволига жаноб Қасимов шарҳ беришдан бош тортган.

"Ҳозир биз отишма сабабларини аниқлаш устида иш олиб бораяпмиз", деб айтган вазир жаноблари.

Қозоғистонда бундай ҳужумлар камдан-кам учраган, охирги ҳафталарда эса зўравонликлар кучайгани кузатилган.

Май ойида Ақтўба маъмурий бинолари яқинида худкушлик ҳужуми содир этилган, оқибатда уч киши жароҳатлангани хабар қилинган.