Тожикистон қамоқхонасида Би-би-си мухбирининг тақдири қандай кечмоқда?

Янги лойиҳамга ҳозирлик кўрарканман, ўтган қиш 19-асрда Марказий Осиёга юборилган британиялик ҳайъатларнинг фаолиятига оид оид ўнлаб китобларни ўқиб туширгандим.

Уларнинг сафаридан мақсад эса, қиролича ҳазрати олияларининг қамоқхоналарга ташланган ёки Мовароуннаҳрнинг шафқатсиз ҳукмдорлари томонидан боши танасидан жудо қилинган фуқаролари тақдирига ойдинлик киритиш бўлган.

Алал-оқибат, мен бу мавзудан чалғиб, умуман бошқа нарса ҳақида китоб ёздим.

Орадан бир йилча вақт ўтиб, энди бу мавзуга бошқа қайтмасам керак, деган хаёлга ҳам бориб қолгандим. Йўқ, адашган эканман.

Ҳамкасбим Ўринбой Усмонни нега ҳибсга олганликларини билиш учун ўтган ҳафта ўзим Тожикистонга сафар қилдим.

Чунки уни Тожикистонда фаолияти тақиқланган "Ҳизбут-Таҳрир" исломий гуруҳига алоқадорликда айблашаётганди.

"Ҳизбут-Таҳрир"

"Ҳизбут-Таҳрир" исломий партияси барча мусулмон давлатларини бирлаштирувчи исломий халифат ғоясини илгари суради.

Тожикистон дохил кўплаб Марказий Осиё давлатларида партиянинг фаолияти тақиқланган. Гарчи Британия мисолида бундай деб бўлмаса-да.

Сафарим давомида негадир менинг хаёлимга ҳам "қиролича ҳазрати олиялари қўл остидагиларининг тақдирига ойдинлик киритиш", деган инглизча ибора келди.

Тожикистонда эканман, бундан икки аср бурун британиялик вакиллар тўқнаш келган қийинчиликлар ҳақида ҳам кўп ўйладим.

Сафар

Сафарим Тожикистон пойтахти Душанбедан бошланди.

Мен у ерда Тожикистон Ташқи ва Ички ишлар вазирлиги амалдорлари билан учрашдим.

Ўринбой Усмоннинг ҳибсга олиниши борасида энг аввало уларнинг мавқеини билмоқчи бўлдим.

Чунки бундан дунёнинг кўплаб давлатлари норози эканига қарамай, улар деярли шу пайтгача миқ этмай келишаётганди.

Бошқа томондан, бу хусусда уларга Би-би-сининг мавқеини ҳам изҳор этмоқчи эдим.

Мухбиримизга нисбатан илгари сурилган айбловларга ишониш учун ҳеч бир асосимиз йўқлигини англатмоқчи бўлдим.

Ўринбой Усмон Тожикистонда фаолият олиб бориш учун расмий ҳужжатга эга, ўз журналистик фаолиятини қонунга мувофиқ олиб борган ва шу сабабдан ҳам, зудлик билан озод этилмоғи лозим эди.

Мен дунёнинг кўплаб давлатлари ўтказаётган босим тожик ҳукуматининг бироз ғашига тегаётганини пайқадим.

Тожикистонлик масъуллар наздида бу - мамлакатнинг обрўйига путур етказаётган эди.

Улар бу ишни тезроқ ҳал этиш истагида эканликларига ишора қилишди.

Лекин, шунга қарамай, тергов жараёнида Ўринбой Усмоннинг "Ҳизбут-Таҳрир" билан қандайдир алоқалари борлигига далолат қилувчи "жиддий далиллар" аниқланганини кўп марта такрорлашди. (Мен бу далилларга кейинроқ яна қайтаман).

Душанбеда мен яна бир қанча дипломатлар билан учрашдим.

Маҳаллий журналистлар уюшмасининг йиғинида иштирок этдим.

Уларга ҳам ҳар биримиз Ўринбой Усмоннинг аҳволига тушишимиз мумкинлигини тушунтирмоқчи бўлдим.

Ўша пайтга келиб бу шунчаки даъват эмасди. Бу - миямга ўрнашиб қолган фикр эди.

"Мен бу ерда, шинам меҳмонхонада ётган бир пайтимда, Ўринбой-чи,.." деган фикр кечалари менга уйқу бермасди.

Ўринбой Усмон кечираётган тунлар менга қоронғу эди: навбатдаги тергов, ҳибсхона ҳужрасида ўтказилган тун, ҳужрадошларининг ҳақоратлари...- нима бўлган тақдирда ҳам, унинг маҳкумлик ҳаётини жуда оғир ҳазм қилаётганига ишончим комил эди.

Биз машинада тоғ оша олти-етти соат йўл босиб, дам олиш куни Ўринбой Усмон ҳибсда тутиб турилган Хўжанд шаҳрига етиб келдик.

Душанба куни эса, Тожикистонда байрам - Мустақиллик куни эди.

Хўжанд: Оила қайғуси

Ўринбой Усмоннинг яқинлари ва дўстлари унинг тақдиридан хавотирдалар. Оиласи эса, у билан фақат бир марта кўришишга муваффақ бўлган, холос.

Сирдарё қирғоқларида қад ростлаган қадим Хўжанд шаҳрини Искандар Зулқарнайн барпо этган, деб ишонилади.

Агар шароит бошқача бўлганида, мен бу шаҳарнинг гўзаллигидан мазза қилиб роҳатланган бўлардим.

Аммо бунинг ўрнига мен ва яна бир ҳамкасбим ҳибсдаги мухбиримиз билан учрашиш учун у ишлаган идора ва ҳимоячиси орасида зир югурардик.

Буларнинг ҳаммаси иш юзасидан эди. Ва ҳаттоки, одатий тус ҳам олиб қолганди.

Бироқ кечқурун Ўринбой Усмоннинг уйига борганимизда, булар барчасининг ўрнини бирданига оддий инсоний оғриқ эгаллади.

Унинг аёли ва фарзандлари оталарининг ҳибсга олинишидан руҳий ларзага тушишган ва чуқур қайғуда эдилар.

Бундан бор-йўғи бир неча ҳафта бурун эса, улар оталарининг қутлуғ 60 ёшга тўлишини орзиқиб кутишаётганди.

Ўринбой Усмон Тожикистондаги таниқли ёзувчи ва шоирлардан саналади.

Шу сабабдан ҳам, қилган хизматлари учун маҳаллий масъуллар унинг 60 ёшлик юбилейини кенг миқёсда нишонлаш қарорида бўлишган.

Аммо, кутилмаганда, йўқ ердан уни ҳибсга олиб, эртаси куни уйида тинтув ўтказишади.

Ўринбой Усмон негадир ўша куни оила аъзолари билан видолашади.

Ҳибсхонада ўтказган илк тунини назарда тутиб, “бу кеча омон қолмасам керак”, дейди.

Оиласи эса, ҳануз ўша учрашувни миридан-сиригача муҳокама этишади: Ўринбой Усмон қандай кўринишда бўлгани, нималар дегани ва хонада бўлган махсус хизмат ходимлари унинг оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзга қанчалик ҳушёр бўлишгани ва ҳоказо...

Менинг қўлимдан келгани эса, фақат юпатиш бўлди, холос.

Мен Ўринбой Усмоннинг ҳамкасблари ҳам унинг тақдиридан чуқур хавотирда эканликлари ва озодликка чиқиши учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қилишимизни айтдим.

Ўринбой билан учрашувга ҳозирлик

Дам олиш ва байрам кунлари эканига қарамай, биз кўп киши билан, жумладан, Ўринбой Усмоннинг ҳимоячиси Файзинисо Воҳидова билан ҳам учрашдик.

У билан бирга ҳужжатларни кўриб чиқаётган чоғимизда объектив ва субъектив далилларни ўз ичига олувчи жиноят состави йўқлигини илғадим.

Ҳа, Ўринбой Усмон журналистик фаолияти доирасида, яъни суҳбатлашиш учун “Ҳизбут-Таҳрир” аъзолари билан бир неча бор учрашган. Компьютери файлида ушбу партияга алоқадор маъмулотлар ҳам бўлган.

Бироқ у – Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг рухсатномаси билан фаолият олиб бораётган малакали журналист эди. Ва Би-би-си мухбири сифатида минтақада юз бераётган ҳодисалар, жумладан, диний муаммоларни ҳам ёритиши лозим бўлган.

Тартиб-қоидаларга келганда эса, ҳатто, Тожикистон қонунларида ҳам меъёрлар журналистлар ва фуқаролар учун фарқлидир.

Худди хавотирларимиз ва гумонларимизга жавобан қилгандек, терговчилар ўша онда мухбиримизга қўйилган икки айбловни олиб ташлашга қарор қилишди.

Айбловлардан бири Ўринбой Усмоннинг “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига алоқадорлиги, иккинчиси эса, унинг ғояларини тарғиб этиш мазмунида эди.

Аммо фирқанинг фаолияти ҳақида лозим идораларга хабар бермасликка оид айб сақлаб қолинди.

Ҳозир асосий муаммо ҳам айнан терговчиларнинг Ўринбой Усмонга қўйилган ана шу айбни ҳам олиб ташлашга ёр бермаётганликларидир.

Чунки, бундай қилган тақдирларида, Ўринбой Усмонни ҳибсга олган ва унга нисбатан жиноий иш қўзғаган терговчи ҳамда прокурор қилган қилмиши учун жавоб бериши лозим бўлади.

Тергов эса, ҳануз давом этмоқда.

Сешанба куни тонгда Тожикистон Давлат Миллий хавфсизлик қўмитасининг маҳаллий бўлимига келишга рухсат беришмагунча, мен ана шундай фикрда эдим.

Икки қаватли узун бинонинг яқинида эса, кўзимиз 40 ёшларда бўлган аёлга тушди.

Аён бўлишича, у икки ойдан бери ўғли билан кўришишга рухсат ололмай овораю сарсон экан.

Унинг ўғли ҳам худди Ўринбой Усмонга қўйилган айбларда айбланаётган экан.

Сочи калта қилиб тарашланган ва кўзида ўт ёниб турган Миллий Хавфсизлик хизмати ходими мени ичкарига таклиф қилди.

Миллий Хавфсизлик хизматидаги учрашув

Би-би-си журналистлари Ўринбой Усмонни дастаклаб, Лондонда бир неча бор норозилик акцияси ўтказишди.

Иккита стол ва олтита стул қўйилган оддийгина хонада хавфсизлик хизматининг икки ходимидан ташқари, яна икки нафар маҳаллий журналистга ҳам кўзим тушди.

Ўринбой Усмонни олиб келишганида у билан атайдан қучоқ очиб кўришдим. Оғриқни қанчалар ҳис этишини билиш учун бағримга қаттиқроқ босишга ҳаракат қилдим.

Сўнгги бор кўрганимдан кўра анча озибди.

Столнинг қарама-қарши томонларига ўтирдик.

Мен Ўринбой Усмонга ҳамма уни қўллаб-қувватлаётгани, унинг озод этилиши учун қўлимиздан келган барча ишни қилишимиз, унинг бегуноҳ эканига қаттиқ ишонишимизни айтдим.

Аммо у миқ этмасди. Кўзлари миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонига қараганди.

Мен унинг ҳеч бир ёмон иш қилмагани, шу сабабдан ҳам, ҳар қандай қоғозни имзоламаслиги лозимгини ўқтираётган чоғимда, терговчи , “Тўхтанг, тўхтанг, сиз у кишига нимани ўргатаяпсиз”, деб бақириб қолди.

Мен фақат Би-би-сининг мавқеини тушунтираяпман, деб жавоб бердим.

- Ҳимоячи киритиб берган ва сизни қўллаб-қувватлаб ёзилган мақолаю мактубларни ўқидингизми, деганимда эса, Ўринбой Усмон асабийлашиб, “Ҳозир мен ҳеч нарса ўқий олмайман, бошимга ҳеч нарса кирмайди,” деди.

Кейин эса, негадир жўшқинлик билан, “Журналистлар шов-шувнинг ортидан қувмасликлари керак, улар ўз фуқаролик бурчларини ёдда тутишлари лозим”, деди.

Мен бу каби сўзларни тожик амалдорларининг оғизларидан ҳам бир неча бор эшитганман.

Кейин эса, йўқ ердан, “Мен президентимиз қураётган одил ва замонавий жамиятга ишонаман. Ва президент томонидан тайин этилган кишилар (кўзи билан хавфсизлик мулозимларига ишора қилиб) адолатни қарор топтиришларига иймоним комил”, деди.

Учрашувимиз шу билан якун топди.

Мен бундан даҳшатга тушгандим ва бу ҳақда учрашув ортидан миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг тўғридан-тўғри ўзларига ҳам айтдим. Аммо ўшандаги бутун ҳолатимни атайдан қоғозга туширмоқчи эмасман.

Лекин ўша қисқа учрашувимизга хаёлан қайтиб, унинг ҳар бир икир-чикирини миямда муҳокама этарканман, Ўринбой Усмон, “Бу-ку, келади, қўллаб-қувватлайди ва кетади. Мен эса, мана бу терговчилар, мана шу ҳибсхона ва шу давлатда қоламан”, деган ўйда бўлган бўлса керак, дедим.

Ана шу чидаб бўлмас фикр қайта-қайта хаёлимга келаверади.