Туркманистон Президенти мухолифатни сайловларга таклиф қилди

Image caption Туркманистон Президенти мухолифат вакилларини сайловларда иштирок этишга таклиф қилди.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммадов вазирлар маҳкамасида қилган чиқишида мамлакатда адолатли ва эркин президентлик сайловини ўтказишни ваъда берди.

У шунингдек, муҳожиротдаги мухолиф гуруҳларини айни сайловда иштирок этишга таклиф қилди.

Биз ўзларини мухолифат деб атайдиган гуруҳлар билан мулоқотга тайёрмиз, деб айтар экан жаноб Бердимуҳаммадов, уларнинг вакиллари сайловда иштирок этишмоқчи бўлса мен уларга тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратишга кафолат бераман деган.

Мустақил Туркманистон тарихида ҳеч қачон эркин ва адолатли сайлов ўтмаган.

Мамлакат собиқ Президент Ниёзов ва ё Туркманбоши қўли остида энг тазйиқкор диктаторлик тузум сифатида танилганди.

Аксарият кузатувчилар, янги Президент Бердимуҳаммадов Туркманбошининг шахсга сиғиниш сиёсатини анча ислоҳ қилгани билан - моҳиятан Туркманистонда кўзга кўринарли ислоҳотлар кечмаганини айтишади.

Президент Бердимуҳаммадовнинг мухолифатни келаси йилга мўлжалланган Президент сайловларига таклиф қилиши нималарни англатади?

Мухолифат бу таклифга қандай қарайди? Би-би-си ана шу саволлар билан Туркманистоннинг муҳожиротдаги кўзга кўринган мухолифат намоёндаларидан бири Нурмуҳаммад Ханамовга мурожаат қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ashgabat
Image caption Президент Бердимуҳаммадов марҳум Туркманбошининг шахсга сиғиниш сиёсатини анча ислоҳ қилгани билан - моҳиятан мамлакатда кўзга кўринарли ислоҳотлар кечмагани айтилади.

Жаноб Ханамовга кўра, биринчидан барча мухолифат гуруҳлари раҳбарлари, халқ ҳаракатларининг кўзга кўринган намоёндалари Туркманистонда маҳкама томонидан ҳукм қилинганлар.

"Масалан, мен 2002 йил ноябр воқеалари - Туркманбошининг жонига қасд қилиш ҳаракати ва давлат тўнтаришига уриниш каби айблар билан сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилганман. Марказий Банкнинг собиқ раиси Худойберди Оразов ҳам шу каби айбловлар билан ҳукм қилинган. Бу ҳолатда қандай қилиб ватанга қайтиш мумкин? Борганимиз билан, ана холос, сизлар ҳукм қилингансизлар энди қамоқхонага марҳамат дейишмайдими? Шунинг учун ҳам биз бу каби ваъдаларга ишонмаймиз", деди Ханамов жаноблари.

Туркманбоши даврида қатор давлат вазифаларида ишлаб келган Нурмуҳаммад Ханамов ҳукумат Туркманбоши даврида чиқарилган суд қарорларини, ҳукмларини бекор қилиши керак, дея ҳисоблайди.

Биз Оврупо маҳкамасида бизга қўйилган айбловлар бўйича судлашишга тайёрмиз, бу ҳақда ҳукуматга айтганмиз, аммо бизни ҳамон ватан хоинлари, халқ душманлари деб аташади, дейди у.

Ҳар ҳолатда ҳам Президент Бердимуҳаммадовнинг бу галги очиқдан очиқ таклифи борасида эҳтимол мухолифат гуруҳлари жиддийроқ бош қотиришлари керак эмасми?

Туркманистоннинг ўзида мухолифат гуруҳлари йўқлиги назарда тутилса, Президент жаноб Ханамов каби мухолифатчиларни назарда тутаётган бўлиши мумкин эмасми, деган саволга жавоб берар экан, жаноб Ханамов албатта, у бизни, мени, Оразовни ва Масковдаги бошқа ҳаракат раҳбарларини назарда тутаётган бўлиши керак, дея айтди.

"Ватанга қайтаман деганлар ҳам бор. Рост, сайловлар ҳам яқинлашиб келмоқда, аммо халқаро ҳамжамият, Ғарб давлатлари - Туркманистоннинг ватан ташқарисида бўлган мухолиф гуруҳлари ватанга қайтишса уларнинг хавфсизлигига кафолат берармикан" деган саволни ўртага ташлади Нурмуҳаммад Ханамов.

"Биз мулоқотга ҳам, ватанга қайтишга ҳам тайёрмиз. Аммо бизга чиқарилган ҳукмлар бекор қилинсин. Халқаро ҳамжамият, Ғарб давлатлари ва Америка Қўшма Штатлари бизнинг қайтишимиз ва сайловларда иштирок этишимизда хавфсизлигимиз борасида кафолат беришсин, биз албатта қайтамиз", дейди Нурмуҳаммад Ханамов.