Хўжанддаги худкушлик ҳужумига алоқадорликда айбланганлар устидан маҳкама бошланди

Хўжанддаги портлашда 4 киши нобуд бўлганди
Image caption Хўжанддаги портлашда 4 киши нобуд бўлганди

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида ўтган йил Хўжанд шаҳридаги Сўғд вилоят Ички ишлар бошқармасига қилинган ҳужумга алоқадор кўрилаётган 53 киши устидан маҳкама жараёни бошланди.

Тергов хулосасига кўра, 3 сентябр куни Акмал Каримов исмли шахс портловчи моддалар тўлдирилган машинани ички ишлар бўлими биноси томон ҳайлаб бориб, портлатиб юборган.

Сўғд вилоят Ички ишлар бошқармасининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ҳовлисида юз берган портлаш натижасида худкуш ҳужумчидан ташқари уч нафар милиция ходими ҳалок бўлганди. Яна 30 яқин инсон яраланганди.

Ҳозирда маҳкамага тортилаётганлар ҳужумни тайёрлашга алоқадор кўрилмоқдалар.

'ЎИҲ аъзолари'

Би-би-сининг Душанбедаги мухбири Мардони Муҳаммадга кўра, маҳкамага тортилган 53 кишининг аксари Истаравшан шаҳри яшовчиларидир. Улар орасида ўтган йилги ҳужумни амалга оширгани айтилган Акмал Каримовнинг биродари Фирдавс Каримов ҳам борлиги айтилади.

Хўжанддаги портлашни содир этган худкуш ҳужумчи аслида Истаравшан туманидаги қишлоқлардан биридан эканлиги аниқлангач, у ерда исломий жангариларни аниқлаш ва ҳибсга олишлар бошланиб кетганди.

Акмал Каримов ҳамда маҳкамага тортилган 53 шахсни расмийлар "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" аъзоси сифатида тақдим этишмоқда.

"Уларга асосан террористик амалиётларда иштирок этиш, жинояткор гуруҳларга аъзолик айбловлари қўйилмоқда ва уларнинг Сўғд вилоятида юз берган террористик амалиётларда қўллари борлиги айтилмоқда. Аммо, аниқ далиллар ҳозирча келтирилмаган", дейди мухбиримиз.

Сўғд вилояти маҳкама биносида ўтаётган суд жараёни ёпиқ шаклда ўтмоқда.