Британиянинг Тожикистондаги элчиси: 'Ўринбой Усмон масаласи бизнинг эътиборимизда'

Британиянинг Тожикистондаги элчиси Тревор Моор Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Тревор Моор: 'Бизнинг асосий хавотиримиз ҳозир Ўринбой Усмоновнинг саломатлиги билан боғлиқ'

Би-би-сининг Тожикистондаги мухбири Ўринбой Усмоннинг ҳибсга олинганига бугун роппа-роса бир ой бўлди.

Ўринбой Усмонов шу йил 13 июнда Тожикистон Хавфсизлик Қўмитаси ходимлари томонидан мамлакатда фаолияти таъқиқланган партия - "Ҳизб ут-Таҳрир"га алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олинган эди.

Ўринбой Усмоннинг ўзи ва Би-би-си унинг мутлақо айбсизлигини такрор-такрор таъкидлаб келади ва унинг ҳаракатлари журналистик касбий фаолияти асосида бўлганлигини айтадилар. Тергов томони шу пайтгача Ўринбой Усмоннинг айбини исботловчи далилларни келтирмаган.

Ўшандан буён кўплаб халқаро ташкилотлар, ғарб элчихоналари, журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари баёнотлар тарқатиб, расмий Душанбедан Ўринбой Усмоновни дарҳол озод этишни талаб қилдилар.

Унга нисбатан айбловларнинг олиб ташланишини талаб қилаётганлардан бири Британиянинг Тожикистондаги элчиси Тревор Моор:

Тревор Моор: Биз Тожикистон мулозимлари билан мунтазам алоқадамиз, шунингдек, Би-би-си билан ҳам яқиндан ишламоқдамиз. Мен Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ва ҳукуматнинг бошқа идоралари билан Ўринбой Усмонов ҳақида гаплашмоқдаман.

Image caption Ўринбой Усмон ҳибсга олинганига бир ой тўлди

Би-би-си: Сизга Тожикистон мулозимлари нима дейишмоқда?

Тревор Моор: Улар Ўринбой Усмоновни ҳибсга олишгач, аввалига уни мени англашимча, "Ҳизб ут-Таҳрир"га алоқадорликда айблашди. Шунингдек, у бу гуруҳга алоқадор маълумотларга эга бўлган ҳолда мулозимларни огоҳлантирмасликда айбланган эди. Табиийки, биз ҳам Би-би-си ҳам бу айбловлардан норозидир.

Би-би-си: Мулозимлар бу каби айбловлар учун қандайдир далил-исбот бор - йўқлигини айтишдими?

Тревор Моор: Йўқ, аниқ қилиб айтишгани йўқ. Бизнинг асосий хавотиримиз ҳозир Ўринбой Усмоновнинг саломатлиги билан боғлиқ. Кейин бу жараённинг қонунга мос ўтиши ва ундан сўнг айбловлар эди... Биз рисоладагидай ва қонуний жараён йўлга қўйилиши керак деб ўйлаймиз. Бу борада хавотирдамиз. Ҳозирги паллада биз мулозимлардан қандай исбот далилларингиз бор деб сўролмаймиз.

Би-би-си: Ўринбой Усмоновни ҳибсга олишганидан кейин бир ой ўтди. Британия элчихонаси бу борада яна қандай босим кўрсатиши мумкин?

Тревор Моор: Мен айтишим мумкинки, биз Би-би-си билан биргаликда ҳаракат қилмоқдамиз. Мен Би-би-си мулозимларининг Тожикистонга қилган сафарларини қўллаб қувватлайман бу ўринда... Мен Ташқи ишлар вазирлиги билан бу масала устида ишламоқдаман. Тожикистон ҳукуматига уларнинг халқаро маъсулиятларини эслатмоқдаман. Масалан, уларнинг Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат ўлароқ ўз зиммаларига олган мажбуриятлари бор. Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида имзолаган шартномалари мавжуд. Айни ҳолатда ҳам бу мажбуриятлар ва шартномалар ҳурмат қилишини керак.

Image caption Би-би-си раҳбарияти қарори билан Би-би-си ходимлари Ўринбой Усмонов озодлигини талаб қилиб, ҳар чоршанба куни Лондонда намойиш ўтказмоқдалар

Би-би-си: Бу яна қанча давом этиши мумкин деб ўйлайсиз?

Тревор Моор: Кеча биз тергов тугаганинидан хабардор бўлдик. Натижалар Тожикистон Бош прокурори идорасига жўнатилганлиги ҳам айтилди. Энди Бош прокурор идораси қарор бериши керак. Бу масала юзасидан айблов эълон этиладими ва ёки йўқ деган саволга жавоб бериши лозим. Менинг тушунимча, ҳозирда Ўринбой Усмонов масаласига Президент Раҳмоннинг ўзи эътибор қаратмоқда... Биз назаримда, муҳим бир палладамиз ва биз - Британиянинг Тожикистондаги элчихонаси бу паллада жуда фаолмиз.