Қозоғистонлик олигарх Буюк Британиядан сиёсий бошпана олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қозоғистонлик қувғиндаги олигарх ва собиқ ҳукумат вазири Мухтор Аблязов Буюк Британияда сиёсий бошпана олди.

Бу ҳақда унинг ҳимоячиси Локскли Райан Би-би-сига билдирди.

Расмий Остона ҳозирча британ расмийларининг ушбу қарорига ўз муносабатини билдирмади.

Бунга Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таътилда экани ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Жаноб Аблязов ҳимоячисига кўра, мижозининг сиёсий бошпана сўраб, мурожаат этишига "Қозоғистонга қайтган тақдирда, сиёсий таъқибларга учраши мумкинлиги" сабаб бўлган.

Мухтор Аблязов ўз вақтида МДҲ ҳудудидаги энг йирик хусусий банклардан бири - БТА Директорлар кенгашининг раиси бўлган.

Банк 2009 йилда давлат қарамоғига олиниб, банкрот, деб эълон қилинган.

БТА кредиторлари орасида Barclays, Morgan Stanley ва Royal Bank of Scotland каби йирик халқаро банклар бўлган.

"Ноқонуний миллиардлар"

Қозоғистонлик масъулларга кўра, Мухтор Аблязов банкнинг 4.5 миллиард долларга тенг активларини ноқонуний равишда четга олиб чиқиб кетган.

Собиқ банкирнинг ўзи эса, сиёсий важларга асосланиб, таъқиб этилаётганини айтади.

Мухтор Аблязов мухолифатдаги "Қозоғистоннинг Демократик танлови" ҳаракати асосчиларидан биридир.

У, яна шунингдек, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ва Бош вазири Карим Масимовларнинг ашаддий танқидчиси ҳам ҳисобланади.

Сўнгги қарор нимани англатади?

Сиёсий бошпана берилишига оид қарор жаноб Аблязовнинг на-да Қозоғистон ва на-да Россияга топширилишини англатади.

Қозоғистон уни халқаро қидирувга берган бўлса, Россияда сиртдан ҳибсга олиш буйруғи берилган.

Расмий Москва Мухтор Аблязовни БТА активларини ноқонуний равишда четга олиб чиқиб кетиш ва товламачиликда айблайди.

Бироқ Лондоннинг ўзида ҳам жаноб Аблязовга қарши қатор жиноий ишлар очилган ва ҳимоячисига кўра, улар ҳануз кўриб чиқилмоқда.

Собиқ банкирнинг ҳисоблари музлатилган.

Шу йилнинг май ойида БТА Лондон Олий маҳкамасига Мухтор Аблязовни ҳибсга олинишини сўраб, мурожаат ҳам этганди.

Банкнинг даъво қилишича, жаноб Аблязов 600 дан ортиқ сохта ширкатлардан фойдаланиб, британ масъулларидан ўз бойлигининг бир қисмини яшириб келади.

Мухтор Аблязов ўзига қарши сурилаётган барча айбловларни рад этади.

Қозоғистонлик сиёсатчиларга кўра, қозоқ ҳукумати воқеаларнинг бу йўсин ривож топишини кутмаган.

Улар Мухтор Аблязовни ортга экстрадиция этмаслик қарори қозоғистонлик расмйиларнинг ғазабларини тошириши тайин, дейишади.

.