Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси Би-би-си мухбирини тўла оқлашни талаб қилди

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган халқаро Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоннинг ҳибсдан қўйиб юборилишини олқишлади.

"Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси июн ойида Тожикистонда ҳибсга олинган Би-би-си Жаҳон хизмати мухбири Ўринбой Усмоновнинг озод этилганини олқишлайди ва расмийларни уни тўла оқлашга ҳамда унинг сафар қилишига жорий этилган чекловни олиб ташлашга чақиради", дейилади ташкилот эълон қилган баёнотда.

Оиласи бағрига қайтган Ўринбой Усмон толиққан эса-да, ниҳоятда бахтиёр эканини айтди.

У ўзини қўллаб-қувватлаганларнинг ҳар бирига чуқур миннатдорлик билдирди.

Би-би-си ўз мухбирининг озод этилганини олқишлади.

"Тожик расмийлари бизнинг чақириқларни кўриб чиққанидан руҳландик. Биз бошиданоқ Ўринбойнинг гуноҳсиз экани ва у фақат Би-би-си учун хабарлар йўллаб турганига ишонишимизни айтганмиз. Биз Ўринбой оиласи ва дўстлари унинг озод этилганидан бахтиёр эканликлари ҳамда Би-би-сидаги ҳамкорлари ва бутун дунё томонидан берилаётган дастакни қадрлашларини биламиз," - деди Би-би-си Жаҳон Янгиликлари директори Питер Ҳоррокс.