Ўзбек-Қирғиз чегарасининг ёпиқлиги боис Қирғизистонда минерал ўғитлар қимматлади

Фермер Ойбек(2009 йил кузида олинган сурат)

Қирғизистон жанубида зироатчилик билан шуғулланаётган фермерларнинг айтишларича, Ўзбекистон билан Қирғизистон чегарасининг ёпиқлиги сабабли деҳқончиликда фойдаланиладиган минерал ўғитларнинг нархи ўтган йилга қараганда уч баравар қимматлаган.

"Аммофос", "Супер фосфор" ва "Селитра"ларнинг бир килограмми шу кеча-кундузда 32-34 Қирғизистон сомига баҳоланмоқда.

1 АҚШ доллари эса 45 Қирғиз сомидан зиёдни ташкил этаяпти.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг икки томонида истиқомат қиладиган оддий одамларнинг айтишларича, амалда икки мамлакат чегаралари 2010 йилдаги қонли ҳодисалардан сўнг ёпиғлигича қолмоқда.

Шунга қарамасдан, Ўзбекистондан Қирғизистонга деҳқончилик маҳсулотлари, ёқилғи ва минерал ўғит кабилар баъзан қонуний, баъзан ноқонуний олиб ўтилиши ҳамон давом этаётганини кўриш мумкин.

Қирғизистон Ўзбекистонга олиб ўтказиладиган асосий товарлар Хитойда ишлаб чиқарилган истеъмол молларидир.

Россиядаги "Регнум" ахборот агентлиги Ўзбекистон ўзининг ички бозорини ҳимоя қилиш мақсадида шу йил 1 июнидан деҳқончилик ва полиз маҳсулотлари, мева-сабзавотни қўшни республика ҳудудига олиб ўтишни чеклагани ва бунинг натижасида Ўзбекистоннинг ўзида айрим маҳсулотлар арзонлагани ҳақида хабар тарқатган.

Аксинча, қўшни Қирғизистон бозорларида қимматлашиш кўзга ташланмоқда.

Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида якка фермер сифатида фаолият юритадиган Маҳмуджон ота Қўчқоров ўзларига бу йил анча муаммоли йил келганини айтади.

У икки ўғли билан 3 гектар ерда деҳқончилик қилади, бу йил кунгабоқар, сабзи, ловия, гармдори экишган.

Маҳмуджон ота сўзларига кўра, ўтган йили 9-10 Қирғиз сомига сотиб олинган минерал ўғитларнинг бир килограмми 32 сомдан сотилаяпти.

"Ўтган йили бир тонна минерал ўғит сотиб олгандим, бу йил умуман қурбим етмади. Бу 32 сомга дори олиб солиб, қайси деҳқон барака топади?", дейди фермер отахон.

"Ерлар "чарчаган", дори солмасангиз бўлмайди. Бунинг устига бензин-солярка қиммат, 37-40 сом. Бу йил сув ҳам кам", дейди Маҳмуджон ота Қўчқоров.

Қирғизистонлик фермерлар бу йил бозорларда пайдо бўлган минерал ўғитларнинг Россия заводларида ишлаб чиқарилганини, бироқ қимматлигини айтишади.