Қирғизистон:Аравондаги муштлашувдан сўнг вазият милиция назорати остида

Image caption Аравон марказини милиция ходимлари назорат қилаётганликлари айтилмоқда.

Жанубий Қирғизистондан келаётган хабарларга кўра, Ўш вилоятига қарашли Аравон тумани марказини милиция ходимлари қўриқлай бошлаган.

Бунга сабаб якшанба куни Аравон бош бозорида юзага келган тортишув дейилмоқда.

Воқеада бир қатор ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб такси ҳайдовчилари иштирок этишгани айтилади. Айни дамда туман бозори ёпилган, лекин атрофда тинчлик.

Бу жанжалга сабаб бўлгани Аравондаги марказий бозор яқинида машина йўлни тўсиб қўйганидир.

Жанжал оқибатида қирғиз миллатига мансуб ҳайдовчи кеча кечқурун касалхонага ётқизилган.

Аммо бу ҳақда у милицияга хабар бермаган.

Тонгда эса ҳайдовчининг элликдан юзгача бўлган яқинлари, дўстлари ва қариндошлари бозор яқинига тўпланадилар.

Улар жанжал сабабчилари ҳибсга олиниши ва бозор унгача ёпиб қўйилишини талаб қилдилар.

Бозордаги сотувчилар хавотирга тушишган ва расталарни қулфлаб тарқалишган.

Ўш шаҳридан бир неча юз милиция ходими вазиятни барқарорлаштириш учун етиб келган.

Улар норози оломон ва маҳаллий аҳоли билан суҳбат қуришган.

Мақсад оломон йиғилишининг олдини олиш бўлган.

Милицияга кўра, улар бир неча кишини тергов қилишмоқда ва бу жанжални безорилик деб таърифламоқда.

Милиция шунингдек, агар жабрланувчи жанжалдан кейин милицияга арз қилганида эди, вазият бунақа қалтис вазият вужудга келмасди демоқда.

Милиция воизи шунингдек, маҳаллий матбуот йиғилганларнинг сонини бўрттириб кўрсатмоқда, оддий безориликни миллий қарама қаршилик сифатида тақдим қилмоқда, дея норозилигини изҳор этган.

Маҳаллий аҳоли вакиллари ББСга бу каби ҳодисалардан безиб қолишларини айтишган.

Бозор маъмурлари эса савдогарлар эртагаёқ ўз расталарига қайтишларига ишончлари комил эканини айтишмоқда.

Июн воқеаларидан бир йил ўтган эсада, бу жанжал вазиятнинг қанчалар нозик қолаётганини кўрсатади.

Одатда жанжаллар ва қарама қаршилик анчайин майда муаммолар - масалан, такси тўловлари ва ё бензин устидан чиқади.

Сўнгги жанжалда милициянинг зудлик билан етиб келиши эса, мулозимлар вазият қалтис қолаётган минтақада ортиқ бу каби воқеаларга енгил қарамаётганларини кўрсатади.