Нега бугун Қозоғистонда сиёсий ворислик масаласи кўтарилиб қолди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images

Агар Президент Нурсултон Назарбоев тўсатдан истеъфога чиқса, унинг куёви Темур Қулибоев Қозоғистон раҳбари бўлиши мумкин.

Бу ҳақда айтган Қозоғистон президентининг катта маслаҳатчиси Ермуҳамет Ертисбаев Москвада нашр этилувчи "Коммерсанть" рўзномасига маълум қилган.

Унинг бу сўзлари ўтган ҳафта Олмония матбуотида Президент Нурсултон Назарбоевнинг простата саратонидан даволаниш учун Ҳамбург шаҳрида жарроҳлик амалиёти ўтказгани ҳақидаги хабарлар ортидан янграган.

Нурсултон Назарбоевнинг ўртанча куёви Темур Қулибоев Қозоғистон Ялпи Ички маҳсулотининг 53 фоизини идора этувчи "Самрук Хазина" фондига раҳбарлик қилади.

Хўш, нима учун айнан ҳозир Қозоғистон етакчи мулозимларидан бири ворислик ҳақида гапириб қолди?

Би-би-си ушбу савол билан нуфузли "Экономист" ҳафтаномасининг Қозоғистондаги мухбири Бэргит Брауэрга мурожаат этди.

Бэргит Брауэр: Қозоғистонда президент вориси масаласи узоқ пайтдан буён мубоҳаса этиб келинади. Бундай баҳсларнинг бошланганига ҳафталар ёки ойлар эмас, ҳаттоки йиллар бўлаяпти. Аммо бу гал президент вориси ҳақида гапирилаётганига ўтган ҳафта Олмонияда нашр этилувчи рўзномада Президент Нурсултон Назарбоев простата саратонидан даволаниш учун жарроҳлик амалиётини ўтказгани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган. Ушбу хабарларга кўра, Олмониянинг Ҳамбург шаҳрида жойлашган шифохонада жаноб Назарбоев жарроҳлик амалиётини ўтказган. Аммо бу хабар на олмон расмийлари ва на қозоқ расмийлари томонидан тасдиқланди. Шундай эсада, ўшандан буён "агар жаноб Назарбоев ишидан кетса, нима бўлади?" - деган миш-мишлар кучайиб бормоқда. Менимча, Президент Назарбоевнинг катта маслаҳатчиси жаноб Ертисбаев кимни ворис сифатида кўришни исташи ҳақида маълумот бераётганга ўхшайди. Охирги икки ойда юз берган воқеалар Тимур Қулибоевга тобора кўпроқ ишора қилаётганди.

Би-би-си: Тимур Қулибоев ким? У ҳақда нималар маълум?

Бэргит Брауэр: У Президент Нурсултон Назарбоевнинг ўртанча қизига уйланган. Апрелда бўлиб ўтган президентлик сайловидан кейин Тимур Қулибоев мамлакатдаги энг юқори лавозимлардан бирига тайинланган эди. У Қозоғистондаги деярли барча давлат корхоналарига эгалик қиладиган "Самруқ Хазина" жамғармаси раҳбари этиб тайинланганди. Бунинг ўзи Тимур Қулибоевнинг аллақачон ворис этиб тайинлангани ҳақидаги гапларни урчитиб юборди. Аммо бу ерда воқеалар тез-тез ўзгариб тургани учун кўп нарса ҳақида аниқ гапириш имконсиз. Аммо Президент Назарбоевнинг катта маслаҳатчиси, Қозоғистондаги энг қудратли шахслардан бири жаноб Ертисбаев бу ҳақда гапираётган экан, демак, воқеалар у айтган йўналишда бораётганга ўхшайди.

Би-би-си: Тимур Қулибоевга рақиблик қила оладиган бошқа шахслар ҳам борми Қозоғистонда?

Бэргит Брауэр: Жаноб Қулибоевнинг ворис бўлишини истамаётган шахсларнинг бор экани аниқ. Қозоғистонда турли хилдаги бизнес гуруҳлар бор. Бир неча кун муқаддам муҳожиротдаги мухолифат раҳбарларидан бири жаноб Қулибоевда президентлик салоҳияти йўқлигини айтди. Мухолифат раҳбари Тимур Қулибоев ўз кучи билан эмас, балки оилавий ришталар орқали кўп нарсаларга эришгани, аслида бунчалар катта лавозимга лойиқ эмаслигини таъкидлади. Хуллас, ворислик учун рақобат ниҳоятда кучли, деб айтишимиз мумкин.

Би-би-си: Қозоғистонда қудрат алмашинуви қўшни давлатлар сиёсатий муҳитига қанчалар таъсир кўрсатади деб ўйлайсиз?

Бэргит Брауэр: Ҳозирги босқичда бирор нарса дейиш қийин. Менимча, ҳозирда Озарбайжон мисолига қараш мумкин бўлар. У ерда ҳам ворислик масаласи кўтарилган ва ўғил ота ўрнини эгаллаган эди. Бу Қозоғистонда юз бериши мумкин бўлган воқеаларга яқин сценарий. Туркманистонда мутлақо бошқача сценарий билан ҳокимият алмашди. Бошқа мамлакатлар учун нисбий бўлсада сиёсий барқарорликнинг сақланиб қолиши муҳим. Бунга бир томондан жаноб Қулибоевни қудратга келтириш билан эришиш мумкин. Аммо бошқа томондан Қозоғистонда қудрат учун кучли рақобат юзага келиши мумкин. Чунки ҳозирда ҳукуматда кўплаб ўринлар ўзгараяти. Ўтган йилги президентлик сайловидан кейин турли гуруҳлар ўз мавқеларини оз-оздан кўрсата бошлашди.