'Нурсултон Назарбоевнинг сиёсий вориси куёви Тимур Қулибоев бўлиши мумкин'

Агар Президент Нурсултон Назарбоев тўсатдан истеъфога чиқса, унинг куёви Темур Қулибоев Қозоғистон раҳбари бўлиши мумкин.

Бу ҳақда айтган Қозоғистон президентининг катта маслаҳатчиси Ермуҳамет Ертисбаев Москвада нашр этиладиган "Коммерсанть" рўзномасига маълум қилган.

Тимур Қулибоев янада қудратлироқ салоҳиятга эга бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар шу йил бошида у Қозоғистоннинг "Самрук-Хазина"сига раҳбар этиб тайинланганида юзга келганди.

"Самрук-Хазина" мамлакатнинг асосий ишлаб чиқариш соҳалари, энергиядан тортиб, банклар ва транспортгача назорат қиладиган қудратли холдинг ширкатидир.

Россиянинг "Коммерсантъ" рўзномаси билан интервьюда Президент Назарбоевнинг маслаҳатчиси Ермуҳамет Ертисбаевнинг айтишича, президентнинг тўсатдан кетиши билан боғлиқ фавқулодда ҳолат юзага келса, Тимур Қулибоев Қозоғистон раҳбари лавозимини эгаллаши мумкинлиги назарий жиҳатдан мумкин.

Жаноб Ертисбаев сўзларига кўра, президентнинг куёви етарли малакага ва бошқарув тажрибасига эга, у жаноб Назарбоев бошлаб берган йўналишни давом эттира олади.

Қозоғистон президентининг маслаҳатчиси Нурсултон Назарбоевнинг хаста эканини рад этган, матбуотда пайдо бўлган хабарларни мунтазам ўтказиб туриладиган оддий тиббий текширувлардан бири, деб айтган.

FORBES бизнес журналига кўра, Тимур Қулибоев жаҳондаги миллиардерлар рўйхатига кирган, у Қозоғистондаги қатор давлат ширкатлари, хусусан энергия ширкатлари бошқаруви аъзоси ҳисобланади.

Жаноб Қулибоевнинг Қозоғистон бошқарув элитаси аъзолари билан яқинлиги унинг Нурсултон Назарбоевнинг ўртанча қизи Динарага уйланганидан деб билинади.

Жаноб Қулибоевни Қозоғистон нефт ва газ бойликлари билан боғлиқ қатор қаллобликларда номи тилга олинган.

Унинг ўзи бундай айбловларни рад этади, Қозоғистоннинг молиявий полицияси текширувлар пайтида бирор қонун бузилиши ҳоллари аниқланмаганини айтган.

Бирданига жаноб Қулибоевнинг Қозоғистон президенти бўлиши мумкинлиги ҳақидаги масала кўтарилгани сабаби аён эмас.

Қаттиқ назорат ҳукмрон бўлган Марказий Осиёнинг аксар мамлакатларида сиёсий ворислик мавзуси кўтарилиши ноодатийдир.

Сабаблардан бири жаноб Назарбоевнинг саломатлиги ҳақидаги гап-сўзлардан кейин "асабларни тичнлантириш" бўлиши мумкин.

Лекин Қозоқ расмийлари мамлакат иқтисоди глобал молиявий тизимга қаттиқ боғлангани ва бозордаги талотўпларнинг олдини олиш мақсадида ҳам ошкораликни намойиш этиш зарурлигини англамоқдалар.

Муҳожиротдаги Қозоқ мухолифатига кўра, Президент Назарбоевнинг сиёсий ворисини тайинлаш текис кечадиган жараён бўлмайди.

Муҳожир олигарх Мухтор Аблязов айтишича, Бош вазир Карим Масимов сингари сиёсатчилар президентлик учун курашга киришадилар.

Бироқ президент маслаҳатчиси Ермуҳамет Ертисбаев воқеаларнинг бу каби ривожланишини рад этади, унинг сўзларига кўра, жаноб Назарбоевнинг гуруҳи бирлашгандир.