Ўзбекистонда ҳибсга олинган қозоқ ўсмир алпинистлари озод этилдилар

Image caption Қозоғистон фуқаролари тоғли сўқмоқларда адашиб, Ўзбекистон ҳудудига кириб қолган бўлишлари мумкинлиги айтилган.

"Интерфакс-Қозоғистон" агентлигининг хабар беришича, шу ой ўрталаридан бери Ўзбекистонда ушлаб турилган алпинистлар гуруҳи таркибидаги 9 ўсмир озод этилди.

Агентлик Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси консули Бабур Давронбекнинг, алпинист ўсмирларни балоғатга етмаганлар учун махсус қабулхонадан олиб чиққанликлари ҳақидаги сўзларини келтирган.

Қозиғистон элчихонаси вакили Би-би-си билан суҳбатда бу хабарни тасдиқлади.

Ўсмирлар билан бирга бўлган яна 4 киши тақдири ҳозирча номаълум.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қозоғистонлик алпинистларни давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ва қурол олиб киришда айблашмоқда, деб айтганди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Иляс Омаров Би-би-си билан суҳбатда.

Шу ойнинг 10-сида Чимкент шаҳрида истиқомат қиладиган алпинистлар гуруҳи Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасига яқин Сайрам чўққисига чиқишга қарор қилиб, йўлга тушадилар.

Яқинларига кўра, гуруҳда ёши 9 дан 15 гача бўлган 9 ўспирин бўлган ва уларга тўрт киши катталар етакчилик қилган.

Улар 20 июл куни ортга қайтиш режаси билан кетганлар.

Бироқ, алпинистлар белгиланган пайтда қайтмагач, яқинлари талаби билан Қозоғистон жанубида қидирув ишлари ишлари бошланган.

Кейинчалик Қозоғистон фуқароларининг Ўзбекистон хавфсизлик ходимлари томонидан 14-июлда ушлангани маълум бўлган.

Жанубий Қозоғистон бўйича Фавқулодда ҳолатлар департаменти матбуот хизмати бош мутахассиси Армон Асибековнинг Би-би-сига айтишича, Қозоғистон фуқаролари тоғли сўқмоқларда адашиб, Ўзбекистон ҳудудига кириб қолган бўлишлари мумкин.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати котиби Иляс Омаров Би-би-сига қозоғистонликлардан бирида ов милтиғи бўлганини тасдиқлади.

Қурол эгасида, Иляс Омаровнинг айтишича, қонуний олиб юришга изн берувчи ҳужжатлар бўлган.