Amnesty International Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонга нисбатан айбловларнинг мутлақо бекор қилинишига яна бир бор даъват этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ўринбой Усмон тергов назорати остидан озод этилиб, оиласи бағрига қайтган. Amnesty International унга нисбатан айбларнинг мутлақо олиб ташланишини талаб қилмоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташклоти Amnesty International баёнот чиқариб, Би-би-сининг Хўжанддаги мухбири Ўринбой Усмоннинг тергов назорати остидан озод этилишини олқишлаган.

Лекин айни вақтда журналистнинг ўз касбий вазифасини бажаргани учунгина жазо сифатида ва сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдалангани учунгина ҳибсга олиниши юзасидан хавотир билдирди.

Ташкилотнинг таъкидлашича, Ўринбой Усмоннинг "Ҳезбут Таҳрир" ташкилоти вакиллари билан ҳар қандай алоқаси фақатгина хабар тайёрлаш мақсадида амалга оширилган.

13 июн куни Хўжандда ҳибсга олинган Ўринбой Усмонни расмийлар дастлаб "Ҳезбут Таҳрир"га аъзоликда айблагандилар. Кейинчалик бу айблов олиб ташланиб, ташкилотга хайрихоҳлик қилиш айби билан алмаштирилди.

Ҳозирда Ўринбой Усмон озодликка чиқарилган эсада, тергов жараёни мобайнида мамлалкатдан чиқиш ман этилган.

Amnesty International Ўринбой Усмонга нисбатан ҳамма айбларнинг олиб ташланиб, бир ой ҳибсда ушлаб турилган вақти йўл қўйилган ноқонунуий муносабат ҳақидаги шубҳа-гумонлар юзасидан муфассал, холис ва мустақил текширув ўтказишга даъват қилмоқда.

12 июл куни Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода Би-би-сининг ҳибсга олинган мухбири Ўринбой Усмонов устидан қўзғатилган иш ниҳоясига етгани ва тергов натижалари юзасидан мамлакат президентига ҳисобот берилганлигини билдирганди.

Жаноб Салимзода "Ўринбой Усмоновга нисбатан қўзғатилган жиноий иш юзасидан" мамлакат президентига тўлиқ ҳисобот берилганлигини айтганди.

Ўринбой Усмоннинг ўзи ва Би-би-си раҳбарияти унинг мутлақа айбсиз эканлиги ва амаллари журналистик касбий фаолияти, шунингдек, Тожикистон қонунлари чегарасида қилинганлигини қайта-қайта таъкидлаб келмоқдалар.