Туркманистонда банк ходимлари узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи ashgabat

Туркманистон давлат телевидениеси хабар қилишича, Ашхободдаги маҳкама 10 банк ходими узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилгани ҳақида хабар берган. Телевидение даста-даста пулларни, олтин буюмларни ва қиммат машиналарни кўрсатган, айбланганларга коррупция айбловлари қўйилган. Туркман фаолларига кўра, Туркманистон ҳукумати банкирларни 1 миллиард долларлик молиявий можарода балогардон қилишни истаган, Турк ширкатлари қилган қурилишлари эвазига 1 миллиард долларларини ололмагач, халқаро идораларга мурожаат этишга қарор қилганлар. Туркман марказий банки ходимлари маҳкамаси тафсилотларини биз "Хроника Туркманистана" нашри бош муҳаррири Фарид Тухбатуллиндан сўрадик.

Фарид Тухбатуллин: Биз олган хабарларга кўра, икки ҳафтача олдин Туркманистон Марказий банкининг 17 ходими ҳибсга олинган. Куни кеча эса Туркман давлат телевидениеси Туркманистон пойтахтида маҳкама бўлиб ўтгани, бу маҳкамада 10 киши турли йилларга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар берди. Маҳкамага тортилганларнинг икки нафарига 15 йиллик қамоқ жазоси тайинланган, бу Туркманистондаги энг оғир жазо ҳисобланади. Қолганларга бундан кам йиллик жазолар билан ҳукм чиқарилган. Уларни коррупцияда айблашди. Улар пора талаб қилиб лойиҳаларнинг амалга оширилишини орқага сурганлар, деб хабар қилинди. Бу лойиҳаларни Туркманистондаги қурилиш ишларига жалб этилган хорижий ширкатлар лойиҳалари экани айтилди.

Би-би-си: Пайдо бўлган хабарларга кўра, Туркманистонда фаолият юритган Туркия ширкатлари халқаро маҳкамага мурожаат этишга қарор қилганлар ва Туркманистон давлат телевидениеси намойиш этган суд ана шу иш билан боғлиқ. Бу хабарлар қанчалар асосли?

Фарид Тухбатуллин: Ҳа, мен шундай деб ўйлайман. Чунки Туркманистонда турли даражадаги амалдорлар коррупцияда айбланган маҳкамалар тез-тез бўлиб туради. Аммо бундай маҳкамалар кўпчиликка ошкор этилмайди. Бу маҳкамани эса телевидение орқали намойиш этишди, Туркманистон рўзномаларида мақолалар эълон қилинди. Бундан эса Туркия ширкатларига бир мужда бериш мақсади кўзланган бўлиши мумкин: яъни сизларнинг шикоятларингиз инобатга олинаяпти, шикоятларингга нисбатан чоралар кўрилаяпти. Сизлар ўзларингга тегишли пулларни ололмаганингиз сабаби Туркман ҳукуматига эмас, айрим мансабдорларга, хусусан, банк соҳаси холимларига боғлиқ, дейишмоқчи.

Би-би-си: Бу молиявий можаро ўзи нимадан келиб чиққан?

Фарид Тухбатуллин: Туркия ширкатлари Туркманистонда анчагина иншоотларни қуришган. Хусусан, 25 ширкат Туркманистон ҳукумати уларга ваъда берган 1 миллиард доллари атррофидаги маблағни ололмаганлар. Бажарган ишлари учун ҳақни ололмагандан кейин улар Туркманистон ҳукуматига, ундан кейин эса Туркия ҳукуматидан ёрдам сўрашди. Шу йил май ойида Туркия Президенти Аблулла Гул Ашхободга борди, афтадан у Туркманистон президенти билан ана шу масалани ҳал этиш йўлларини муҳокама қилган. Ҳойнаҳой, буни ҳал этишнинг имкони бўлмаяпти, чунки давлат бюджетида бунча катта миқдордаги маблағ йўқ.

Би-би-си: Туркия ширкатлари қандай иншоотларнинг қурилишида иштирок этганлар, бу нефт-газ саноати билан боғлиқми?

Фарид Тухбатуллин: Менимча, бинолар нефт-газ саноати иншоотларига боғлиқ эмас. Улар асосан пойтахт Ашхободда барпо этилган, Каспий денгизи соҳилида барпо этилган дам олиш ҳудуди - "Овоза"даги иншоотлар. Турк ширкатларининг айтишича, жами 1 миллиард доллари атрофида деб баҳоланаётган қарзлар сўнгги 2 йил мобайнида йиғилган.