Қозоғистон Туркия билан стратегик ҳамкорлик битимини ратификация қилди

Image caption Икки давлат ўртасидаги алоқалар барқарор ривожланиб келади

Президент Назарбоев 2009 йилда Анқарада имзоланган битимнинг кучга киргани ҳақидаги қонунга имзо чеккан.

Қозоқ парламенти халқаро масалалар бўйича қўмитасининг матбуотда эълон қилинган хулосаларига кўра, битим икки давлат ўртасидаги алоқаларни янги босқичга кўтаришдан ташқари, Қозоғистоннинг жануби-шарқий Оврўпо ҳамда Яқин Шарқдаги манфаатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ҳужжатда сиёсий ва иқтисодий алоқалар билан бирга, мудофаа ҳамда ядро қуролини тарқатмаслик соҳасидаги ҳамкорликка урғу берилган.

Битимнинг ратификация қилиниши Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ержан Казихановнинг Туркияга сафарига тўғри келган.

Сафар чоғида у туркиялик ҳамкасби Аҳмад Довудўғли ҳамда Президент Абдуллоҳ Гул билан учрашади.

Қозоғистон вазири Анқарага ташрифи давомида Туркия пойтахтида Президент Назарбоевга ўрнатилган ҳайкални ҳам бориб кўриши билдирилган.

Марказий Осиёнинг туркий давлатлари билан тарихий-маданий ришталарга эга бўлган Туркия Қозоғистонни минтақадаги ишончли ҳамкор сифатида кўради.

Икки давлат ўртасидаги алоқалар барқарор ривожланиб келади.

Туркия 1992 йилдан буён Қозоғистон иқтисодига 1 миллиард доллардан кўп сармоя киритган.

Шу йил апрелида Остонадаги анжуманда Президент Назарбоев туркий халқларни маданий ришталарни янада мустаҳкамлашга чақирганди.

Ўтган йили Президент Гул Қозоғистонга ташрифи чоғида жаноб Назарбоевни "турк дунёсининг оқсоқоли"деб атаганди.

Президент Назарбоев Туркияда ҳаётлик чоғида ҳайкали қўйилган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлган.