"Ўзбек гази нархининг ошишига Тожикистон билан рақобат сабаб" - таҳлилчи

Image caption Абдуғани Мамадазимовга кўра, Тожикистоннинг минтақадаги энергия сотувчиси сифатида мавқеи кучайиб бораётганидан Тошкент ҳавотирда

Тожикистон расмийларининг маълум қилишларича, Ўзбекистон йилнинг учинчи кварталдида Тожикистонга сотилувчи табиий газ нархини оширади.

Эндиликда Тожикистон учун ҳар минг кубометр газ 35 долларга қимматроққа тушади. Тожикистон газ соҳасида деярли мутлақо ташқи импортга қарамдир.

"Тожиктрансгаз" ширкатининг хабар агентликларига билдиришича, ўзбек гази нархи ошиши жаҳон бозоридаги нархларга боғлиқ содир бўлмоқда.

Бироқ, тожикистонлик сиёсий таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов ўзгача фикрда.

Унга кўра, ўзбек нархларининг ошиши Тожикистоннинг энергия сотувчи сифатидаги мавқеи кучаётгани, ҳамда тожик-ўзбек рақобати билан бевосита боғлиқ.

Мамадазимов: Ўзбекистон ва Тожикистон орасида узоқ вақтдан бери электроэнергияга боғлиқ бир яширин ёки эълон қилинмаган мунозаралар давом этмоқда. Бу мунозаралар газ, нефть ёки электр энергияси борасида ўтмоқда, ва икки томон ҳеч келишувга эриша олмаяптилар. Бир пойтахт бир ташаббус билан чиқса, иккинчиси унга қарши ташаббус билан чиқиб келади. Бу охирги беш йил давомида кузатилиб келаяпти.

Би-би-си: Сиз Ўзбекистон ўзининг Тожикистонга сотадиган гази нархини ошираётганини Тожикистоннинг ўзини энергия сотувчиси сифатидаги мавқеини ривожлантираётгани билан боғлайсизми?

Мамадазимов: Ўзингиз тасаввур қилинг, шарқ бозорида кимдир ўзини муайян бир маҳсулот сотувчиси деб ҳисобласа ва бошқа ёш, шиддатли сотувчи чиқиб келса, тажрибали сотувчига бу ёқмайди. Тожикистон охирги икки йилни янги бозорларни қидириш билан ўтказди. Жанубий Осиё Тожикистон учун йирик ва истиқболли бозор ҳисобланади. Бунда биз учун яхши ва ёмон жиҳатлар бор: яхши жиҳати шуки бизда арзон электр энергияси мавжуд, ёмон жиҳати эса у мавсумий характерга эга. Кобул эса ҳам биз билан, ҳам Тошкент билан ҳамкорлик қилишга мажбур.

Би-би-си: Сиз ўзбек гази нархининг ошишини тожик-ўзбек рақобати билан боғлаяпсиз. Лекин, бугун "Тожиктрансгаз" ширкатидан билдиришларича, ўзбек нархининг ошиши жаҳон бозоридаги нархлар ошишига бевосита боғлиқ. Яъни, бу ширкат айнан Тожикистонга ғараз билан ёндошилаётганини айтмади.

Мамадазимов: Дипломатик ва халқаро алоқаларда ҳамма нарсани очиқ гапириб бўлмайди. Бирон томон қадам қўйганида унинг остида ётган омилларга қараш керак. Менинг таҳлилимга биноан, Тожикистон Ўзбекистон ва Туркманистондан анча кечикиб ташқи бозорга чиқмоқда, лекин яхши мавқеи бор, яъни арзон маҳсулоти билан чиқаётир. Табиийки, бу Ўзбекистоннинг жиғига тегади ва у нархларини оширади. Мен биламан, жаҳон бозорида ҳам нархлар ошиши тенденцияси мавжуд, лекин бирданига 35 долларга оширилиши бу кескин қадам. Тошкент бу Лондон биржаси эмас нархларни белгилаб берадиган. Бу Тожикистоннинг ташаббусларига жавобан қилинаётган парда ортидаги қадам.

Би-би-си: Ўзбек гази нархи ошишидан ким жабр чекади? Тожикистонда асосий истеъмолчилар саноат корхоналари экани айтилади, масалан "Тожикцемент" ва "ТАЛКО"...

Мамадазимов: Тожикистон борган сари турли қийинчиликларга чидамли бўлиб бормоқда, яъни иммунитет ишлаб чиқармоқда. Бу каби форс-мажор вазиятларга Тожикистон тайёр. Лекин, ҳар бир ёмон нарсанинг яхши тарафи ҳам бўлади. Ўзбек гази нархининг ошиши Тожикистонни ўз ҳудудида газни кенгроқ ва чуқурроқ қидиришига мажбур қилади. 2008 йил августида Россия Президенти Дмитрий Медведев ўзининг Душанбега давлат сафари чоғида Тожикистон икки-икки ярим йилдан кейин ўз газига эга бўлишини айтганди. Менимча, унинг келгуси сафари олдидан қандайдир газ скважинаси Тожикистонда очилади.