Қозоғистонда ваҳҳобийлик оқими: миш-мишми ёки ҳақиқат?

Ақтўба
Image caption Ақтўба вилояти жанубда Ўзбекистон билан шимолда Россия билан чегарадош

Ақтўба вилоят ҳокими вилоятда 100 одамнинг ваҳҳобийлар томонидан қурбонлик қилиниши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни ассоссиз деб айтган.

Журналистлар билан учрашувда одамларни тинчланишга чақирган ҳоким ушбу ахборотни чоп этган нашр аниқ манба кўрсатилиши лозимлигини таъкидлаган.

"Вазиятни барқарорлаштириш учун барча имкониятлардан фойдаланамиз, бироқ ваҳима қилиш керак эмас. Ақтўбалик ваҳҳобийларнинг 100 одамни қурбон қилиши ҳақидаги хабарлар асосланмаган ва бу нарсани чоп этган киши манбаасини кўрсатиши керак эди,"- деб айтган вилоят ҳокими Архимед Мухамбетов.

Ҳоким бундан буён масжид хизматчилари диққат билан танланишини ҳам қўшимча қилган.

Шу маънодаги хабарни тарқатган маҳаллий сайт айни дамларда очилмаяпти.

Интернет портал орқали Рамазон ойи охирига келиб "ваҳҳобий" оқимига мансуб кишилар 100 одамни ўлдириши мумкин деган хабар ақтўбаликлар орасида ваҳималар пайдо бўлишига олиб келган ва вазият назорат остида эканлигини билдириш учун ҳокимнинг ўзи изоҳ беришга тўғри келган.

Бунгача маҳаллий матбуотда айнан Ақтўба вилояти билан боғлиқ экстремистик руҳдаги портлашлар ва Россияда ақтўбалик жангариларнинг ушланиши ёда йўқ қилиниши ёзилганди.

Ўтган июл ойининг бошларида нефт ўғирлаш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳни қўлга олишдаги отишмалар ҳам айнан ушбу вилоят қишлоқларида юз берганди.

Матбуотда ушбу гуруҳга юмшоқроқ қилиб "динни ниқоб қилиб олганлар" ёки кескин оҳангда "соқоллилар" ваё "ваҳобийлар" каби кескин тамғалар урилганди.

Кузатувчиларга кўра, 100 одамни қурбон қилиш ғояси Исломдан йироқ ва бу динни тушунмайдиганлар томонидан айтилган бўлиши мумкин.

"Менимча, мақсад умуман бошқа нарса бўлган. Ушбу гапни тарқатганлар Исломдан йироқ одамлар бўлиши мумкин. Менда ушбу миш-миш ортида Исломдан йироқ одамлар томонидан қилинган қандайдир сиёсий юриш турибди, деган шубҳа бор," - дейди Қозоғистон Мусулмонлар Иттифоқи раҳбари Мурат Телибеков.

Телибеков жанобларига кўра, вилоятда содир этилган қуролли ҳаракатларнинг ортида қандайдир Исломий гуруҳ ёда оқим туриши ҳақиқатдан йироқ.

Диний омиллар бўлиши мумкин, аммо вазиятга ушбу омилларнинг таъсири мутлақлигига шубҳа бор.

Кузатувчилар Ақтўбадаги ҳодисаларни вилоятдаги мавжуд ижтимоий иқтисодий муаммолар билан боғлашади.

Нефтга бой ушбу минтақадаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар маҳаллий одамларнинг норозилигига ва бу ўз навбатида турли гуруҳларнинг тузилишига сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги айтилади.