Шинжон Уйғуристонида зилзила юз берди, ўнлаб яраланганлар бор

Image caption Кучли ер силкиниши маҳаллий вақт билан кеча шом вақти кузатилган

Хитой давлат ахборот агентлиги бераётган хабарларга кўра, мамлакатнинг ғарбий Шинжон-Уйғур автоном минтақасида юз берган кучли ер силкинишида 26 киши тан жароҳати олган. Ўнлаб уйлар вайрон бўлган.

"Синхуа" ахборот агентлиги жароҳатланганлардан уч нафарининг аҳволи ниҳоятда оғир эканини айтмоқда.

Хитой давлат телевидениеси орқали зилзила оқибатида вайрон этилган уйлар ва тунни очиқ ҳавода ўтказган жабрдийдалар олиб кўрсатилган.

Масъулларга кўра, 5.8 баллик ер силкиниши кеча пайшанба куни кечқурун соат 6 лардан ўтиб юз берган.

Улар, ўз ўрнида, қурбонларга оид маълумотлар йўқлигини айтишмоқда.

Зилзила маркази Атукс шаҳри, Қирғизистоннинг Қизилсу мухтор бўлгаси ва Қошғар шаҳрининг Цзяши уезди орасидаги чегарадош ҳудудга тўғри келган ҳамда ер сатҳидан 8 чақирим чуқурликда кузатилган.

АҚШ Геологик Хизмати эса, Хитой ғарбида юз берган зилзила кучини 5.2 балл, деб баҳоламоқда.

Хитойда бундан аввал қақшатқич ер силкиниши 2008 йилда юз берганди.

Ғарбий Сичуан вилоятида кузатилган қарийб 8 баллик зилзила 90.000 га яқин кишининг ўлими ёки бедарак кетишлари билан якунланганди.

Шу йил июл ойи охирларида Фарғона водийсида юз берган қақшатқич ер силкиниши эса, 13 кишининг умрига зомин бўлганди. Ўнлаб уй-жойлар вайрон бўлганди.

Зилзиланинг эпицентри Қирғизистоннинг Боткен туманида бўлиб, Ўзбекистон чегарасига яқин ҳудудда, 10 чақирим чуқурликда бўлгани айтилганди.

Май ойида эса, Қозоғистоннинг жанубий Олма ота шаҳрида бир кеча кундузда 10 маротаба ер қимирлаши кузатилганди.

Сўнгги ер силкиниши ортидан Тошкент Зилзилашунослик институти мутахассиси Улфат Нурматов жанубий Фарғона водийси зилзилалар тез-тез юз берувчи минтақа эканини айтганди.

"Бу тектоник зилзила. У ҳудуд сейсмикларидан саналади, у ерда анчадан бери кучли зилзилалар бўлган. У жой Жанубий Фарғона сейсмик зонаси деб аталади. У ердаги зилзилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшаш, шунинг учун, кутилмаган нарса бўлгани йўқ", деганди у.

Жаноб Нурматовнинг айтишича, ер силкинишининг цикл муддатига қаралса, айнан бу ҳудудда ер силкиниши хавфи яқинлашиб қолган.

Ўзбекистонлик мутахассис бу каби зилзила ортидан яна бошқалари юз бериши мумкинлигини ҳам тахмин қилганди.