Қозоғистон ҳудудида ўта қадимий улкан 'қуш' қолдиқлари топилган

Image caption Қадимий қушнинг Қозоғистондан топилган жағ суяги олимларга уларнинг динозаврлар билан бирга яшашганига оид хулосаларини исботловчи яна бир далил бўлган

Қозоғистон ҳудудидан топилган йирик жағ суяги қадимий ва танаси ниҳоятда улкан қушларнинг динозаврлар билан бир пайтда яшаганликларини яна бир бор исботлаган.

Аммо қушларнинг осмонда парвоз қилганларми ёки ерда юришгани борасида аниқ бир тўхтамга келинганича йўқ.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Осиё қитъасида ҳозирга қадар бу каби топилдиқ топилмаган.

Олимларнинг янги топилдиқлари ҳақидаги маълумот Biology Letters журналида чоп этилган.

Мақолада ёзилишича, Samrukia nessovi бош суягининг узунлиги 30 сантиметрдан иборат бўлган.

Олимларнинг тахминларига кўра, агар бу қадимий қуш осмонда учмаган бўлса, танасининг ҳажми 2-3 метрни ташкил этган.

Агар парвоз қилган бўлса, у ҳолда қанотлари 4 метрга етган.

Қадимий қушнинг олимлар томонидан топилган жағ суяги бўр даврига тегишлидир.

Бу каби қушларнинг бўр даврида яшаганликларига оид ягона далил эса, Францияда топилган.

Бу ҳақдаги хабар 1995 йилда Nature журналида эълон қилинган.

Бўр даврида яшаган аксарият қушларнинг катталиги эса, ҳозирги қарғанинг ҳажмидан деярли фарқ қилмаган.

Аммо Портсмутс университети профессори Дарен Наишнинг урғулашича, Қозоғистондан топилган қолдиқлар танаси бу қадар йирик бўлган қушларнинг бўр даврида яшашганини исботлаган.

Динозаврлар ёлғиз бўлишмаган

Профессор Наиш жанобларига кўра, фақат жағ суяги топилгани боис қадимий қушнинг катталиги аниқ қанча эканини айтишга имконсизлар.

"Агар бу каби қушлар учолмаган ва туяқушга ўхшаган бўлишса, танасининг узунлиги 2-3 метр, оғирлиги эса, 50 килоча бўлган. Агар осмонда парвоз қилган бўлишса, катталиги ҳозирги кондор(Жанубий Америкада яшовчи йирик ўлимтикхўр йиртқич қуш) каби бўлган", дейди профессор Наиш.

Бироқ, энг аҳамиятлиси шундаки, янги топилдиқ сабаб олимлар ўша даврларда динозаврлар билан ёнма-ён бу каби улкан қушлар ҳам яшашганини билиб олишган.

"Бу эса, уларнинг қандай қилиб ҳамоҳанг ҳаёт кечирганликларига оид кўплаб саволларни ўртага чиқарди. Аммо ҳозирча биз уларга жавоб беришга ожизмиз", дейди жаноб Наиш.

Профессорга кўра, агар одамлар птерозаврлар яшаган пайтда улкан қушларнинг қораси ҳам бўлмаган деб юрган бўлишса, Қозоғистондаги топилдиқ уларнинг янглиш фикрда бўлганликларини кўрсатган.