Туркманистонда Ободон портлашларига алоқадор деб кўрилган инсонлар озодликдан маҳрум этилган

Муҳожиротдаги Туркман мухолифати фаоллари хабар қилишларича, бундан бир ой илгари пойтахт Ашхободга яқин Ободон шаҳарчасида рўй берган портлашларга айбдор, деб кўрилиб 40 қа яқин инсон озодликдан маҳрум этилган.

Булар Ободондаги қурол-яроғ омбори жойлашган ҳарбий қисм бошлиғи, унинг ўринбосарлари ва бошқа ҳарбийлардир.

Маҳкамага тортилганлар 10 йилдан 25 йилгача бўлган қамоқ жазоларига ҳукм этилганлари ҳақида хабарлар олинмоқда.

Маҳкама 4 августда бошланган, бу ҳақда Туркман мухолифати ҳамда инсон ҳуқуқлари фаолларини бирлаштирган "Туркман Ташаббус гуруҳи" хабар тарқатган.

Гуруҳ фаоллари Ободондаги портлашларга алоқадорлик айбловлари билан маҳкама қаерда, қандай маҳкамада бўлиб ўтгани, айбдорларга қанақа бандлар қўйилгани номаълум эканини айтишади.

Туркманистон Марказий Осиёнинг ёпиқ жамиятларидан бири ҳисобланади, жамият ҳаётига тааллуқли кўплаб янгиликлар ташқарига чиқарилмаслиги лозим, деб кўрилади.

Шу бугунгача Туркманистон расмийлари Ободондаги портлашлар юзасидан маҳкама бўлиб ўтгани ҳақида хабар тарқатганлари йўқ.

"Хроника Туркменистана" Интернет саҳифаси ўзининг мамлакат ичкарисидаги ишончли манбаларига таянган ҳолда маҳкама тафсилотларини хабар берган.

Туркманистондаги манбаларга кўра, маҳкамага тортилганлар асосан Ободон шаҳридаги қурол-яроғ омбори жойлашган ҳарбий қисм бошлиғи, унинг ўринбосарлари ва бошқа ҳарбийлардир.

Туркманистондаги манбалар 4 августда бошланган маҳкама аллақачон ниҳоясига етказилганини, айбланувчилардан етти нафарига 25 йил, 20 йиллик қамоқ жазолари тайинланганини айтади.

Қолган 30 тача ҳарбийга 10 йил ёки ундан кўп йиллик қамоқ жазолари белгиланган.

Ободондаги портлашлар ҳақидаги хабарлар Россия оммавий ахборот воситаларида кенг тарқатилди, Интернетда портлашлар ва улардан кейинги вазият ҳақида ҳикоя қилувчи видео ҳамда фототасвирлар эълон қилинди.

Бундан норози бўлган Туркман расмийлари портлашлардан кейин Ободон шаҳри атрофини ўраб олдилар, портлашлар оқибатлари тезда бартараф этилиб, аҳолига зарур ёрдамлар етказилгани ҳақида гапирилди.

Туркман расмийларига кўра, портлашларга жуда ҳам иссиқ ҳаво сабаб бўлган, пиротехника омборидаги мушаклар портлаб, қурол-яроғ омборига ҳам ўтган, шундан кейин рўй берган портлашларда 2 ҳарбий ва 13 тинч фуқаро ҳалок бўлган.

Бироқ Туркман фаоллари Ободонда камида 200 инсон портлашлар қурбони бўлгани ҳақида маълумотга эга бўлганларини айтишган.

Бугунги кунгача ҳам ҳар томонга сочилиб кетган снарядлар ёки снарядлар қолдиқлари йиғиб олинмагани ҳақида айтилмоқда.

Август ойида ҳам ўша портламай қолган снарядлар портлаши оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган.