Экономист журналидаги мақола Қирғизистондаги ўзбеклар камситилишини ёритган

Image caption Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар тугаши билан маҳаллий ўзбекларнинг аҳволи янада ночорлашди

Лондонда нашр этиладиган Экономист ҳафталиги эълон қилган мақола "Омонат деворлар, ёмон қўшнилар" деб сарлавҳаланган.

У 2010 йил июнидаги Қирғизистон жанубидаги миллатлараро низолардан кейинги вазиятга бағишланган.

Унда зўравонликларда энг кўп зарар кўрган маҳаллий ўзбеклар юз тутаётган камситиш ва таҳқирлашлар ёритилади.

"Яшил Ауди машинаси ўзбек миллатига мансуб ҳайдовчининг шундоқ олдини тўсиб тўхтайди. Машинадан қирғиз миллатига мансуб шахс муштини тугиб шаҳд билан тушади ва машинасини орқага ҳайдайман деб апил-тапил уринаётган ўзбек ҳайдовчисининг бошига мушт туширади. Муштга арзигулик нима қилди бу одам... "Мен ўзбекман.." деб хўрсинади ҳайдовчи..."

Экономист журналида эълон қилинган мақола ана шундай анчайин драматик бир воқеа билан бошланади. Инсон ҳақлари фаолларига кўра, бу каби катта кичик воқеалар бугун Қирғизистон жануби учун деярли одат тусига кирган.

Ўтган йил ёзида, Экономистнинг ёзишича, қирғиз-ўзбек этник можароси асосан ўзбеклардан иборат 400дан ортиқ қирғизистонликнинг ёстиғини қуритди. Черёмушки маҳалласи - энг кўп талофат кўрган маҳаллалардан бири.

"Маҳаллий ҳокимият энди вайрона қолдиқларини булдозер билан текислаб ташламоқчи...Уларга кўра, ер уй ҳовли маҳаллаларни йўқ қилиш қон тўкилишларнинг олдини олади, чунки ҳукумат қуришни истаётган кўп қаватли биноларда қирғизу ўзбек аралаш яшашга мажбур бўлади ва вазият ўнгланади..."

Ўзбеклар буни исташмайди. "Мен маҳалламдан ташқарига чиқишга қўрқаман," дейди бир ўсмир. "Агар арз қилиб борсак, мулозимлар бизга тирик қолганингга шукр қил дейишади," дейди унинг онаси.

Экономистга кўра, Ўшнинг миллатчи ҳокими ўз уйларини қайта тиклайман деган юзлаб ўзбек оилаларига рухсат бермаяпти.

Шаҳар чеккаларида қайта қуриш амаллари бошланиб кетган. Аммо Черёмушкида вайрон бўлган 283 хонадон соҳиблари ҳамон муваққат бошпаналарда яшашмоқда.

Қиш қаҳратонида уларнинг ва яна минглаб уйсиз қолган қирғизистонликларнинг тақдири нима кечади аниқ эмас, гарчанд, Осиё Тараққиёт Банки қайта қуриш учун 100 миллион доллар ажратган...

"Ўш ҳокими эса шўролардан қолган режалаштиришни қайта тикламоқчи экан. Бу режага тўғри келмайдиган ҳар қандай қурилиш ноқонуний бўлади," деб ёзади Экономист журнали.

"Айни режалаштириш ғояси эса икки миллатни муросага келтириш эмас, балки қирғизларнинг миллий руҳини яна ҳам кўтаришга қаратилгандай," дейилади мақолада.

"Ўшда қирғиз миллатининг шарафига турфа монументлар қад кўтармоқда, гарчанд шаҳарнинг ярим аҳолиси ўзбеклар...Ўзбек тилидаги ёзувлару ёдгорликлар вайрон қилинмоқда, ўзбекларнинг бизнеси тортиб олинмоқда. Ўтган йилдан бери қад кўтарган илк кўп қаватли бинодаги хонадонларнинг 85 фоизи қирғизларга берилгани айтилмоқда."..

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, минтақада ҳибсга олинганларга қарши қийноқлар қўлланилиши мунтазам тус олган.

Human Rights Watch инсон ҳақлари гуруҳининг тадқиқотларига таяниб ёзар экан, Экономист журнали, ўтган йилги қонли воқеаларга алоқадорлик гумонлари билан маҳкамага тортилаётганларнинг 85 фоизи ўзбеклар эканини урғулайди.

"Бутун мамлакат бўйлаб қирғиз миллатчилиги ёйилмоқда," дея хулоса қилади Экономист.