Ақтўба имоми: сўнгги портлашлар Исломга чеклов ёки ҳукумат тазйиқи натижаси эмас

Ақтўба вилоятида портлаш натижасида бир одам ҳалок бўлган. Вилоят ички ишлар департаменти портлашга газ балони сабаб бўлган бўлишини айтмоқда. Аммо маҳаллий Интернет сайтларининг номини ошкор қилмаган ҳуқуқ-тартибот органи ходимларига таяниб хабар беришича, бундан бир ой муқаддам топиб олинган снаряд ишчининг қўлида портлаб кетган.

Сўнгги вақтларда вилоятда мақсадли равишда ўзини портлатишлар ва ҳуқуқ-тартибот органларига ҳужумлар кўпайгани кузатилмоқда. Маҳаллий ва марказий матбуотда ушбу қўпорувчилик ҳолатлари тўғридан-тўғри диний экстремизм билан боғланиб кўрсатилган. Биз Ақтўба вилоят бош имоми Абдумуталлиб Давронбековдан вилоятда Ислом динига қизиқиш қанчалик кенг ёйилгани ҳақида сўрадик.

Абдумуталлиб Давронбеков: Ота-боболаримиз Исломни 12 асрдан буён дин қилиб ушлагани сабаб, анъана ва тарихимиз шу дин билан бирлашиб кетган. Фақатгина атеистик Шўролар даврида диндан озгина чекланиш бўлди. Энди бўлса ота-бобоси мусулмон бўлганларнинг ҳаммаси ёппасига Исломга ихлос қилмоқда. Уларнинг аксари ёшлар. Мисол учун, ёши катталар ота-бобомиз мусулмон бўлган деб Исломнинг яхши томонларини севиб ҳаракат қилаётган бўлса, ёшлар Исломнинг қоидаларини ўрганишга интилмоқда. Улар Исломнинг фарзи ва вожибларини вақтида ва соф турида ўринлашга интилаяптилар.

Би-би-си: Ақтўба вилоятида содир бўлган сўнгги воқеаларни матбуотда радикал қарашдаги мусулмонлар билан боғлаш ҳоллари бўлди. Ушбу айбловларда қанчалик жон бор?

Абдумуталлиб Давронбеков: Ёш болаларнинг орасида бир-иккитаси бўлиши мумкин. Чунки ҳозирги вақтда ахборот қуроли катта таъсир ўтказаяпти. Интернет орқали, SMSлар билан ва турли ахборот қуроли орқали маълумотни ташқаридан олишмоқда. Саудия Арабистони, Покистон, Сурия ёки Миср каби чет элларда ўқиб келган болалар бўлиши мумкин, аммо ёппасига эмас. Сўнгги вақтларда бўлган воқеаларнинг ҳаммасининг Исломга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Балки намоз ўқигандир, масжидга келгандир, лекин ҳаммаси эмас. Бу ердаги портлаш ва бошқа воқеаларнинг Исломга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу нарсалар Исломга чекловлар ва ҳукумат томонидан тақиқлар натижасида бўлгани йўқ.

Би-би-си: Радикал қарашдаги айрим ёшларнинг борлигини айтаяпсиз, уларнинг пайдо бўлишига яна қандай омиллар сабаб бўлаяпти?

Абдумуталлиб Давронбеков: Мустақиллик туфайли мамлакатимиз қонунида ҳар кимнинг ҳар қандай динда бўлишига рухсат бор. Яъни инсон маълум бир даражагача ўзининг фикрида бўлишга рухсат бор. Масалан, ким қандай намоз ўқийман деса ёки қандай одамларнинг фикрини қабул қиламан, деса эркинлик бор. Шунинг асосида баъзи ёшларда терс ва нотўғри фикрлар пайдо бўлаяпти.

Би-би-си: Расман айтилмаган бўлса-да, маҳаллий матбуотда қўпорувчиликларни содир этганларнинг динини ажратиб кўрсатиш ва уларнинг қандайдир оқимга мансуб эканлигини урғулаш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бунинг оқибатлари қандай бўлиши мумкин?

Абдумуталлиб Давронбеков: Исломнинг ҳеч қандай портлаш ёки террористик ҳужумларга алоқаси йўқ. Бунақа нарсалар мана шу тарзда айтилаверса, жамият диний тарафдан бўлиниб кетиши мумкин. Бир намозхон ёки соқол қўйиб олган портлатса, уни исломий деб ажратиб кўрсатишади. Исломнинг бу нарсаларга алоқаси йўқ.

Би-би-си: Ёшлар орасидаги радикал қарашларни йўқотиш учун Диний идора томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Абдумуталлиб Давронбеков: Ёшларга ҳаққоний Исломни ўргатиш учун ҳамма жойларда ваъз-насиҳатлар юритилаяпти. Ёшлар билан учрашувлар, семинарлар ташкил қилинаяпти. Газета ва китоблар орқали етказилаяпти. Телевидениеда ваъз-насиҳатлар йўлга қўйилган. Биз ёшларга тўғри Исломни ўргатадиган бўлсак, юқоридаги айтилган нарсаларга ёшларимиз бормайдиган бўлади.