Жаҳон банки Роғун ГЭСи биринчи босқичи қурилишини бошламаслик маслаҳатини берган

Жаҳон банки Роғун ГЭСи лойиҳаси юзасидан халқаро текширув ниҳоясига етгунга қадар Тожикистонга қурилишининг биринчи босқичини бошлашдан тийилиб туришни таклиф қилган.

Банкнинг Тожикистонга сафар қилган мутахассислари Роғун ГЭСи қурилишининг техник жиҳатлари ва атроф-муҳитга таъсири бўйича банк текширувлари яна камида саккиз ой давом этишини эълон қилганлар.

Ўтган йили Тожикистон Марказий Осиё қуйи давлатлари, жумладан Ўзбекистон босимлари ортидан Жаҳон банкига Роғун ГЭСи лойиҳаси юзасидан халқаро текширув ўтказишга изн берганди.

Ўзбекистонга кўра, агар юқори оқимдаги Тожикистон баландлиги 335 метр бўлган улкан Роғун тўғонини қурса, Ўзбекистоннинг Амударё бўйидаги минтақалари сувсиз қолиши мумкин.

Ушбу даъволарни рад қилган расмий Душанбе эса Роғун ГЭСи ишга тушса, Тожикистонеда энергетика муаммоси бартараф бўлишини айтади.

Душанбедаги Би-би-си мухбири Искандар Феруз сўнгги вазиятни тушунтириб беради.

Искандер Феруз: Менинг назаримда, Жаҳон банкининг бундай таклиф билан чиқишига Тожикистон ҳукуматининг Роғун ГЭСида Вахш дарёсини ёпишни ният қилгани сабаб бўлган. Одатда сувни тўғонда тўплаш тадбири декабр ва январ ойларида, яъни Амударёга сув оқими энг кам бўлган пайтда ўтказилади. Тожикистон ҳукумати бу тадбирга тайёргарлик ишларини ҳам бошлаб юборган эди. Аммо Жаҳон банки мутахассислари Роғун ГЭСи лойиҳаси халқаро текширувдан ўтказилаётган бир пайтда бундай тадбирни ўтказиш мақсадга мувофиқ эмаслигини айтадилар.

Савол: Жаҳон банки Тожикистонга Роғун ГЭСи қурилишининг биринчи босқичини бошламасликни нима учун айнан ҳозир таклиф қилмоқда, банк қарорига дарёнинг қуйи оқимдаги давлатлари, хусусан Ўзбекистоннинг эътирозлари сабаб бўлган бўлиши мумкинми?

Искандар Феруз: Жаҳон банки Роғун лойиҳаси халқаро текширувдан ўтказилаётган бир пайтда ҳеч қандай қурилиш бўлиши мумкин эмас, деган принципдан келиб чиқиб иш тутаяпти. Бироқ Тожикистон ҳукумати ўз важларини пеш қилмоқда. Хусусан, расмий Душанбе халқаро текширувлар Роғун ГЭСининг 335 метрлик лойиҳаси бўйича олиб борилаётгани, ГЭСнинг биринчи босқичи эса 120 метр баландликдаги тўғонга таалуқли эканини айтади. Агар Тожикистон Роғун ГЭСи баландлигини 120 метр қилиб қуришга қарор қилганида эди, Ўзбекистон бундай лойиҳага қарши чиқмаган бўларди. Ўзбекистонни 335 метрлик тўғон ташвишлантиради. Бироқ, Жаҳон банки ушбу можарода тарафлар айбловини четлаб ўтиш учун текширувлар ниҳоясига етгунга қадар ҳар қандай қурилишдан тийилиб туришга чиқирмоқда.

Савол: Тожикистон ҳукумати Жаҳон банки таклифига кўниб, Роғун ГЭСи қурилишининг биринчи босқичини бошламай туради, деб ўйлайсизми?

Искандар Феруз: Менинг ўйлашимча, Тожикистон бу таклифларни қабул қилишга мажбур бўлади. Чунки Жаҳон банки бошқа молиявий институтлар қатори тожик иқтисодиётига энг кўп сармоя киритганлардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари Жаҳон банки Тожикистон бюджетини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келади. Тожикистондаги жорий иқтисодий аҳволни назарга олган Душанбе расмийлари Жаҳон банки таклифига рози бўлишади. Бу амалда Роғун ГЭСининг қурилиши, ҳеч бўлмаганда Роғун тўғонининг қурилиши яна бир йилга кечикишини англатади. Юқорида айтганимдек, Тожикистонда Вахш дарёсини беркитиш имконияти шу билан энди кейинги йил қишида бўлади. Бошқа томондан, Тожикистоннинг бундай қарорни олишига Ўзбекистон босимлари ҳам таъсир қилса керак. Чунки, илгарирорқ ўзбекистонлик экологлар Жаҳон банкини Роғун ГЭСи лойиҳасига хайрихоҳликда айблашган эди. Аммо бошқа томондан, менинг назаримда, Жаҳон банки ўз таклифи юзасидан Тожикистон ҳукумати мулозимлари билан олдиндан келишиб олган. Ана ундан кейин ўзбек томонига ўзининг қанчалар мустақил эканини кўрсатиш учун бундай расмий баёнот билан чиққан бўлиши мумкин.

Савол: Нима учун айнан Роғун ГЭСи қуриш лойиҳаси Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни бунчалар совуқлаштириб юборган деб ўйлайсиз?

Искандар Феруз: Роғун ГЭСи лойиҳаси 1970-йилларда айнан Тошкентда ишлаб чиқилган эди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш 1980-йилларда бошланди ва 1992-йилга келиб, тўғон 40 метргача кўтариб қўйилган эди. Аммо сув тошқинлари сабаб, бу тўғонни сув ювиб кетди. Тожикистон узоқ йиллар давомида ушбу ГЭСни қуриб битказиш учун сармоядор қидирди. Чунки бўлғуси Роғун ГЭСи учун зарур бўлган қўшимча иншоотларнинг қирқ фоизи аллақачон қуриб битказилган. Улар жумласига инфратизилма ва туннелларни мисол қилиб келтириш мумкин. Кейинчалик, Роғун ГЭСи қурилишини молиялаш бўйича Россиянинг Русал ширкати билан келишувга эришилди, бироқ томонлар тўғон баландлиги юзасидан келиша олишмади. Русал "тўғон баландлиги 265 метр бўлиши керак", деган бўлса, Тожикистон ҳукумати "335 метр бўлиши зарур", деб туриб олганди ўшанда. Алалоқибат, Тожикистон ҳукумати Роғун ҳиссаларини ўз халқига сотиш билан қурилиш учун зарур бўлган маблағни тўплашга киришди. Аммо молиявий масала ҳалигача узил-кесил ҳал бўлгани йўқ менимча. Ўзбекистон ушбу қурилишга тиш-тирноғи билан қарши чиқаяпти. Расмий Тошкент агар Роғун қурилса, Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган мамлакатлар, жумладан Ўзбекистон, табиати бузилиши, суғориш ерлари сувсиз қолиши мумкинлигидан ташвишда. Бундан ташқари Ўзбекистон Роғун ГЭСи сейсмик жиҳатдан беқарор заминда қурилаяпти, деб норозилик билдирмоқда. Аммо Тожикистон бу даъволарнинг барчасини рад этади ва Роғун ГЭСи қурилишидан минтақадаги барча мамлакатлар манфаат кўришини айтади.