Би-би-си Жаҳон Хизмати Ўринбой Усмоновнинг қийноққа тутилганидан хавотирда

Шу ҳафта Тожикистоннинг шимолий Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган маҳкама жараёни чоғида қийноққа солинганига оид тафсилотлар аён бўлиши ортидан, Би-би-си Жаҳон Хизмати ўз мухбири Ўринбой Усмоновга кўрсатилган муносабатдан хавотирда эканини билдирган.

Корпорация ўз хавотирларини бугун эълон қилган махсус баёнотида изҳор этган.

Маҳкама жараёнида ҳимоячисининг саволларига жавоб бераркан, жаноб Усмонов ўзининг ҳибсда экани чоғида қийноққа тутилганини айтиб берган.

Журналистга кўра, у калтакланган ва хавфсизлик зобитлари томонидан қўлларига сигарет чўғи босилган.

Ўринбой Усмонов шу йилнинг 13 июн куни ҳибсга олинганди.

Би-би-си Жаҳон Хизмати сўнгги баёнотида мухбирининг ўзига четдан ўқтирилган иқрорномага имзо чекишга мажбур қилинганини ҳам айтади.

Би-би-си жаноб Усмоновнинг қийноққа солинганини қоралаб, тожикистонлик масъуллардан ушбу ҳодисани текширишни ҳам сўрайди.

Би-би-си Ўринбой Усмоновнинг гуноҳсиз экани ва унга қарши илгари сурилаётган айбловлар мутлақо асоссиз эканини изчил равишда таъкидлаб келади.

Ташкилотга кўра, турли қарашларни намоён этувчи кишилар билан учрашиш ва суҳбатлашиш ҳар қандай Би-би-си мухбири фаолиятининг бир қисмидир.

Би-би-си Жаҳон Хизмати ҳурматга лойиқ журналист ва ёзувчилигини давом эттира олиши учун Тожикистон расмийларидан Ўринбой Усмоновга қўйилган барча айбловларни олиб ташлашни сўрайди.

Пайшанба куни маҳкама жараёни

Пайшанба куни Тожикистоннинг шимолий Хўжанд шаҳри вақтинчалик тергов изоляторида Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов устидан маҳкама жараёни давом этган.

Журналист Ўринбой Усмонов устидан маҳкама жараёни шу ҳафта душанба куни бошланганди.

Пайшанба кунги маҳкама жараёнида гувоҳларнинг чиқишлари тингланган.

Жумладан, журналист Ўринбой Усмоновнинг офисидаги компьютердаги файлларни текширган ва "Ҳизбут Таҳрир"га оид материал топганлиги айтилган мутахассис ҳам чиқиш қилган.

Маҳкама жараёнида журналист ҳимоячиси, қораловчи ва ҳакам мутахассисдан гувоҳдан ушбу файл ҳақида сўрашган.

Ҳимоячи эса, бу каби файлларни асраш жиноят эмаслиги ва мижози журналист сифатида исломийлари дохил турли манбалардан олинган маълумотларни асрашга ҳақли эканини билдирган.

Файзинисо Воҳидова, яна шунингдек, гувоҳнинг мутахассис бўлмагани ва шу сабабдан ҳам, уни бугунги маҳкама жараёнига чақиришнинг ҳожати бўлмаганини айтган.

Бугунги маҳкама ишини кузатган мухбиримиз Абдужалил Абдурасуловга кўра, Ўринбой Усмоновга ҳам гувоҳга савол бериш имконияти берилган.

Жаноб Усмонов кўринмовчи файл, деб аталувчи нарсаларни умуман билмаслиги, тилга олинаётган материал электрон почтаси орқали келгани ва уни ўчириб юборган бўлганини айтган.

Мухбиримизга кўра, маҳкама жараёнида аксарият саволларни қораловчи эмас, ҳакам берган.

Ҳакам кўпроқ бир "Ҳизбут Таҳрир" аъзосининг Ўринбой Усмоновнинг ишхонасига экстремистик руҳдаги адабиётларни олиб келгани факти ҳақида сўради, дейди у.

Судьянинг айтишича, журналист бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар бериши шарт бўлган.

Аммо Ўринбой Усмоновнинг ҳимоячиси сўз фақат оғир жиноятлар ҳақида кетгандагина, бу нарса лозим эканини билдирган.

Журналистнинг ўзи эса, бу - хавфсизлик ходимлари томонидан қўйилган тўзоқ, деган хавотирда бундай йўл тутмаганини айтиб, жавоб берган.

Мухбиримизга кўра, Ўринбой Усмон бугунги маҳкама жараёнида дадил кўринган, савол-жавоблар вақтида ҳам ўзини йўқотиб қўймаган.

"Аммо Ўринбой аканинг хавотирда экани кўриниб турарди, кейин яна боши оғриётганидан ҳам шикоят қилди", дейди у.

Маҳкама жараёнига Сўғд вилоят маҳкамаси ҳаками Шодихон Назаров бошчилик қилган.

Кейинги маҳкама жараёнининг келаси ҳафта сешанба куни давом этиши билдирилган.

"Ўринбой Усмонов оқлансин!"

Журналистларни Ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси тожикистонлик прокурорларни Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновга қарши тўқима айбларни олиб ташлаб, уни оқлашга даъват этган.

59 ёшли Ўринбой Усмонов Тожикистонда фаолияти тақиқланган "Ҳузбут Таҳрир" исломий фирқасига алоқадорликда айбланади.

Аммо Би-би-си мухбири ўзига қўйилаётган барча айбловларни инкор этиб келади.

У ишлаган корпорация ҳам ўз мухбирининг ушбу гуруҳга алоқадор эканига оид даъволарнинг асоссиз эканини таъкидлайди.

Журналист ҳимоячиси Файзинисо Воҳидованинг халқаро қўмитага билдиришича, айбдор, деб топилган тақдирда, Ўринбой Усмонов 5 йиллик қамоқ жазосига юз тутиши мумкин.

"Ўринбой Усмоновга қўйилаётган айбловлар мантиққа тўғри келмайди. Журналистика мухбирларнинг ҳукуматга мухолиф бўлганлари дохил барча гуруҳлар билан мулоқотда бўлишларини тақозо этади", деб айтган қўмита раҳбари Роберт Маҳоней.

Би-би-си мухбири шу йилнинг июн ойида Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан "Ҳизбут-Таҳрир"га алоқадорлик ва мамлакатдаги конституцион тузумни ағдаришга даъват этиш айблари билан ҳибсга олинганди.

Аммо тергов жараёнида журналистга қўйилган мазкур айблар ўз исботини топмагач, терговчилар уни "Ҳизбут Таҳрир" гуруҳининг фаолияти ҳақида лозим идораларга хабар бермасликда айблашади.

Халқаро миқёсда уюштирилган кўплаб норозилик чиқишлари ортидан, тожикистонлик масъуллар Ўринбой Усмоновни шартли равишда озодликка чиқаришга мажбур бўлишади.

Шундан сўнг журналистга қўйилган айблов ўзгармаган ва душанба куни бошланган илк маҳкама жараёнида Би-би-си мухбири ўзининг айбсиз эканини яна бир бор урғулаган.

Ўринбой Усмонов Би-би-си Марказий Осиё хизматида 10 йилдан бери ишлаб келган.

Унинг айтишича, Марказий Осиё давлатларида фаол бўлган "Ҳизбут-Таҳрир" фирқаси аъзолари билан улар фаолияти ҳақида хабар бериш учунгина учрашган.

Журналист ҳимоячисининг айтишича, мижози билан бирга "Ҳизбут Таҳрир"га алоқадорликда айбланиб, маҳкамага тортилаётган тўрт судланувчидан бири ҳам маҳкама жараёнида Ўринбой Усмонов билан фақат журналист сифатида учрашганини айтган.